Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рудадан қимматбаҳо металл олишгача. Олмалиқ кон-металлургия комбинатига пресс-тур
25 август куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил қилинди. Унда журналистлар комбинатнинг ишлаб чиқариш фабрикаларида бўлиб, рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда комбинатни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар билан танишди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, пресс-тур давомида журналистларга дастлаб руда қазиб олиш жараёнидан уни то экспорт қилиш ёки маҳсулот ишлаб чиқариш учун йўналтиришгача бўлган жараёнлар мис металли мисолида тушунтириб берилди.

Пресс-тур давомида журналистларга ҳамроҳлиқ қилган комбинат матбуот хизмати раҳбари Умида Қаршибоевага кўра, комбинатдаги иш жараёнлари дастлаб конлардан руда қазиб олишдан бошланади. Қазиб олинган руда эса мис бойитиш фабрикасига юборилади.

«Мис бойитиш фабрикасига олиб келинган рудалар бойитиш жараёнидан ўтади. Бунда рудадан концентрат олинади. Яъни руда майдаланиб, қўшимча реагентлар қўшиш орқали бойитилади ва чўкма ҳосил қилинади.

Ҳосил бўлган мис концентрати мис эритиш заводига юборилади.
Мис эритиш заводида электролиз жараёни орқали хомаки мис ва тоза мис катоди ҳосил қилинади. Бундан қолган қолдиқлар эса олтин ишлаб чиқариш учун Олтин ва кумушни аффинажлаш цехига юборилади», – деди Қаршибоева.

Тадбир давомида журналистлар юқоридаги барча жараёнларга бевосита заводларнинг ўзига кирган ҳолда гувоҳ бўлишди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва унинг ўзгараётган фаолияти ҳақида
1949 йилда ташкил топган Олмалиқ кон-металлургия комбинати 70 йилдирки, ўз фаолиятини барқарор ушлаб келяпти.
У Ўзбекистоннинг энг йирик, шу билан бирга мис маҳсулотларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30та энг йирик корхоналар сафидан жой олган улкан саноат мажмуаси ҳисобланади.

Бугунги кунда комбинат очиқ ва ер ости конларидан рудани қазиб олиш, бойитиш ва тайер маҳсулот олишгача бўлган жараённи ўзида мужассам этган 45та таркибий бўлинмадан иборат.
Тошкент, Наманган, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида ўз бўлимларига эга бу корхонада 36 минг нафардан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилади.

Комбинат директори ўринбосари Азим Мирзажоновнинг журналистларга маълумот беришича, 2019 йилда комбинатда катод миси ишлаб чикариш 125,4, металли рух 129,8, сульфат кислота 109,2, олтин 107,7, кумуш ишлаб чиқариш эса 129,1 фоизни ташкил этган.
2018-2020 йилларда нодир ва камёб ер металларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш дастури бўйича шу йилнинг 8 ойи давомида 469 тонна металли молибден ишлаб чиқарилиши ҳамда бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробарга ошди.

«Цемент ишлаб чиқариш ҳам 2 баробарга кўпайди, экспорт 893 минг АҚШ доллларини ташкил этиб, ўсиш суръати 111,3 фоизга кўтарилди. 2019 йил якунида 147 минг 250 тонна мис, 90 минг 220 тонна рух, 2 млн тонна цемент ишлаб чиқарилди. Умумий маҳсулот ишлаб чиқариш 17,6 трлн сўмни ташкил этиб, даромад 2,3 трлн.га етди. Давлат бюджетига тўловлар эса 2019 йилда 6,9 трлн сўмни ташкил этди», – дейди у.
Биз корхона ишчилари билан ҳам суҳбатлашдик. Улар суҳбат давомида 2019 йилнинг сентябрь ойига қадар комбинатда 100 минг тонна катод миси олинганини алоҳида таъкидлашди.
«Комбинат тарихида ҳали бунақаси бўлмаганди», – дейди улар.
«Ёшлик-1» дунёдаги энг йирик конга айланиши кутилмоқда
Пресс-тур давомида маълумот берилишича, Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли «Қалмоқир» кони руда ишлаб чиқаришда комбинатнинг бошланғич нуқтаси ҳисобланади.
«У очиқ конлар бўйича МДҲ давлатлари орасида энг йирикларидан бири. 2017 йилда «Ёшлик-1» кони ҳам ўзлаштирила бошланди. Яқин орада эса икки коннинг бирлашиши натижасида у дунёдаги энг йирик конга айланади.

2023 йилга бориб бирлашган конда руда қазиб олиш йилига 100 млн. тоннага етади», – дейди комбинат матбуот хизмати раҳбари Умида Қаршибоева.
Инсоният мисдан неча асрлардан буён фойдаланиб келади. Бугунги кунда ҳам бутун жаҳонда ушбу металлга бўлган эҳтиёж ва талаб ошса ошдики, асло камайгани йўқ.
Экспорти ошиб бораётган мис ва 50 йиллик режа
Пресс-тур давомида комбинатнинг мис экспорти бўйича фаолияти, бу борадаги асосий бозорлар билан қизиқдик.
Саволларимизга комбинатнинг экспорт бўйича металлургия хомашёсини сотиш ва таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Зокиров жавоб берди.
«Бугунги кунда бизда ишлаб чиқарилаётган мис маҳсулотлари 15 давлатга экспорт қилинмоқда. Бунда асосий бозоримиз Туркия бозори, Европа давлатларида Польша, МДҲда эса Россия ва Қозоғистон.
Бизда рангли ва қимматбаҳо металлар бўйича кўрсаткичлар йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Чунки электротехника саноати ҳам ўсмоқда. Мис эса энг яхши ток ўтказувчи ҳисобланади. Масалан, ҳозир ишлаб чиқарилаётган электромобилларнинг 90 фоиз эҳтиёт қисмлари мисдан ишланади», – дейди у.
Бошқарма бошлиғига кўра, Ўзбекистоннинг мис олишдаги асосий кони «Қалмоқир» ҳисобланади.
«Ўтган йили 148 минг тонна мис қатодлари ишлаб чиқардик. Бу йил ҳам бизга шу кўрсаткични ушлаб қолиш топшириғи берилган. Бу борада 2025 йилгача мўлжалланган дастуримиз бор. 2025 йилдан бошлаб эса янги дастурга ўтиш орқали йилига 250 минг тонна мис ишлаб чиқара бошлаймиз.

Умуман олганда, бизнинг мис захираларимиз 50 йилга етиши борасида ҳисоб-китоблар мавжуд», – деди Азизбек Зокиров.
— Ўзбек мисининг сифати дунё бозорида қанчалик қадрланади?
— Биз ишлаб чиқараётган мис сифати энг олий даражада, яъни «Mark А». Бу ишлаб чиқаришдаги сифат, ходимларнинг меҳнати натижаси.
— Рангли металл экспорти давлат учун ҳар доим ҳам фойдали эмас. Уни қайта ишлаш натижасида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришдан бир неча марта катта фойда олиш мумкин. Экспортни камайтириб, локализацияни ошириш бўйича қандай режалар бор?

— Ҳа, бизда бу борада режа бор. Бизда охирги 15 йилда жуда кўп кабель заводлари ишга туширилди. Ҳозир кўпроқ мисни ички бозорга сотяпмиз. Корхоналар эса уни тайёр кабель маҳсулотлари шаклида сотишмоқда. Аммо ҳали бизда кўпроқ маҳсулот экспортга йўналтирилади.
— Миснинг ҳозирги нархи ҳақида маълумот берсангиз.
— Бугунги кунда 1 тонна миснинг нархи 6,5 минг АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда. Бу Лондондаги биржа нархлари бўйича.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Мавзуга оид
10:00 / 30.10.2024
“Ўзбекистон технологик металлар комбинати” йиллик экспорт режасини бажарди
16:43 / 23.11.2021
ОКМК тармоқлараро саноат ярмаркасида иштирок этади!
16:00 / 25.10.2021
“Олмалиқ КМК” қурилиш корхоналари ва ташкилотларига сифатли цемент маҳсулотларини таклиф этади
15:30 / 01.10.2021