Жамият | 17:20 / 29.05.2019
53511
3 дақиқада ўқилади

Андижонда ким кўзбўямачилик қилди?

28 май куни интернетда Андижонда президентга кўзбўямачилик қилингани тўғрисида хабар тарқалди.

Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифи чоғида «Ўзбекистон24» телеканали орқали «уй берилди» деб кўрсатилган аёллардан бири Хуршида Тиллаева уй учун миннатдорчилик билдириб интервью берганидан кейин уйдан чиқариб юборилгани ҳақида айтилган.

Kun.uz мухбири ушбу можароли ҳолат тафсилотларини ўрганиш учун Андижон шаҳрида бўлди.

Аниқланишича, Хуршида Тиллаева оиласи бузилгач, Андижон шаҳри марказидаги Пушкин кўчасида кекса онаси Халимахон Тиллаева, синглиси ва ногиронлиги бор укаси билан яшаб келган.

Президентнинг Андижонга ташрифи вақтида вилоят ҳокимлиги Хуршида Тиллаеванинг онаси ва оила учун Андижон шаҳри четида барпо этилган маҳалладан коттеж берилган (эски маҳалла ўрнида «Andijan city» ишбилармонлик шаҳарчаси қурилади).

Маълум бўлишича, ишхонаси икки хонали квартира учун дастлабки тўловни амалга оширган Хуршида Тиллаева ўзи ва икки фарзанди учун ҳам намунали уйлардан алоҳида коттеж берилишини истаган.

Шундан кейин у видеомурожаат йўллаб, ўзига берилган уй тортиб олинганидан шикоят қилган. 

Энди маълум бўлишича, у онаси ўрнига, уй ўзига эмас, онасига берилганини англаган ҳолда «Ўзбекистон 24» учун интервью берган. Телеканал мухбири эса интервьюни Хуршида Тиллаеванинг онасига берилган уйда эмас, қўшни уйда съёмка қилган. Мухбир бу уй Хуршида Тиллаевага ҳам, унинг онасига ҳам берилмаганидан хабардор бўлганми, йўқми, бу савол ҳозирча очиқ. Шунингдек, ҳокимлик ҳам бу интервью тайёрланиши жараёнидан хабардор бўлганми, йўқми, буниси номаълум.

Таъкидлаш керакки, Хуршида Тиллаева Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўзи ҳам коттежли бўлиш мақсадида хорижий нашрлар учун видеомурожаат тайёрлаганини тан олди ва ҳали ҳам коттежли бўлишдан умид узмаётганини қўшимча қилди. У ҳозирда онаси Халимахон Тиллаева учун берилган уйда яшамоқда.

Вазият картинаси шундай: ҳозирча ким кўпроқ кўзбўямачилик қилди, ким кимни алдади, бу бўйича якуний хулосага шошилмаймиз.

Айни вақтда мазкур аёлнинг видеомурожаати юзасидан тузилган махсус комиссия ўрганиш ишларини олиб бормоқда, яқин вақтлар ичида масалага тўла ойдинлик киритилади.

Kun.uz мухбири ҳам ўз суриштирувлари асосида тайёрланган материални тақдим этади.

Мавзуга оид