Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Обналчи” корхонанинг солиқ мажбурияти ҳалол тадбиркор гарданига юкланяпти” – тадбиркорлар Солиқ қўмитасидан норози
Қонунчиликка кўра, корхона киримида мавжуд бўлмаган товар учун ҳисоб-фактура расмийлаштириш чекланиши керак. Бу вазифа Солиқ қўмитаси зиммасига юкланган. Амалда эса “обналчилар” ўзида йўқ маҳсулот учун ҳисоб-фактура расмийлаштиряпти, натижада улар тўламаган солиқ мажбуриятлари ҳалол тадбиркорлар зиммасига тушяпти.
Адвокат Шокир Боқиев / Савдо-саноат палатаси эфиридан кадр
6 апрел куни солиқ маслаҳатчилари, аудиторлар ва бухгалтерлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 595-сон қарори, хусусан, унинг 6-банд “г” кичик банди атрофидаги муаммолар муҳокама қилинди.
“Турон ҳимояси” адвокатлик фирмаси директори Шокир Боқиевга кўра, мазкур қарор тадбиркорлар учун энг оғриқли масалалардан бирига айланган.
“595-қарор – бугун тадбиркорлар учун энг оғриқли нуқталардан бири. Қарорда аниқ белгиланган: агар корхона киримида маҳсулот бўлмаса, ҳисоб-фактура расмийлаштиришга йўл қўйилмаслиги керак эди. Бу вазифа 2021 йилда Солиқ қўмитасига юклатилган. Лекин амалда бунинг акси кузатилмоқда”, – дейди у.
Боқиевнинг таъкидлашича, бунинг оқибатида ҳалол ишлаётган тадбиркорлар жавобгар бўлиб қолмоқда.
“Афсуски, бугун товарни сотган эмас, балки сотиб олган тадбиркор жазоланмоқда. “Обнал” билан шуғулланувчи корхона топилади, у бир мардикорни расмийлаштириб қўяди – у эса қамоқда ўтирибди. Натижада барча солиқ мажбуриятлари ҳалол ишлаётган корхона гарданига тушмоқда”, – дейди мутахассис.
Унинг айтишича, бу масала Олий судгача етиб борган.
“Куни кеча Олий суд қарор чиқарди. Кулгили ҳолат – масала шу даражага етиб борди. Давлат хавфсизлик хизмати билан тузилган айрим шартномалар қалбаки деб баҳоланган, лекин Олий суд бунга тўғри ҳуқуқий баҳо берди. Энди савол туғилади: агар ҳатто шу ташкилотлар билан тузилган шартномалар ҳақиқий эмас деб топилса, тадбиркор ким билан ишлаши керак?” – дейди Боқиев.
Адвокат айрим тадбиркорлар ойлар давомида ўз муаммоларини ҳал қила олмаётганини таъкидлади.
“Бир тадбиркор бир ярим йил судда юрди. ҚҚС гувоҳномасини тиклаш бўйича суд қарори чиққанига 4 ой бўлди, лекин ҳали ҳам тиклаб берилмади. Бунга ҳеч ким жавоб бермайди”, – дейди у.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ҳам муаммонинг тизимли эканини қайд этди.
“Агар қайсидир корхона солиқ тўламаган бўлса, унинг контрагенти жазоланмоқда – ҚҚС гувоҳномаси олиб қўйиляпти”, деди у.
Шокир Боқиев муаммо учун Солиқ қўмитаси жавобгар эканини билдирди, чунки 2021 йил 1 декабрдан бошлаб қўмитага аниқ вазифа юклатилган: маҳсулоти бўлмаган корхона ҳисоб-фактура ёзолмаслиги керак. “Олдини олиш механизми бор – фақат у ишлаши керак”, – деди у.
Солиқ қўмитаси вакили Равшан Имомов эса юқорида айтилган вазифа ижроси таъминланмаётганини рад этди.
“Бу норма ишламаяпти деяпсизлар, лекин у ишлаяпти. Фақат ҳозирча савдо корхоналари учун қўлланмоқда. Чунки савдо корхонаси товарни омборда сақлайди ва сотади. Ишлаб чиқарувчи эса хомашё олиб, бошқа маҳсулот ишлаб чиқаради”, – деди у.
Солиқчи улгуржи савдо корхоналарида чекловлар мавжудлигини таъкидлади. “Улгуржи савдо корхоналари МХИКдан фойдаланганда бу тақиқ ишлайди”, – деди Имомов.
Бироқ Шокир Боқиев бунга эътироз билдирди.
“Менинг қўлимда йигирмадан ортиқ жиноят иши бор – айнан улгуржи савдо корхоналари билан боғлиқ ҳолатлар. Демак, тизим ишламаяпти”, – деди у.
Баҳс давомида солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов шундай савол қўйди: “2023 йилдан бери савдо корхоналари ўзида йўқ маҳсулотни сотмаган деб айта оласизми?” деди у.
Имомов бунга жавобан тизим имкониятлари чекланган бўлиши мумкинлигини истисно этмади.
“Корхона янги ташкил топган бўлса, уни дарҳол чеклаб бўлмайди”, деди Солиқ қўмитаси вакили.
Тадбиркор Фахриддин Илёсов қуйидагича саволни ўртага ташлади:
“Агар тизим ишлаётган бўлса, нега йўқ товар учун ҳисоб-фактура ёзилмоқда? Ва нега бунинг учун ҳалол тадбиркор жавоб беряпти?”
Илёсов Kun.uz'га берган изоҳида айтишича, айнан масала муҳокама қилинганда солиқ органи масъули бу тизим ишлаётгани ёки ишламаётгани борасида асосланган жавоб бера олмаган.
“Солиқ инспекцияси ўз вазифасини бажармаяпти. Натижада “обнал” ташкилотлар пайдо бўляпти. Йўқ товарни сотиб юборади, кейин эса унинг контрагентидан солиқ ундирилади. Бу – бошқанинг хатоси учун бошқа шахсга жавобгарлик юклаш дегани”, деди Илёсов.
У тизимдаги ғалати ҳолатларни ҳам мисол келтирди:
“Бир кунда битта корхона ўша бир контрагентга 10 та ҳисоб-фактура ёзади. Маҳсулот ўзгармайди, контрагент ўзгармайди, лекин фактураларнинг ярми “қизил”, ярми “яшил”. Бу нимани англатади?”
Солиқ қўмитаси баёноти
Солиқ қўмитаси 8 апрел куни расмий муносабат билдириб, 595-сон қарор талаблари босқичма-босқич жорий этилганини билдирди. Қайд этилишича, ҳозирда чекловлар фақат савдо корхоналарига нисбатан тўлиқ ишламоқда.
Қўмитага кўра, E-aktiv тизими тўлиқ жорий этилмагани сабабли барча соҳаларда бу механизмни қўллаш имконияти чекланган.
“Мазкур тизим тўлиқ ишга туширилса, барча тадбиркорлик субъектлари учун омборда мавжуд бўлмаган маҳсулотни реализация қилиш чекланади”, – дейилади расмий изоҳда.
Қўшимча қилинишича, жорий йилнинг биринчи чорагида савдо корхоналари томонидан омборда мавжуд бўлмаган 4,6 трлн сўмлик товарларни реализация қилиш ҳолатларига чек қўйилган.
Мавзуга оид
12:15 / 10.04.2026
Хоразмда 7 минг сўмдан палов сотган тадбиркор жаримага тортилди
20:30 / 09.04.2026
Сохта имзо, тасдиғини топган жиноят ва низоли гаров: Тошкентда тадбиркор ўзгалар қилмишини деб мулкидан айрилиб қолмоқда
19:26 / 08.04.2026
“Санъаткорлар лойиҳани тўлиқ ўқимасдан шовқин кўтарди” – таклиф этилаётган ҳужжат тақдири нима бўлади?
14:54 / 07.04.2026