Ўзбекистон | 21:12 / 22.07.2020
5505
2 дақиқада ўқилади

Ҳозиргача 4786та мактаб, 2895та боғча, 1729та тиббиёт муассасаси тезкор интернетга уланди – АКТ вазири

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқовнинг маълум қилишича, ҳозирги кунгача республика бўйича 4786 та мактаб, 2895 та боғча, 1729 та соғлиқни сақлаш муассасаси тезкор интернетга уланган.

«Ўтган йил бошидан бугунги кунгача республика бўйича интернет тармоғига кенг полосали уланиш портларининг умумий сони 2,2 млн.га етказилди, 7,8 минг км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг умумий узунлиги 44,4 минг км.дан ошди.

Шундан 7,3 км оптик толали алоқа линиялари 9410 та ижтимоий соҳа объектларига тортилиши натижасида 4 786 та мактаб , 2 895 та мактабгача таълим ва 1 729 та соғлиқни сақлаш муассасасини тезкор интернетга улаш имконияти яратилди. Бу ўз навбатида ёш авлоднинг замонавий билим олиши, беморларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш салоҳиятини оширгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир», дея Шуҳрат Содиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирнинг қайд этишича, Жиззах эркин иқтисодий зонасида кореяликлар билан ҳамкорликда ташкил этилган оптик толали кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводида йилига 50 минг км. оптик толали кабель тайёрланмоқда. Бу эса давлат дастуридаги режаларни ўз вақтида амалга ошириш имконини бермоқда.

Мавзуга оид