Ўзбекистон | 22:50 / 29.04.2020
21447
4 дақиқада ўқилади

2020-2021 йилларда Ўзбекистондаги барча қишлоқ ва маҳаллалар юқори тезликдаги интернетга уланади

2020-2021 йилларда Ўзбекистондаги барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотлари, қишлоқлар ва маҳаллалар юқори тезликдаги интернет тармоғига уланади — тегишли президент қарори қабул қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш вазифаси қўйилган.

Бунинг учун 2020-2021 йилларда барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларини, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллаларни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш ҳамда алоқа хизматлари сифатини ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, қарорда қуйидагилар рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни янада ривожлантиришнинг қўшимча вазифалари этиб белгиланган:

  • 2023 йилга келиб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ЯИМдаги улушини 2 бараварга кўпайтиришни назарда тутган ҳолда, шу жумладан, ишлаб чиқаришни бошқаришда ахборот тизимлари комплексини жорий қилиш, молиявий-хўжалик фаолиятда ҳисобот юритишда дастурий маҳсулотлардан кенг фойдаланиш, шунингдек, технологик жараёнларни автоматлаштириш орқали уни жадал шакллантириш;
  • 2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизгача етказишни назарда тутган ҳолда давлат ахборот тизимлари ва ресурсларини яратиш ҳамда интеграция қилиш, давлат маълумотлар базаларидаги ахборотларни унификация қилиш, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш тартиботларини оптималлаштириш ва тартибга солиш орқали электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш;
  • дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва технологик майдончалар яратиш орқали «рақамли тадбиркорлик»ни ривожлантириш, 2023 йилга келиб ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 бараварга ошириш ва уларнинг экспортини 100 миллион долларга етказиш;
  • таълим тизимининг барча босқичларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий иқтисодиёт учун зарур бўлган рақамли билимларнинг даражасини ошириш, таълим инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, «Беш ташаббус» лойиҳасини амалга ошириш доирасида 2022 йилга қадар республиканинг барча ҳудудларида рақамли билимларга ўқитиш марказларини очиш.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамда Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази давлат муассасалари ташкил этилади.

Ҳужжат билан «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор UZINFOCOM» МЧЖнинг устав капиталидаги давлат улуши, Вазирлик ташкилий тузилмасидаги хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат акция пакетлари, «Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» ДУКнинг ахборот тизимлари ва бошқа аппарат-дастурий комплекслари Вазирликка беғараз асосда ўтказиб берилиши белгиланди.

Бундан ташқари, қарорда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида ишлатиладиган барча ахборот тизимлари ва ресурсларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги фақат «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Мавзуга оид