Ўзбекистон | 16:03 / 30.10.2025
23679
2 дақиқада ўқилади

Финландия президенти Тошкентга UzAirways'нинг одатий рейсида учиб келди

Александр Стубб 28-29 октябр кунлари Қозоғистонда бўлиб, кеча оқшом Остонадан Тошкентга Uzbekistan Airways'нинг мунтазам рейсида учиб келди. Бу – Финландия президентларининг 33 йил ичида Ўзбекистонга биринчи ташрифи бўлмоқда.

"Ўзбекистон 24" лавҳасидан кадр

Финландия президенти Александр Стубб 29 октябр куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Уни Тошкент халқаро аэропортида бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Эътиборлиси, фин етакчиси Uzbekistan Airways'нинг Остона–Тошкент йўналишидаги одатий рейси (HY-722, Airbus A320)да учиб келган. У 28-29 октябр кунлари расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлган эди.

ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистонга ташриф доирасидаги олий даражадаги музокаралар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ва Финландия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Кун тартибидаги мавзулар қаторидан меҳнат миграцияси ҳам ўрин олган.

Александр Стуббнинг ташрифи 4 кун (1 ноябргача) давом этиши кўзда тутилган.

Маълумот учун, бу – Финландия президентининг Ўзбекистонга 33 йил ичидаги илк ташрифи бўлмоқда. Бунгача фақат бир марта: финларнинг собиқ президенти Мауно Койвисто узоқ 1992 йилда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид