Жамият | 18:57 / 10.10.2025
3505
1 дақиқада ўқилади

Талабаларнинг стипендиялари ҳафта якунигача тўлаб берилади – вазирлик

Олий таълим вазирлиги айрим олийгоҳларда талабаларга стипендия тўловлари ўз вақтида тўланмаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди: бунга буйруқларни расмийлаштириш ва пластик карталар очиш жараёни кечиккани сабаб бўлган. Вазирлик жорий ҳафта якунигача тўловлар амалга оширилишини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда айрим олий таълим муассасалари талабаларига стипендия тўловлари ўз вақтида тўланмаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Хабарда айтилишича, барча ОТМларда юқори курс талабаларига стипендиялар тўлаб берилган. Тармоқда тарқалган хабарлар айрим олийгоҳлар, хусусан, Ўзбекистон Миллий университети, Санъат ва маданият институти, Тошкент давлат аграр университети ва Самарқанд давлат тиббиёт университетининг 1-босқич талабалари билан боғлиқ.

Вазирлик уларга стипендия тайинлаш бўйича тегишли буйруқларни расмийлаштириш ва банк пластик карталарини очиш жараёни кечиккани сабабли тўловлар амалга оширилмасдан қолганини билдирди.

«Ҳозирда мазкур буйруқлар тўлиқ расмийлаштирилмоқда ва барча олий таълим муассасалари талабаларига стипендия тўловлари жорий ҳафта якунига қадар амалга оширилади»,  дея тушунтирди ташкилот.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид