Жаҳон | 07:37 / 28.05.2024
11871
2 дақиқада ўқилади

Макрон Европани АҚШ ва Хитойдан мустақил бўлишга чақирди

Европа ўз мудофааси ва хавфсизлиги ҳақида мустақил ўйлаши керак, деди Франция президенти. 

Фото: Ludovic Marin/AFP

Франция президенти Эммануэл Макрон кучли ва суверен Европани шакллантиришга чақирди. Макрон 27 май, душанба куни Дрезденда ёшларга: «Европа - тинчлик, фаровонлик ва демократия тарихидир», деди. Бироқ, унинг фикрича, Европа ҳаракат қилмаса, буларнинг барчаси хавф остида қолади.

Европа ўз тарихида мисли кўрилмаган лаҳзани бошдан кечирмоқда, бу эса уни ўз мудофааси ва хавфсизлиги ҳақида мустақил фикр юритишга мажбур қилмоқда, деди Макрон. У НАТО доирасида иттифоқчи сифатида ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлаб, «Европа хавфсизлиги хавф остида» эканини қўшимча қилди. Шу билан бирга, Эммануэл Макрон Европа Иттифоқи «ўз географиясини ўзгартирмаслигини», Россия эса қўшниси бўлиб қолишини тан олди.

Иқтисодий жиҳатдан Европа давлатлари Хитой ва АҚШ рақобати олдида янада суверен ва мустақил бўлиши керак, деди Франция раҳбари. «Бизнинг Европа ўзини қайта кашф қилиши, тўғрироғи келажак авлодлар учун янги ўсиш парадигмасини қуриши керак», деди у.

Макроннинг Германияга ташрифи

Эммануэл Макрон 26 май куни Германияга келди. Бу Франция президентининг 24 йил ичида Германияга илк давлат ташрифидир. Илгари Франция раҳбарлари Германияга фақат амалий ташриф билан келган. Макрон ташрифининг биринчи куни Берлинда Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан учрашди, шунингдек, Германия Асосий қонуни қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этди.

28 май куни Макрон Мюнстерга ташриф буюради, у ерда унга Европадаги садоқат учун Вестфалия тинчлик мукофоти топширилиши режалаштирилган. Шундан сўнг Берлин яқинидаги Мезеберг қалъасидаги саройда икки давлат ҳукуматлари музокаралар ўтказади. 

Мавзуга оид