Тонгда тарқалган совуқ хабар

2020 йилнинг 8 октябри. Қарнаб қишлоғи аҳолиси учун тонг қўрқинчли бошланди: қишлоқда яшовчи Машраб Саидов (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) ва унинг ўғли ўз уйида ўлдириб кетилгани ҳақида хабар тилдан тилга кўчарди.

Ҳовлисида кичик ошхона очиб, туппа-тузук ишлаб юрган, бировга ёмонлиги тегмаган одам нега ўғли билан бирга ўлдириб кетилди? Қотиллик сабаби нима? Қотил ким? Қишлоқ одамларини мана шу каби саволлар тинч қўймасди.

Қолаверса, Қарнаб қишлоғининг тўрт томони бепоён даштликлардан иборат, бошқа ҳудуддан кимдир келиб, ярим тунда бу жиноятни содир қилиб кетиши эҳтимолдан анча йироқ эди. Қишлоқ аҳли ваҳший қотил ораларида юрганини сезиб туришар, ҳатто бир-бирларига шубҳа билан қарашарди. Уларнинг бу шубҳаси охир-оқибат ҳақиқат бўлиб чиқди: қотил ўзини ҳеч вақодан хабари йўқдай тутиб, уларнинг орасида юрганди.

Очиқ қолган дарвоза

Қишлоқдаги тез тиббий ёрдам бўлимида ҳамшира бўлиб ишловчи оила бекаси ўша мудҳиш тунда навбатчиликка тушганди. У турмуш ўртоғи билан соат 21:18 да телефон орқали суҳбатлашади.

Эртасига эрталаб соат 7:43 ларда ошхона ишларида турмуш ўртоғига кўмаклашадиган ишчи унга қўнғироқ қилиб, ҳовли очиқ турганини, аммо ҳеч ким йўқлигини билдиради. Оила бекаси ўша атрофга бирор жойга чиққандир, деган ўйда навбатчиликни топшириб, уйига боради. Кўрсаки, уйда турмуш ўртоғи ҳам, ўғли ҳам йўқ.  

Оила бекаси ишчига ишларни бошлайверишини айтиб, уйга киради. Шунда унинг нигоҳи хонада ётган қоғоз қутига тушади. Турмуш ўртоғи оиладаги жамғарма пулларни ана шу қутида сақларди. Кўнгли бир нохушлик бўлганини сезган аёл омборхонага киради ҳамда музлаткич ёнида ерда устма-уст ётган турмуш ўртоғи ва ўғлини кўради.

Аввалига уларни ток урган деб ўйлайди. Сўнгра биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида бориб ўғлини ушлайди ва бақириб юборади: уларнинг танаси совиб қолган, турмуш ўртоғи ҳам, фарзанди ҳам аллақачон вафот этганди.

Қотиллик

Марҳумларнинг яқинлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари воқеа жойига етиб борганида Машраб Саидов ва ўғлининг мурдаси омборхонада қонга беланиб ётарди. Уларнинг ҳар иккиси бошининг орқа қисмига қаттиқ жисм билан урилиши оқибатида вафот этгани шундоқ кўриниб турарди.

Тезкор ходимлар ишга киришишади: ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланди, суд-тиббий экспертизаси тайинланади. Хонадондан катта миқдорда пул ва тилла тақинчоқлар йўқолган эди.