11:02 / 17.05.2021
61000

Пахтачида йўлни сабабсиз тўсиб қўйган «каттакон»ларга сигнал чалган ҳайдовчининг машинаси асоссиз жарима майдонига жойлаштирилди

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида ИИБга тегишли хизмат машинаси туман марказидаги асосий кўчага чиқувчи маҳалла йўлини сабабсиз тўсиб тўхтаган. Шу жойда машиналар оқими ўтиб кетишини кутиб турган ҳайдовчилардан бири асосий йўлга чиқа олмай сигнал чалган. Шундан сўнг туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи келиб, ҳайдовчининг ҳужжатларини олган ва «нега сигнал чалиб ‘каттакон’ларни безовта қиласан?» деб машинани асоссиз жарима майдонига жойлаштирган.

Маълум қилинишича, 8 май куни Пахтачи тумани марказида маҳалла оралаб асосий кўчага чиқмоқчи бўлган ҳайдовчи ўзи кутмаган ҳолда туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мақсуд Тоғаевнинг «қаҳрига учраган». Ҳайдовчи асосий кўчага чиқиш учун машиналар оқими ўтиб кетишини кутиб турганида унинг йўлини ИИБ хизмат машинаси тўсиб тўхтаган. Ҳайдовчи «йўл бер» қабилида сигнал чалган.

Шундан сўнг ўзини Пахтачи туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мақсуд Тоғаев деб таништирган шахс келиб, ҳайдовчидан ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. Ҳайдовчи сабабини сўраганда у одоб-ахлоқ нормаларидан четга чиқиб аввалига «ҳужжатларни ейман» деб жавоб беради. Кейин эса «каттакон»ларга сигнал чалиб бўлмаслигини айтиб, машинани жарима майдонига жойлаштиради. Ҳодиса ҳайдовчининг машинасига ўрнатилган видеокузатув камерасига ёзиб олинган.

Мазкур ҳодиса ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг тармоқ фойдаланувчилари томонидан Мақсуд Тоғаевнинг хатти-ҳаракатлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати мазкур масалага муносабатида ўша куни туман марказидаги Мустақиллик кўчасида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилаётган тадбир вақтида, Damas автомашинаси мазкур жойга ўтиб кетишга урингани учун ходимлар томонидан назоратга олинганини билдирди.

Аммо видеолавҳада кўриш мумкин, ҳайдовчи маҳалладан Мустақиллик кўчасига чиқаётган вақтда йўл қатнов учун очиқ бўлган.

Kun.uz мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати бошлиғи билан боғланганда у Мақсуд Тоғаевга нисбатан хизмат текшируви тайинланиши ва натижаси кенг жамоатчиликка маълум қилинишини таъкидлади.

«Ҳайдовчи билан муомала маданияти ва одоб-ахлоқ қоидалари тўғрисидаги буйруқ талабларини бузиб муносабатга киришган Пахтачи тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мақсуд Тоғаевга нисбатан хизмат текшируви тайинланган. Аминман, Интизом уставига мувофиқ интизомий жазо чораси қўлланилади ва буни расман эълон қиламиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ходим фуқаролар билан одоб-ахлоқ доирасида гаплашиши керак. Ходимнинг хатти-ҳаракатини кўриб уялиб кетдим. Ҳайдовчи ҳужжатлари тўлиқ эмаслиги учун, ходим муомаласи учун қонунда белгиланган тартибда жавоб беради. Текширув якуни бўйича расмий маълумот берилади», деди вилоят ИИБ ахборот хизмати бошлиғи.

Ҳайдовчи видеолавҳада Damas машинасини кредитга олгани ва қонуний ҳужжатлар асосида кира қилаётгани, ўша дамда яшаш уйидан ўзи аъзо бўлган корхонага кунлик йўлланмани олиш учун бораётганини айтган. Аммо машинани жарима майдончасига жойлаштирган ЙҲХБ ходими унинг гапларини эътиборсиз қолдирган.

P.S. Видеолавҳада Мақсуд Тоғаевга «бунга чора кўр» деган юқори мартабали ИИБ «каттакони» ким бўлганига вилоят ИИБ ахборот хизмати ойдинлик киритмаган.

Top