Ўзбекистон | 10:40 / 14.05.2020
34851
3 дақиқада ўқилади

65 минг киши Россиядан Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган - ТИВ

Сўнгги кунларда Ўзбекистон фуқароларини Россиядан олиб кетиш учун ташкил этилаётган чартер рейслари кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда баъзи ватандошларнинг видеолавҳалари тарқалди.

Фото: LiveJournal

Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 2020 йил 12 май ҳолатига кўра, элчихона консуллик бўлими томонидан тузилган онлайн-рўйхатга ватанга қайтиш истагини билдирган 55 минг киши киритилган. Бу каби рўйхатлар Ўзбекистоннинг Россия ҳудудларидаги Бош консулхоналари томонидан ҳам юритилиб, уларда тахминан 10 мингга яқин фуқаро қайд этилган. Жорий йил 11-12 май кунларининг ўзида 14 минг ватандош Ўзбекистонга қайтишда ёрдам сўраб элчихонага мурожаат қилган.

“Ҳозирги вақтда Элчихона ўз имкониятлари ва ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россиядан имкон қадар тез муддатда олиб чиқишга барча кучларини сафарбар қилган. Тезкор штаб тузилган, 9 та ходимдан иборат махсус гуруҳ ташкил этилиб, у доимий равишда фуқаролар билан ишлаб келмоқда. 

Маълумки, чартер рейсларига биринчи навбатда кекса, касал фуқаролар, ҳомиладор ва болали аёллар, шунингдек, илгари бекор қилинган доимий рейсларга чиптаси бор фуқаролар жойлаштирилади. Шу сабабли элчихона дипломатлари томонидан тасдиқловчи ҳужжатлар сўралганда ватандошларимиздан вазиятни тўғри тушунишларини ва тегишли ҳужжатларни тақдим этишларини сўраймиз”, - дейилади маълумотда.

Сўнгги кунларда элчихона ва консуллик бўлими атрофида чартер рейслари орқали Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган фуқароларимиз тўпланиши кузатилмоқда. Ушбу ҳолат турли касалликлар, шу жумладан, коронавирус инфекциясини юқтириш хавфини орттириши айтилган.

Элчихона Россиядан учиб кетишни хоҳлаган фуқаролар рўйхатини ўз консуллик округи (Марказий федерал округ) доирасида олиб бораётгани, Россиянинг бошқа ҳудудларида бўлиб турган ватандошлар Ўзбекистоннинг тегишли Бош консулхоналарига мурожаат қилишлари мумкин экани билдирилган.

Элчихона Россиядаги ўзбекистонликларнинг CОВИД-19 коронавируси тарқалиши билан боғлиқ вазиятдан хавотирлари ва Ватанга, ўз оила ва яқинлари бағрига қайтиш истагини яхши тушунади. Шу билан бирга, Элчихона Россиядаги ватандошларимиз тўқнаш келаётган молиявий қийинчиликлар ҳақида ҳам хабардор бўлиб, шу кунларда «Меҳр» лойиҳаси доирасида фуқароларимизга бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлаб беришни бошлади.

Мавзуга оид