Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Олимпиада – мактаб обрўсини кўтариш воситаси бўлмаслиги керак» — вазир ўринбосари
Туман олимпиадаларида ёмон натижа кўрсатган болага яхши баҳо қўйиб, кейинги босқичга ўтказган ўқитувчилар шахси ошкор этилади. Адолатсизлик сабаб ўрин ололмай қолган ўқувчиларга кейинги босқичда қатнашиш ҳуқуқи берилади.
3 декабр куни Халқ таълими вазирлигида тизимдаги коррупция ҳолатлари масаласида Коррупцияга қарши кураш агентлиги иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда мактаб олимпиадаларини шаффофлаштириш ҳақида ҳам сўз борди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Олимпиада – иқтидорларни саралайдиган механизм, кейин биз ана шу сараланган ўқувчилар билан ишлаймиз. Болалар мажбуран олиб борилмаслиги лозим. Янги тизимимизда ҳар битта мактаб олимпиадада албатта қатнашиб, ўз обрўсини кўтаришга ҳаракат қилиши масаласи бўлмаслиги керак», – деди вазирнинг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев.
Унинг сўзларига кўра, туман олимпиадаларининг айрим натижалари танланма шаклда таҳлил қилинган. Таҳлил натижаларига кўра, олимпиадада берилган топшириқларни яхши бажарган, лекин балли сунъий пасайтириб қўйилган болаларга, улар юқори ўринларни олмаган бўлса ҳам, кейинги босқичда қатнашиш ҳуқуқи берилади.
Шу билан бирга, балли сунъий оширилган ўқувчиларнинг олган ўрни сақлаб қолинади, уларнинг исм-фамилиялари ошкор этилмайди ва улар ҳам кейинги босқичда қатнашади. Чунки бу ишларда боланинг айби бўлмаслиги мумкин, дея изоҳлади Усмон Шарифхўжаев.

«Лекин айнан туман олимпиадасида атайлабдан ёмон ишга яхши балл қўйган ўқитувчилар ҳақида алоҳида маълумот берамиз, исботи билан эълон қиламиз», – деди вазир ўринбосари.
Шарифхўжаевнинг қўшимча қилишича, олдинлари республика олимпиадаси ғолиби тўғридан тўғри ўқишга кирарди. Ҳозир эса бу имтиёз йўқ. Фақатгина халқаро олимпиада ғолиби молиявий рағбат олади ва ОТМга имтиҳонсиз қабул қилинади.
Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда мактаб директорлари фаолиятига олимпиадаларда уларнинг ўқувчилари олган ўринларга қараб эмас, асосан битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичига қараб баҳо берилмоқда.
Шу билан бирга, мактаб раҳбариятидан ўқувчиларни мактаб давридаёқ бирор касбга ўргатиш талаби қўйилмоқда.
Мавзуга оид
13:06 / 21.10.2025
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадаси ўтказилади
11:13 / 21.08.2025
Роботлар олимпиадасида Хитой компаниялари зафар қучди
20:55 / 01.07.2025
Президент ҳузурида Олимпия ҳаракатини ривожлантириш режалари кўриб чиқилди
17:01 / 30.05.2025