Жамият | 16:20 / 17.10.2022
12349
5 дақиқада ўқилади

“Тўқаев билан рақобатлаша оладиган номзод кўрмаяпман” — Қозоғистонлик эксперт билан бўлажак сайловлар ҳақида суҳбат

Kun.uz мухбири Қозоғистонда ўтадиган президентлик сайлови, қозоқ жамиятида бу жараёнга бўлган қараш, номзодлар, унда мухолифатга қанчалик йўл берилгани, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон алоқаларига оид қатор саволлар билан қозоғистонлик таҳлилчи Сапарбой Жубаевга юзланди.

20 ноябр – Қозоғистонда муддатидан аввал президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 11 октябр куни мамлакатда президентликка номзодларни кўрсатиш жараёни якунланди. Ҳозирча Марказий сайлов комиссияси президентликка номзод сифатида 12 кишини рўйхатга олди – рўйхатга олиш 21 октябргача давом этади.

Бу сайлов мамлакатдаги сиёсий тизимни ўзгартирадиган, иқтисодий ўсишга, фуқаролар фаровонлиги ва турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қиладиган жараён сифатида кўрилмоқда. Амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан шунга ваъда берилмоқда.

Kun.uz мухбири Қозоғистонда ўтадиган президентлик сайлови, қозоқ жамиятида бу жараёнга бўлган қараш, номзодлар, унда мухолифатга қанчалик йўл берилгани, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон алоқаларига оид қатор саволлар билан қозоғистонлик таҳлилчи Сапарбой Жубаевга юзланди.

— Сапарбой ака, яқинлашаётган президентлик сайловига қозоқ жамиятининг эътибори, муносабати қанақа? Тўқаевнинг имкониятлари тушунарли, сайловда қатнашаётган бошқа номзодларнинг имкониятлари қандай? Мухолифатга йўл берилганми?

Қандайдир интригалар кутиляптими?

— Фикримча, Қозоғистонда навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишига йил бошидаги террористик ҳаракатлар ҳам сабаб бўлди.

Сапарбой Жубаев

Тўқаевнинг президентлик муддати келгуси йили тугаши керак эди. Аммо бўлиб ўтган ана шу ҳодисалар фонида президент бир йилда икки бор халққа мурожаат йўллади. Тўқаев шулардан биринчисида конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақида таклиф киритди ва биз уни референдумлар орқали қабул қилдик. Иккинчи чиқишда эса ноябр ойининг йигирманчи куни муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилиши белгиланди.

Буларнинг моҳиятида бўлаётган катта ўзгаришлар давомида президент халқ ўзи биланми ёки бунга зид фикрдалигини аниқлаган бўлса, иккинчи томондан халқ орасида ҳам турфа фикрлилар бор. Сабаби 8 йилда икки бор қайта сайланиш имконияти бўлатуриб, нима сабабдан етти йилда бир марта сайлов ўзгартириши киритилмоқда. Иккаласининг фарқи йўқ-ку, деган тушунчалар ҳам бор.

Шахсий фикримни айтадиган бўлсам, бугунги кунда халқ Тўқаевга катта умидлар билан кўз тикиб турибди. Шунинг учун ҳам Тўқаев халқ ишончи билан етти йилга сайланиб, ўзининг кўзлаган ниятларини амалга оширишга уриниб кўради. Бундан ташқари, январ ойидаги террористик ҳаракатлар вақтида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлишида қисман Тўқаевни ҳам айблайдиганлар йўқ эмас. Улар нима учун бу жиноятларга суд ҳукми ўқилмай туриб, қайта сайлов ўтказишмоқчи деган саволларни ҳам беришмоқда.

Қозоғистон президентлигига номзодлар

Номзодлар масаласига тўхталадиган бўлсам, сиз айтган 12 та одам президентликка номзодини кўрсатиш бўйича ариза билан мурожаат қилган, аммо ҳозирча уларнинг еттитасигина сайловларда иштирок этиш учун маъқулланди. Номзод бўлиш учун белгиланган талаблар бор. Уни белгиланган муддатда бажара олган инсонгина номзод сифатида кўрсатилиши мумкин. Бу жараён ҳали 21 октябрга қадар давом эттирилади. Талаблар у қадар қийин эмас:

1) Номзод 3 млн тенге пул тўлаши керак;

2) Қозоғистонда туғилган бўлиши керак;

3) Шу ҳудудда 15 йил истиқомат қилган бўлиши керак;

4) Маълумоти олий бўлиши керак;

5) 40 ёшдан катта бўлиши керак;

6) Давлат ишида 5 йиллик тажрибага эга бўлиши керак;

7) Қозоқ тилини яхши билиши керак;

8) 118 минг одамнинг ўзи тарафдорлигидаги имзосини йиғиши керак. Бу бир жойдан бўлмаслиги керак.

— Сиз айтдингизки, сайловларда иштирок этиши учун номзод камида беш йил давлат органларида фаолият юритган бўлиши керак деб. Буни бўлажак сайловларга мухолифатни яқинлаштирмаслик чораси дейиш мумкинми?

— Шундай деса ҳам бўлади. Бизнинг олдинги ҳокимият ҳам ҳеч қачон мухолифатни ишга олмаган ёки сайлаган эмас.

Бундан ташқари, қонунчиликдаги сиз айтган – номзоднинг турли ҳудудлардан маълум қўлловга эга бўлиши ва уларнинг имзо йиғиш талаби ҳам сайловда қатнашишни хоҳлаган ташаббускорларнинг ишини қийинлаштириб қўяди.

— Бу ҳам тўғри, лекин бундан кўзланган асосий мақсад бу ерда мамлакатнинг турли ҳудудида сизни қўллайдиган одамнинг бўлиши назарда тутилмоқда. Бу менинг тўғри ёки нотўғри ҳисоблашимда эмас, балки қонун шунақа. Юқоридаги талабларни 21 октябргача бажарган номзодларнинг аризалари маъқулланади.

Лекин мана шу кўрилаётган саккизта номзодларни таҳлил қилиб кўрганимда, Тўқаев билан рақобатлаша оладиган номзод йўқлигига гувоҳ бўлдим. Бундан ташқари, оппозицион гуруҳлар ҳам бирлашиб, биз ҳам номзод кўрсатамиз, дейишган. Аммо ўзаро келишиб, бир номзодни кўрсата олишгани йўқ. Балки, белгиланган муддатгача кўрсатилган шартларни бажариб, керакли овозни йиға олса ва бир кишини танлашса, улар ҳам сайлов жараёнларида иштирок этиши мумкин.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид