Таълим | 14:23 / 13.09.2025
2556
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ўқитувчи ва талабалар Хитой стипендияси билан таъминланади

Хитойнинг Lookwe журналида "Ўзбекистон ва Хитой: ҳамкорликни чуқурлаштириш ва Ипак йўли меросини қайта тиклаш" сарлавҳали мақола чоп этилди.

Нашрда таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой "Ипак йўли мероси" лойиҳаси доирасида маданий ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда. Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлари ва Хитой шаҳарлари ўртасида мунтазам равишда анжуманлар, кўргазмалар, санъат фестиваллари ўтказиб келинмоқда. "Бир макон, бир йўл" ташаббуси маданий дипломатия ва туризмни ривожлантиришга кучли туртки берди.

"Ўтган йиллар давомида икки давлат ўзаро муносабатларни 2013 йилда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация ва 2016 йилда имзоланган ўзаро англашув меморандуми каби қатор келишувлар орқали янада мустаҳкамлади. 2023 йилда 2023-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси имзоланди", – дейилган мақолада.

2025 йил "Хитойда Ўзбекистон туризми йили" деб эълон қилинди ва Ўзбекистон ўзининг маданий ва сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ намойиш этиш учун Гуанчжоу халқаро сайёҳлик ярмаркаси каби йирик кўргазмалар фаол иштирок этмоқда.

Истиқболдаги режалар орасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиш, ўзбекистонлик ўқитувчи ва талабаларни Хитой стипендияси билан таъминлаш, ҳар икки давлатда маданият ҳафталикларини ташкил этиш, маданий меросни асраб-авайлаш, санъат ва таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид