Ўзбекистон | 18:00 / 26.08.2025
16172
2 дақиқада ўқилади

Мўйноқда отилиб чиққан катта босимдаги газ жиловланди

Газ отқинини бартараф этишга 1 ой вақт кетди. “Қудуқ бахтсиз ҳодисалар ва талофатларсиз жиловланди”, дея хабар берди “Ўзбекнефтгаз”. Мураккаб шароитдаги қудуқни ёпиш ишларини муваффақиятли бажаргани учун 200 нафар ишчига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Фото: Видеодан кадр

Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани ҳудудида ер остидан отилиб чиққан газ жиловланди, деб хабар берди «Ўзбекнефтгаз».

26 июл куни «Ўзбекнефтгаз»га қарашли янги, лойиҳавий чуқурлиги 5000 метр бўлган 1-сон излов қудуғида 4707 метр чуқурлик бурғиланганда тўсатдан табиий газ отилиб чиққан эди.

Қайд қилинишича, газ отқинини бартараф этиш учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан тезкор штаб ташкил қилиниб, таркибига Очиқ фаввораларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича харбийлаштирилган қисм, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа масъул мутасадди ташкилотларнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда маҳаллий ҳокимликнинг мутахассислари жалб этилган.

Штаб томонидан газ отқинини бартараф этишга қаратилган «йўл харитаси» ишлаб чиқилган ва ишлар босқичма-босқич ҳамкор ташкилотлар кўмагида амалга оширилган.

Таъкидланишича, бугунги кун ҳолатига кўра, «йўл харитаси»даги барча ишлар малакали маҳаллий мутахассислар ҳамда махсус техника воситалари ёрдамида муваффақиятли бажарилиб, қудуқни назорат қилиш имкони яратилган.

Қайд этилишича, қудуқ турли бахтсиз ҳодисалар, талофатларсиз жиловланган. Мураккаб шароитдаги қудуқни ёпиш ишларини муваффақиятли бажаргани учун 200 нафар ишчига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид