Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Энди бу ерда бошқа ҳаракат қила олмайман”. Бабаян "Андижон" бош мураббийлигидан кетишини маълум қилди
Жорий йилги мавсумда "Андижон" жамоаси Самвел Бабаян қўл остида Суперлигада 7 та учрашув ўтказиб, уларнинг 5 тасида мағлубиятга учради ва 2 та ўйинда ғалаба қозонди.
Фото: FC ANDIJON
"Андижон" жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Суперлига 7-тур доирасида ОКМКга қарши ўйиндан (1:2) кейинги матбуот анжуманида ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди.
“Биринчи навбатда бугунги натижа учун ҳаммадан узр сўрайман. Нима дейишим мумкин? Тушунтириш жуда қийин. Бу ҳол фаолиятимда биринчи марта рўй берди. Нима бўлиши керак бўлса бўлди. Фақат «Андижон»да шу ҳолат бўлгани ачинарли. Бугунги рақибимиз ҳам қийин ҳолатда эди. Ўйинни ёмон бошламадик, деб ўйлайман. Бир қатор имкониятларимиз бўлди, стандартлардан ҳам фойдалансак бўларди. Ҳаракат қилдик, аммо тўп дарвозага кирмади. Қанот ҳимосидаги хатолар туфайли гол ўтказдик. Дарвозамиздан иккита тўп ўтказдик, тушунтиришим анча қийин. Биринчи таймда рақиб деярли унчалик хавфли вазиятларни ярата олмади. Яхши ҳаракат қилсак, ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Йигитлар вазиятни ўзгартиришга интилишди. Бу сафар ўхшамади” , деди у.
Бабаяннинг сўзларига кўра, қандай талаблар қўйилган бўлса, клуб барчасини бажарган.
“Бу ерга яхши ниятлар билан, клуб тарихини яхшилаш учун келгандим. «Андижон»нинг чемпионатда энг яхши натижаси 5-ўрин бўлган экан ва мен буни яхшилаб, юқорига кўтариш мақсадида келгандим. Футболчилар ҳам бу ерга юқори мақсадларни кўзлаб келишган. Жамоа учун барча шароитлар яратиб берилган. Тўғриси, эркакча гапираман: энди бу ерда бошқа ҳаракат қила олмайман. Клуб бошқарувини бошқасига бераман. Биз бу ўйиндан аввал раҳбарият билан очиқ ва самимий гаплашдик. Рости, энди ўз ўрнимни бошқа инсонга топшираман. Яна айтаман: бу ерга натижа қилиш ва барчани хурсанд қилиш учун келгандим...
Аввал ҳам айтганман: менда кўп вақт йўқ эди ва қисқа фурсат ичида натижа кўрсатишим керак. Йиллар давомида ишлаб натижа кўрсатишга менда вақт йўқ эди. Вилоят ҳокими барча шароитларни яратиб, натижа учун жонбозлик билан ҳаракат қиляпти. Клуб юқори натижаларни кўрсатиши учун вилоят ҳокими барча ишни амалга оширяпти. Ўзбек футболи ривожланиши йўлида айнан вилоят ҳокими кўп ишларни қиляпти. Мен кўрдимки, биз биргаликда бу ишларни бажара олардик. Кечаю кундуз 24 соат ишладик ва агар 25 соат бўлса ҳам ишлашга тайёр эдик. Афсуски, меҳнатларимиз ўхшамади. Ҳар доим нимадир етишмади. Раҳбарият билан гаплашдик ва жамоани бошқаси бошқариши керак. Мен ва менинг мураббийлар штабим истеъфога чиқамиз”, дея фикрини якунлади “Андижон” бош мураббийи.
Жорий йилги мавсумда "Андижон" жамоаси Самвел Бабаян қўл остида Суперлигада 7 та учрашув ўтказиб, уларнинг 5 тасида мағлубиятга учради ва 2 та ўйинда ғалаба қозонди.
Мавзуга оид
22:14 / 11.04.2026
Қашқадарё ва Андижонда кучли таъсир қилувчи дори воситалари сотиб келган шахслар ушланди
16:09 / 31.03.2026
Андижонда қалбаки дори тайёрловчи 3 та яширин лаборатория аниқланди
09:06 / 30.03.2026
Водийга поездлар қатнови вақтинча тўхтади
19:35 / 28.03.2026