21:26 / 02.02.2024
17904

Самарқандда бозор раиси қамоққа олинди

Бозор раҳбарияти ишчиларнинг 113 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақларини тўламаган, шунингдек, штатда мавжуд бўлмаган ходимлар учун пул ўтказиш орқали маблағларни талон-торож қилгани аниқланган.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги бозор раиси қамоққа олинган. Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича маълумот берди. 

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқда Пахтачи туманидаги бозорга раис этиб тайинланган Г.А.нинг қамалганидан онаси Т.Алиева норози бўлиб видеомурожаат қолдирган. Г.А. ва В.Н. жамият ишчи ходимларининг 113 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақларини уларга тўлаб бермасдан, жамият штатлар жадвалида мавжуд бўлмаган 8 нафар ишчи ходимларга 13 миллион 781 минг сўм иш ҳақи ташлаб бериб, тасдиқланган штатлар жадвалига нисбатан ходимларга 24 миллион 594 минг сўмлик ойлик иш ҳақини ортиқча ҳисоблаб, ушбу пул маблағларини талон-торож қилишган.

Бундан ташқари, терговда вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси томонидан берилган 68 миллион 250 минг сўмлик маҳсулотларни талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Пахтачи тумани бўлими  томонидан «Пахтачи деҳқон бозори» МЧЖ раҳбари Г.А. ва жамиятнинг бош ҳисобчиси В.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, 2 нафар гумонланувчига нисбатан суднинг ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ушбу жиноят иши бўйича Пахтачи тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судига юборилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича суд муҳокамаси олиб борилмоқда.

Top