Жаҳон | 09:17 / 08.02.2026
14119
3 дақиқада ўқилади

Уфада ўсмир хорижлик талабалар яшайдиган ётоқхонага пичоқ билан ҳужум қилди

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у ирқчилик руҳидаги ҳақоратларни бақириб айтган. Ҳужум оқибатида олти киши жароҳатланган.

Фото: Видеодан кадр

Россиянинг Уфа шаҳрида 15 ёшли ўсмир Бошқирдистон давлат тиббиёт университети ётоқхонасида ҳужум уюштирди. У пичоқ, кастет ва қалампирли баллон билан қуролланганди.

Ушбу ўсмир ётоқхона ҳудудига кириб бориб, аввалига эътиборни тортиш учун петарда портлатган, кейин эса одамларга ташланган. Воқеа жойида олинган фото ва видеоларга кўра, у бино бўйлаб югуриб юрган ва бир неча хонада қонли излар қолдирган.

Ҳужум оқибатида олти киши жабрланган. Шундан тўрт нафари – 21 ёшдан 24 ёшгача бўлган талабалар пичоқда етказилган жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Яна бир киши – ўсмирни бинога киришда тўхтатишга уринган 35 ёшли қўриқчининг юзи ва бел қисмида ҳам тиғ орқали етказилган жароҳатлар аниқланган. У ҳам шифохонада. Унга қалампирли баллон ишлатилиши оқибатида кўзидан кимёвий куйиш жароҳати ташхиси ҳам қўйилган.

Олтинчи жабрланувчи – вояга етмаган бола бўлиб, бўйни ва қўлида тиғ билан жароҳат етказилган, у ҳам шифохонага ётқизилган.

Жабрланувчиларнинг расмий рўйхати ҳозирча эълон қилинмади.

Ҳужум қилган ўсмир қўлга олинган ва шифохонага ётқизилган. ИИВ маълумотига кўра, у ўзига жароҳат етказишга уринган. У оғир аҳволда болалар шифохонасида қолмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдиришга суиқасд қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг ҳаётига тажовуз қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳужум қилган шахс ирқчилик руҳидаги ҳақоратлар ва миллатчилик руҳидаги шиорларни айтиб бақирган. Ётоқхонада асосан Ҳиндистондан, шунингдек, Африкадан келган чет эллик талабалар яшайди.

Бошқирдистон давлат тиббиёт университети ректори Валентин Павлов жабрланувчилардан тўрт нафари Ҳиндистон фуқаролари эканини тасдиқлади. Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров жабрланувчиларнинг яқинлари Россияга келишида ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган.

Baza маълумотига кўра, ҳужум қилган шахс NS/WP неонацист ташкилоти тарафдори ҳисобланади. Суратда у ётоқхона деворига қон билан чизган свастика белгиси акс этган.

Shot маълумотига кўра, ҳужум уюштирган ўсмирнинг исми-шарифи Александр. «Новости. Уфа Башкортостан» ўз манбасига таяниб ёзишича, у онаси ҳамда бувиси билан яшаган ва «оила жуда қашшоқ» ҳисобланади.

«Осторожно, новости» хабарига кўра, ўсмир ўзини ўлдиришга уриниб, томоғига пичоқ билан зарба берган. Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.

2025 йил декабрида ҳам Москва областидаги мактабда шунга ўхшаш ҳужум содир этилганди. Ўшанда 15 ёшли ўсмир пичоқ билан 10 ёшли ўқувчини ўлдирган ҳамда бир неча кишини жароҳатлаганди. У ҳам ҳужум чоғида неонацистик қарашларни ифода этганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид