Жаҳон | 11:02 / 11.01.2026
8744
5 дақиқада ўқилади

Трамп Гренландия унга нима учун кераклигини изоҳлади

«Биз Гренландияни ҳимоя қилишимизга тўғри келади» – Трамп ҳудудни Россия ёки Хитой эгаллаб олиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Andrew Harnik / Getty Images

Президент Доналд Трамп Гренландия Россия ёки Хитой қўлига ўтиб кетмаслиги учун ҳудудни АҚШнинг ўзи эгаллаши лозимлигини айтди.

«Мамлакат мулкка эгалик қилиши ва ижарага олинган жойни эмас, ўз мулкини ҳимоя қилиш керак. Ва биз Гренландияни ҳимоя қилишимиз керак бўлади», – деди Трамп BBC журналистининг саволига жавобан.

У Вашингтон бунга эришиш учун «оддий йўл»дан ҳам, «оғир йўл»дан ҳам бориши мумкинлигини қўшимча қилган.

Оқ уй яқинда Америка маъмурияти АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчиси ҳисобланган Данияга тегишли мазкур автоном ҳудуд устидан назоратни қўлга киритишнинг бир неча усулларини кўриб чиқаётганини маълум қилди. Вашингтон оролни сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда, бироқ уни куч ишлатиш йўли билан аннексия қилишни ҳам истисно этмаяпти.

Дания ва Гренландия расмийлари эса ҳудуд сотилмаслигини айтмоқда. Хусусан, Дания бош вазири Фредериксен Метте АҚШнинг эҳтимолий ҳарбий операцияси НАТОнинг тугашини англатишини айтган.

Жума куни кечқурун Гренландиядаги асосий партиялар, жумладан, мухолифат партиялари етакчилари қўшма баёнот эълон қилиб, унда «АҚШнинг мамлакатга нисбатан беписанд муносабатига чек қўйиш»га чақирди.

«Биз америкалик бўлишни истамаймиз, даниялик бўлишни истамаймиз, биз гренландиялик бўлишни истаймиз. Гренландиянинг келажагини гренландияликларнинг ўзлари белгилашлари керак», – дейилади баёнотда.

Америка базаси

Гренландия аҳоли зичлиги бўйича дунёда энг паст кўрсаткичга эга ҳудуд ҳисобланади, бироқ унинг Шимолий Америка ва Арктика ўртасидаги географик жойлашуви эҳтимолий ракета зарбаларини ҳамда минтақадаги кемалар ҳаракатини кузатиш имконини беради.

АҚШ президенти Гренландия АҚШ миллий хавфсизлиги учун жуда муҳим эканлигини бир неча бор таъкидлаган. Хусусан, ҳеч қандай далил-исбот келтирмасдан, ҳудуд «Россия ва Хитой кемалари билан тўла» эканини даъво қилган.

АҚШ Иккинчи жаҳон уруши давридан буён Гренландияда ҳарбий базага эгалик қилади

Гренландиянинг шимоли-ғарбий чеккасидаги «Питуффик» ҳарбий базасида 100 дан ортиқ америкалик аскар жойлаштирлган. АҚШ бу базани Иккинчи жаҳон урушидан бери сақлаб келади.

Амалдаги АҚШ-Дания келишувларига кўра, АҚШ Гренландиядаги базага чекланмаган миқдорда ҳарбий юбориши мумкин.

Аммо журналистлар билан учрашувда Трамп ижара келишуви етарли эмаслигини айтди.

«Давлатлар тўққиз йиллик ёки ҳатто юз йиллик битимлар тузмаслиги керак», – деди АҚШ президенти ва гап мулк ҳақида кетиши кераклигини қўшимча қилди.

«Мен Хитой халқини севаман, мен Россия халқини севаман. Лекин улар Гренландиядаги қўшниларимиз бўлишини истамайман. Бундай бўлмайди. Ва НАТО буни тушуниши керак», – деди Трамп.

Якунланган ҳафта давомида НАТОдаги асосий иттифоқчилари – Европа давлатлари ва Канада Данияни бу масалада қўллаб-қувватлаб баёнот беришди, унда «ўзаро муносабатлар бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқи фақат Дания ҳамда Гренландиянинг ўзида қолиши» таъкидланади.

Европаликлар ўзлари ҳам Арктика минтақаси хавфсизлигидан манфаатдор эмасликларини, аммо бунга барча иттифоқчиларнинг, жумладан, АҚШнинг «коллектив саъй-ҳаракатлари» билан эришиш зарурлигини қайд этишган.

Баёнотда АҚШ «БМТ Низоми тамойилларига, жумладан, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва чегараларнинг дахлсизлигига риоя қилиш»га чақирилган.

Трамп Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш учун ҳарбий куч ишлатишга қарор қилганидан кейин Гренландия келажаги ҳақидаги хавотирлар яна кун тартибига чиқди.

2019 йилда, ўзининг биринчи президентлик муддатида ҳам Трамп Гренландияни сотиб олиш бўйича таклиф берган, бироқ бунга жавобан унга Гренландия сотилмаслиги айтилганди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио яқин кунлар ичида Дания билан музокаралар ўтказмоқчи.

Сўнгги йилларда Гренландиянинг табиий ресурслари, жумладан, нодир металлар, уран ва темирни ўзлаштириш имкониятлари фаол муҳокама қилинмоқда. Глобал иқлим ўзгариши фонида асрий музлар эриётгани туфайли уларга етиб бориш осонлашмоқда.

Олимлар фикрича, Гренландияда нефт ва газ захиралари ҳам кўп бўлиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид