1998 йил 7 июл. Шоҳимардонни вайрон қилган сел қишлоқ тарихида энг оғир фожиалардан бири бўлди. Шу куни ярим тунда Қирғизистон тоғларида улкан музликлар эриши оқибатида қишлоққа даҳшатли сел келди. Табиий офат кўплаб оилалар ёстиғини қуритди. Юзлаб одамлар бедарак йўқолди. Шоҳимардонликлар учун бу кун даҳшатли хотиралар билан муҳрланди.

Шу куни аксар шоҳимардонликлар футбол бўйича жаҳон чемпионати яримфинал баҳси Бразилия – Нидерландия ўйини бошланишини кутиб телевизор қаршисида ўтирган эди. Футбол маълум маънода тоғликлар ҳаётини сақлаб қолди. Ҳали уйқуга кетмаган кўплаб тоғликлар тепаликка қочиб чиқишиб офатдан қутулиб қолди.

Ўша машъум тунда Раҳмиддин ака икки ўғлидан айрилди. Дўконда савдони тугатиб уйга қайтишга улгурмаган ака-укани сел оқизиб кетди.

Раҳмиддин Жўраев

Ўғилларимнинг томга яширилган уст-бошини топиб олиб ҳидлаб йиғлайман...

“Ҳеч ким фарзанд доғи билан синалмасин. Ўша машъум тунда икки ўғлимдан айрилдим. Фарзандларим дўконда ишлаб турган жойида сел оқизиб кетди. Мурдалари бирин-кетин топилди. Ёз фасли бўлгани учун қишлоқда одам кўп бўлган, айни мавсум эди. Тўсатдан келган сел овози кучлилигидан танк деб ўйладим.

Сел оқизиб кетган ака-ука

Ўғилларим ҳаёт бўлганда бағрим бутун бўлган бўлармиди?… Аллоҳга керак экан, олди. Ҳалигача болаларимнинг расмларига қараб эслайман. Томоша қиламан.

Ўғилларимни соғинсам, сой бўйига келаман, чунки уларнинг жасади шу ердан топилган. Тўйчивой ўғлим сув дамбасига осилиб қолган экан. Аллоҳ шундай тақдир берган экан, унга кўнмасдан иложимиз йўқ.

Хотиним кўриб сиқилмасин деб ўғилларимнинг кийимларини томга олиб чиқиб яшириб қўярди. Уларнинг кийимларини топиб олиб кечалари билан йиғлаб чиқардим. Уст-бошини ҳидлаб болаларимни эслардим.