Адибларнинг Исроилга бойкоти, Пизишкиённинг баёноти ва Ғазода урушни якунлашни ваъда қилаётган Ҳаррис — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Фаластиндаги вазият
Исроил Ғарбий соҳилнинг Тулкарам шаҳридаги Нур Шамс қочқинлар лагеридаги БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги — UNRWA офисини вайрон қилди.
Бунга сабаб яқинда Исроил парламенти Кнессет UNRWA’нинг Исроил ва оккупация остидаги Фаластин ерларида ишлашини тақиқловчи қонун қабул қилгани бўлди.
БМТ ёрдамида вужудга келган давлат БМТнинг ташкилотлари ишлашини тақиқламоқда. Бу сурбетликнинг олий кўриниши бўлса керак.
Фаластинликларга қарши олиб борилаётган қирғинбарот урушнинг 395-кунига келиб, қамал қилинган эксклавда қурбон бўлганлар сони 43 минг 341 кишига етди. 102 минг 105 киши ярадор бўлган.
Ўлдирилганларнинг 17 мингдан ошиғи ёш болалар. 21 мингдан ортиқ болалар бедарак йўқолган ҳисобланади. Сўнгги сутканинг ўзида Ғазода 3 та оммавий қирғин уюштирилди. 33 киши ҳалок бўлган, 156 киши яраланган.
Ливанга қилинган ҳужумлар натижасида ҳам ҳалок бўлганлар сони ошиб бормоқда. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, биргина сўнгги сутка ичида 16 киши ўлдирилган, 90 киши яраланган. Умумий қурбонлар сони 3002 кишини, ярадорлар эса 13 минг 492 кишини ташкил этган.
Адибларнинг Исроилга бойкоти
Бутун дунё бўйлаб мингдан ортиқ адиб ва шоирлар, жумладан, адабиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати Арундҳати Рой Исроилнинг Ғазо ва бошқа Фаластин ерларидаги жиноятларга шерик бўлган яҳудий нашриётларини бойкот қилишга чақириб хат имзолашди.
«Биз фаластинликларни эзишга алоқадор ёки сукут сақлашни афзал биладиган Исроилнинг маданий муассасалари билан ҳамкорлик қилмаймиз», — дейилади баёнотда.
Ҳаракат «Китоблар геноцидга қарши» ва «Фаластин адабиёт фестивали» каби олтита ҳуқуқбонлик гуруҳлари томонидан вужудга келтирилган.
Улар Исроилдаги 98 та нашриётни ўрганиб чиқиб, улардан бор-йўғи биттаси — November Books тенгсизлик ва апартеидга очиқчасига қарши чиқаётганини аниқлашди.
Европа Иттифоқининг ўз НАТОси
Европа парламенти раҳбари Роберта Метсола Европа Иттифоқи ўзининг НАТО каби мудофаа ташкилотига эга бўлиши лозимлигини таъкидламоқда.
«Европа Иттифоқчи кучли, янада изчил ва самарали бўлмоғи лозим. Мен буни ҳақиқий хавфсизлик ва мудофаа иттифоқи тузиш ҳақида гап кетганда ҳам такрорламоқдаман. Бундай иттифоққа анчадан буён эҳтиёжимиз бор ва у НАТОни тўлдиради, унга рақобат қилмайди», — деган у Испаниянинг El Mundo нашрига.
Метсоланинг қайд этишича, Россиянинг Украинага бостириб кириши билан вужудга келган кўҳна қитъадаги беқарор вазият АҚШдаги сайлов натижаларидан мустақил равишда Европадан ҳар қандай хавф-хатарларга тайёр туришни тақозо этади.
«Январда янги президент бўлади, демакки, янги маъмурият ҳам. Янги Сенат ва янги Конгресс ҳам иш бошлайди. Шу вақтгача Украинага ёрдам масаласида муштарак қарашларга эга эдик. Биз умид қиламизки, биргаликда ишлашда давом этамиз», — деган у.
Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам Европани ташқи таҳдидлардан ҳимоялаш ҳақида гапирган эди. Ляйен хонимга кўра, Европа Иттифоқи сўнгги йилларда мудофаа харажатларининг етишмаслиги ва самарасизлигига дучор бўлган. У келтирган маълумотларга кўра, 2019-2021 йилларда Евроиттифоқнинг мудофаа харажатлари атиги 20 фоизга ўсган, Хитой ва Россия бундай харажатларни 600 ва 300 фоизга оширган. Шу муносабат билан у Мудофаа бўйича еврокомиссар лавозимини жорий этиш ва Европа мудофаа фондини тузишни таклиф қилган.
Эрон президенти баёноти
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Теҳронда вазирлар маҳкамаси олдида чиқиш қилар экан, Эрон ҳар қандай ҳужумга жавоб қайтариши, бироқ бу жавобнинг даражаси агар Исроил минтақадаги агрессияни бас қилса ва сулҳ тузишга рози бўлса ўзгариши мумкинлигини таъкидлади.
Пизишкиён АҚШ ва Европа етакчилари ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг Теҳронда ўлдирилишига жавобан Эрон жавоб зарбаси бермаса Ғазода тинчлик ўрнатилишини ваъда қилишганини эслатиб ўтган.
«Айнан сионистик режим янги ҳукуматимизнинг илк иш кунида Ҳанияга суиқасд уюштириб, уруш келтириб чиқаришга уринди. Биз айрим давлатларнинг тавсиясига кўра, тинчлик ўрнатилиши ҳамда бегуноҳ болалар ва аёлларнинг ўлдирилиши бас қилинади деган умидда ўзимизни тийиб турдик, бироқ Исроил ўз жиноятларини янада авж олдирди», — деган Пизишкиён.
АҚШ мусулмонлари танлови
Эртага АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Хўш, америкалик мусулмонларнинг электорал танлови қандай?
Сўнгги сўровномаларнинг кўрсатишича, Америкадаги 2,5 млн мусулмон сайловчиларнинг катта қисми Байден ва Ҳаррис маъмуриятининг Исроилни қўллаб-қувватлаётганидан аччиқланиб, сайловда учинчи партияга овоз бериши мумкин.
CAIR (Америка-исломий муносабатлар кенгаши) томонидан 30-31 октябр кунлари 1,5 мингдан зиёд қайдга олинган сайловчилар ўртасида ўтказилган сўровнома яшиллар партияси вакили Жилл Стайн 42,3 фоиз овоз билан етакчилик қилаётганини кўрсатди.
Мусулмон сайловчиларнинг 41 фоизи демократлар номзоди Камала Ҳаррисга овоз беришга тайёр. Доналд Трампни 10 фоизга яқин сайловчилар қўлламоқда.
Сўралганларнинг 5 фоизи умуман сайловда иштирок этмоқчи эмас ва иккиланаётган сайловчилар деярли йўқ. Шу сабабли сайлов куни асосий штатларда америкалик мусулмонлар сезиларли таъсир ўтказишга бел боғлашган.
Ҳарриснинг мусулмонларга ваъдаси
Демократлар номзоди Камала Ҳаррис мусулмонларга Ғазодаги урушни якунлашни ваъда қилмоқда.
«Президент сифатида мен Ғазодаги уруш якунланиши учун барча имкониятларни ишга соламан», — деган Ҳаррис Ист-Лансингда ўтган митинг чоғида Мичиган штатидаги 200 минглик араб-мусулмон ҳамжамиятига қарата хитоб қилиб.
«Бу йил Ғазодаги вайронгарчиликлар ва ўлимлар миқёси, шунингдек, Ливандаги тинч аҳоли ва кўчирилган одамлар орасидан қурбонлар туфайли жуда оғир келди. Вазият ўта ҳалокатли ва мен президент этиб сайлансам, Ғазодаги урушни тугатишга, гаровда ушлаб турилганларни уйларига қайтаришга, Ғазодаги азобларни тугатишга, Исроилнинг хавфсизлиги таъминланиши ва Фаластин халқига эркинлик, хавфсизлик ва ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқи берилишига бор кучимни сарфлайман», — деган Ҳаррис гулдурос қарсаклар остида.
Сайловга бир кун қолганда жамоатчилик фикри 60 ёшли Ҳаррис ва 78 ёшли Трамп борасида тенг иккига бўлинган. Ҳаррис кўпроқ аёл электорат қўлловига эга бўлаётган бўлса, Трамп испан тилли сайловчилар, айниқса эркаклар ўртасида позициясини мустаҳкамлаган.
Трамп мағлубиятга тайёр эмас
Сайловга икки кун қолганда Доналд Трамп яна эски гиналарни эсга олди ва 2020 йилда сайловда мағлубиятга учраганидан сўнг Оқ уйни тарк этмаслигим керак эди, деди. Иккиланувчи штат Пенсилванияда бу баёнотни берар экан, у ўзининг ўтган сайлов кампаниясидан норозилигини таъкидлаб ўтди ва бу сайловдан сўнг АҚШда фуқаролик келишмовчилиги хавфини ошириши мумкин.
Митингда Трамп ўзининг асосий сайловолди масалаларига тўхталган ва кўп ўтмай “эски пластинкаси”ни ишга солган — 2020 йилги сайловларни эслаб, демократларни “иблислар” деб атаган.
«Мен лавозимни тарк этаётганимда бизнинг чегараларимиз дунёдаги энг хавфсиз чегаралар эди”, деган Трамп ўзининг кетиши хато бўлганини таъкидлаб. 2020 йилда у ҳаттоки Оқ уйни тарк этмаслик имкониятини кўриб чиққанини айтган. Бу унинг натижаларини тан олмасдан, конституцияни бузишга тайёр бўлганига ишора қилади.
Собиқ президент аллақачон рад этилган сайловдаги сохталаштиришлар назариясини яна тилга олган ва демократларни натижалар билан манипуляция қилишда айблаган.
Трамп ўзи Ҳаррисга катта фарқ билан ютқазаётганини кўрсатиб берган Айовадаги сўровномаларни ҳам танқид остига олган.
«Бу номзодни сунъий босиб қўйиш деб аталади ва бу ноқонуний деб топилиши керак», — деган сиёсатчи. Унинг қўшимча қилишича, ўз жамоаси ички сўровномаларга қарамасдан, ғалаба қозонишга ишончи комил. Трамп иккиланувчи еттита штатдан бештасида етакчилик қилаётганини айтган.
Мавзуга оид
13:18 / 04.11.2024
Ғазода қамалда қолган 100 минг инсон, иттифоқчиларидан хафа Эрон ва Сандунинг сайловдаги ғалабаси — кун дайжести
13:08 / 02.11.2024
Ливандаги янги қурбонлар, жавоб ҳужумига тайёрланаётган Эрон ва жангга киришга ҳозирланаётган КХДР аскарлари — кун дайжести
13:59 / 01.11.2024
Ливанда оташкесим келишуви, Исроилнинг йўқотишлари ва Зеленский КХДР аскарлари ҳақида — кун дайжести
13:00 / 31.10.2024