Жаҳон | 15:49
798
2 дақиқада ўқилади

Финландия АҚШни Украинага кафолатларни эҳтиёткорлик билан таърифлашга чақирди

Финландия ТИВ раҳбари фикрича, Киевга 5-моддага ўхшаш хавфсизлик кафолатларини таклиф қилиш НАТО ичидаги кафолатлар билан икки томонлама келишувларни аралаштириб юбориши мумкин.

Фото: Getty images

Финландия АҚШни Россиянинг ҳарбий босқинига қарийб тўрт йилдан бери қарши турган Украинага бўлажак хавфсизлик кафолатларини НАТО шартномасининг 5-моддасига ўхшаш деб аташдан тийилишга чақирди. Бу ҳақда Politico 4 феврал куни АҚШ Давлат департаментининг ўз ихтиёрига тушган дипломатик депешасига таяниб хабар қилди.

20 январга тааллуқли ҳужжатда Финландия ташқи ишлар вазири Элина Валтоненнинг АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Қуролли кучлар қўмитасининг икки вакили билан суҳбати мазмуни баён этилган. Нашрга кўра, Валтонен Киевга “5-моддага ўхшаш” кафолатлар таклиф қилишдан огоҳлантирган, чунки бу НАТО доирасидаги кафолатлар билан Украина ва унинг иттифоқчилари ўртасидаги икки томонлама келишувларни аралаштириб юбориши мумкин.

НАТО низомининг 5-моддасига биноан, алянс аъзоларидан бирига қуролли ҳужум қилинса, бу барчага қарши ҳужум сифатида баҳоланади ва ҳар бир аъзо ҳужумга учраган томонга ёрдам кўрсатади.

Politico нашри келтиришича, НАТО ва Украина учун бўлажак кафолатлар ўртасида “девор” бўлиши керак, деган фикрни Валтонен билдирган. Нашр маълумотига кўра, учрашув 20 январда ўтган, аммо кейинроқ Финландия мудофаа вазири Антти Ҳакканен ҳам шунга ўхшаш позицияни билдирган.

Финландия ТИВ идораси махфий музокараларга изоҳ бермаслигини Politico’га номи ошкор этилмаган фин расмийси маълум қилди. Унинг айтишича, Ҳелсинкининг мақсади — “Украина барқарор ва узоқ муддатли тинчликни таъминлаш учун имкон қадар ишончли хавфсизлик чоралари ва кафолатларини олишини таъминлаш”. “Финландия позициясига кўра, Украинанинг келажаги — НАТОда”, — деди манба. АҚШ Давлат департаменти эса нашр материалини изоҳлашдан бош тортди.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид