Жаҳон | 10:57 / 09.12.2023
37953
5 дақиқада ўқилади

«У Кремлга ўзини ўзи таклиф қилган»: Раисийнинг Москвага кутилмаган ташрифи ҳақида нималар дейишмоқда?

7 декабр куни Россия президенти Владимир Путин Кремлда Эрон президенти Иброҳимо Раисий билан учрашув ўтказди. Учрашув беш соатга яқин давом этган – томонлар Ғазо секторидаги вазият ва иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишган.

Фото: IRANIAN PRESIDENCY / HANDOUT/ANADOLU

Бундан бир кун олдин Россия президенти БАА ва Саудия Арабистони етакчилари билан учрашувлар ўтказганди.

Эрондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Россия президенти Раисийнинг Москвага келишидан хабардор бўлганига шубҳа қилиб, эронликлар етакчиси Кремлга «ўзини ўзи таклиф қилган» бўлиши мумкинлигини қўшимча қилишган.

BBC рус хизмати Раисий Путин билан нималарни гаплашгани ва унинг Москвага ташрифи Эроннинг ўзида қандай қабул қилингани ҳақида ёзди.

Путин ва Раисий нималарни гаплашди?

Владимир Путин ва Иброҳим Раисий Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама этишган. Эрон етакчиси Ғазо секторида бўлаётган ҳодисаларни фаластинликларнинг ғарб қўллаб-қувватловида «геноцид» қилиниши деб атаган.

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён твиттердаги саҳифасида ёзишича, «томонлар Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги уруш ва геноцидга зудлик билан чек қўйиш, сектор аҳолисининг мажбурий кўчирилишини тўхтатиш ва бутун Ғазога инсонпарварлик ёрдамлари ёппасига етказиб берилиши учун Рафаҳдаги чегарани зудлик билан очиш зарурлигини қайд этишган».

Раисий ва Путин иқтисодий ҳамкорликни ҳам муҳокама қилишган. Путин Россия ва Эрон ўртасида савдо айланмаси ҳажми сўнгги йилда 20 фоизга ошиб, 5 млрд долларга етганини айтган.

Учрашув бошидаги сўзларида уларнинг иккиси ҳам мамлакатлар ўртасида ҳарбий ҳамкорлик кучайиб бораётганини тилга олишмаган. АҚШ ва унинг иттифоқчилари эса бу ҳақда тез-тез эслатиб туришади — хусусан, Эрон Россияга Shahed 131/136 русумли минглаб дронлар етказиб берган ва улар Украинага зарбалар беришда фаол қўлланмоқда.

Кейинроқ Россиянинг ўзида, Елабуга шаҳрида ҳам худди шундай учувчисиз учар қурилмалар ёки уларнинг такомиллаштирилган вариантларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Эрон Россияга тайёр «шаҳидлар» етказиб беришда давом этаётгани ва Россияда йиғилаётган аппаратлар қай даражада Эрон таркибий қисмларидан иборатлиги маълум эмас.

Ўтган ҳафтада Эрон Россиянинг Су-35 русумли замонавий қирувчи самолётлари ва Ми-28 жанговар вертолётларини харид қилиш жараёнида экани хабар қилинди.

Путин Раисийнинг Москвага ташрифи ҳақида билганми?

Владимир Путин ва Иброҳим Раисий Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилган, эронликлар етакчиси Ғазо секторидаги воқеаларни фаластинликлар «геноциди» деб баҳолаган. Фото: KREMLIN PRESS OFFICE/ANADOLU

Эрон давлат телевидениесида трансляция қилинган учрашув давомида Путин ҳафта бошида Форс кўрфази томон йўлда Эрон устидан ўтаётганида қўнишни ва Раисий билан шахсан кўришишни истагани ҳақида айтди.

«Аммо менга айтишдики, президент Москвага учишга тайёрланмоқда!», — дея қайд этди Россия президенти.

Бу гап Эрондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида Путин Раисий Россияга бормоқчилигидан хабари бўлганига шубҳалар пайдо қилди.

Раисий Россияга «ўзини ўзи таклиф қилган», чунки «Эрон Путиннинг кун тартибида бўлмаган», деб ҳисоблайди твиттер фойдаланувчиларидан бири.

«Ислом Республикаси учрашув ўтказишни сўраб туриб олганидан кейин, катта эҳтимол билан руслар [Раисий]ни Путиннинг графиги охирига қўйишган», — дея қўшимча қилади у.

Ижтимоий тармоқнинг кўплаб фойдаланувчилари фикрича, Путин Раисийни унинг ўзини Саудия Арабистони ва БААда кутиб олишгани каби шодиёналик билан қаршиламади, деб ёзади BBC Форс хизмати журналисти Сорош Пакзад.

Саудия Арабистони ва Россия — дунёда АҚШдан кейинги икки йирик нефт қазиб олувчи давлатлар ҳисобланади.
Фото: ALEXEY NIKOLSKY/POOL/AFP

Ҳафта аввалида Владимир Путин Россиянинг тўртта Су-35С қирувчи самолёти ҳамроҳлигида БААга учиб бориб, шайх Муҳаммад ибн Зайд Ал Наҳайён билан учрашганди.

Кейин у Саудия Арабистонига йўл олди ва валиаҳ шаҳзода, амалда ушбу мамлакат ҳукмдори бўлган Муҳаммад ибн Салмон билан учрашув ўтказди.

БАА ва Саудия Арабистони март ойида Путинни Украинада ҳарбий жиноятларда айблаб, уни ҳибсга олишга ордер берган Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан олмайди.

Путин Раисийнинг Эронга ташриф буюриш бўйича таклифидан фойдаланишини айтган. Эрон ҳам Халқаро жиноий суднинг Рим статутини имзоламаган.

Мавзуга оид