Ўзбекистон | 13:42 / 26.04.2019
6400
2 дақиқада ўқилади

Мўйноқда асфальтобетон заводи қурилади, аэропорт реконструкция қилинади

Фото: Табылды Кадырбеков

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ ва Қонликўл туманлари йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилаётган 4Р 173 “Қўнғирот ш.–Мўйноқ ш.” автомобиль йўлининг 91-98 километр қисмини тасдиқланган Бош режага мувофиқ 4 тасмали қилиб реконструкция қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ ва Қонликўл туманлари йўл транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”да айтилишича, Мўйноқ тумани ҳудудидаги автомобиль йўллари реконструкция қилинади ва таъмирланади ҳамда Мўйноқ аэропорти реконструкция қилинади.

Мўйноқ тумани ҳудудига асфальтобетон заводи қурилади. Йўл қурилиш техникалари ва машина-механизмлари қурилиш майдонига кўчирилади.

Шунингдек, йўл қурилиш ишларини мавсумийлигини инобатга олиб автомобиль йўлларини реконструкция қилинади ва таъмирлаш ишларини жадаллаштириш чоралари кўрилади. Қозоқдарё ҚФЙдан Порлитоғга олиб борувчи 4Н86 “Қўнғирот – Мўйноқ” автойўли (168км) – Шеге овули – Порлитоғ овули – Қозоқдарё қишлоғи” автомобиль йўлининг 24-38 км қисми сув тўғони қуриб битказилгандан сўнг мукаммал таъмирланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид