19:00 / 17.05.2024
4846

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи AИ-80 ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтатади

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ноябр-декабр ойларида АИ-91 ва ундан юқори октонли бензинни кўпроқ ишлаб чиқаришни бошлайди, 2025 йил бошидан эса АИ-80 ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатиш режалаштирилган.

Фото: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 2025 йил бошидан Аи-80 бензинини ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтата бошлайди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг қайта ишлаш бўйича ўринбосари Одил Темиров 14 май куни Тошкентда ўтказилган Энергетика ҳафталиги доирасида Gazeta.uz’га маълум қилган.

«Ўзбекнефтгаз» вакили Франциянинг Axens компанияси билан параллел равишда лойиҳалаштириш ишларини олиб бориш учун унинг технологияларидан фойдаланиш бўйича лицензия шартномаси устида иш бошланганини ҳам айтиб ўтган.

«Улар асосий лойиҳани сентябргача якунлашлари керак. Бунга параллел равишда биз Хитойнинг CNPC (China National Petroleum Corporation, бош пудратчи сифатида танланган) бўлинмаси билан ишлаяпмиз, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. АИ-80 бензинидан босқичма-босқич воз кечиш ишларини олиб бормоқдамиз. Ноябр-декабр ойларида АИ-80 ўрнига АИ-91, АИ-92 ишлаб чиқаришни бошлаймиз, 2025 йил бошидан тўлақонли воз кечиш бошланади», - деган Одил Темиров.

Маълум қилинишича, айни пайтда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 85 фоизи АИ-80, қолган 15 фоизи эса АИ-92 бензинидир. Ноябр ойидан бошлаб бу нисбат ўзгара бошлайди.

Аввалроқ, 2023 йилнинг 29 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан АИ-80 маркали бензиндан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш бўйича топшириқ берганди.

Top