Хатолик туфайли уйидан ҳайдалган фуқаро адолат истамоқда. Уйни эса Олий суд ўзиники қилиб олган
Ушбу мақолада давлат органлари бир оиланинг уй-жойини ғайриқонуний йўл билан тортиб олгани, кейинроқ бу уй Ўзбекистон Республикаси Олий суди ихтиёрига «белгиланган тартибда» ўзлаштирилгани ва бугунги кунда ҳам уй жабрдийдага қайтарилмай келинаётгани ҳақида келтирилади.
Уй кимга тегишли эди?
Дастлаб уйнинг асл эгаси ва бу уй қандай қилиб ундан тортиб олингани ҳақида ҳикоя қиламиз.
Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадон «Фаорис» ишлаб чиқариш тижорат фирмасининг 1992 йил 31 декабрдаги 541-сонли маълумотномасига асосан фуқаро (марҳум) Муҳсиддин Камалов номига мулк ҳуқуқи асосида ўтган. Кейинчалик М.Камаловнинг вафотидан сўнг мазкур хонадон Тошкент шаҳар Яккасарой туман 1-сонли ДНИнинг 2004 йил 13 апрелдаги ворислик ҳамда мерос мулкини тақсимлаш тўғрисидаги шартномаларга асосан ўғли Р.Камаловнинг номига давлат рўйхатидан ўтказилган.
Уй эгалари ўз уйларидан қувиб чиқарилган
Хонадон эгаларига мутлақо алоқаси бўлмаган шахсларга нисбатан олиб борилган жиноят иши терговини юритган давлат органи томонидан Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадонга тақиқ қўйилиб, хатланган ва Р.Камалов оила аъзолари билан асоссиз равишда уйдан ҳайдаб чиқарилган. Камалов ва унинг турмуш ўртоғи ўша мудҳиш кунни ҳали-ҳануз қўрқув ва изтироб билан ёдга олади.
Сабаб нима эди?
2003 йилнинг июль ойидан 2005 йилнинг декабрига қадар давлат улуши бўлган акциядорлик компанияларидан бирида бошқарув раиси лавозимида ишлаган А.Б. жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг 167, 168, 205, 210 ҳамда ўндан ортиқ бошқа моддалари билан айбланади.
А.Б.га оид жиноят иши тергови давомида унга тегишли эканлиги гумон қилиниб, республиканинг турли ҳудудларида жойлашган ва қариндошлари ҳамда таниш-билишлари номларига расмийлаштирилган уй-жой, квартиралар, турли русумдаги хорижда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо автомашиналар, ишлаб чиқариш корхоналари ва ҳатто зотдор отлар хатланган. Суднинг ҳукми билан етказилган зарарни қоплаш учун давлат эгалигига ўтказилган.
Мусодара қилинган квартиралар қаторида биз ҳикоя қилаётган Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадон ҳам бор эди.
Собиқ амалдорнинг таниши Ф.С.нинг номига расмийлаштирилган, деган янглиш хулоса билан тергов органи хатлаган Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадон суднинг ҳукми асосида етказилган зарарни қоплаш учун давлат фойдасига ўтказилган.
Ҳикоямиз шу жойига етганда судланувчи А.Б. ва унинг таниши Ф.С. билан квартира эгаси Камаловнинг қандай алоқаси бўлган деган савол туғилади. Муаммо ҳам шунда аслида. Уларнинг бир-бирига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Гап шундаки, айбланувчининг мол-мулкларини аниқлаш ва хатлашда тергов органи томонидан қўпол хатога йўл қўйилган. Суд эса буни текшириб ҳам ўтирмаган.
Ҳукм қонуний кучга киргач, квартира суд ижрочилари орқали сотувга чиқарилган. 2011 йил 19 май куни бўлиб ўтган очиқ аукцион савдосида ушбу квартирани Олий суд 58 500 000 сўмга ютиб олган. Ҳозир бу хонадондан Олий суд ходимларининг хизмат уйи сифатида фойдаланилмоқда.
Хеч бир айби бўлмасдан ўз уйидан айрилган ва оиласи билан кўчада қолган Камалов адолат излаб қарийб 9 йиллик умрини суд ва прокуратура идоралари остоналарида ўтказмоқда. Шу вақт орасида унинг бормаган идораси, шикоят қилмаган ташкилоти қолмаган, ҳисоб. Фақатгина 2018 йилга келиб ҳақиқат юзага чиқа бошлаган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2018 йил 26 январдаги ажрими билан кўп нарсага ойдинлик киритилган.
Аслида А.Б.нинг таниши Ф.С.нинг номига Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадон эмас, балки Юнусобод тумани 7-мавзе, 34-уй, 27-хонадон расмийлаштирилган бўлиб чиққан. Яъни, Камалов яшаган бу хонадоннинг судланувчига ёки унинг танишига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган деб топилган.
Шундан сўнг суд дастлабки тергов даврида ноқонуний равишда хатланган хонадонни хатловдан бекор қилиб, қонуний эгаси Р.Камаловга қайтариш тўғрисида ажрим чиқарган.
Лекин фуқаронинг хурсандчилиги узоққа чўзилмайди. Кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳолат шундан сўнг юз беради. Давлат ҳокимиятининг энг юқори органларидан бири ҳисобланган Олий суд марказий аппарати хўжалик бўлими бошлиғи фуқаро Камаловнинг фойдасига чиққан суд ажримидан «норози бўлиб», Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига, яъни ўзи ишлаб турган маҳкамага шикоят киритади. Ҳа, тўғри англадингиз, шикоят Олий суд ташкилий тузилмасидаги таркибий бўлинма раҳбари бўлган шахс томонидан киритилади.
Ўзининг бир том остида ишловчи ҳамкасбининг шикоятини қайси судья рад этарди. Қолаверса гап ўзи ишлаб, ойлик олиб турган идоранинг бевосита манфаатлари ҳақида бораётган бир вақтда...
Хуллас, 2018 йил 20 сентябрь куни Олий суд судлов ҳайъати Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг ажримига идора манфаатларини кўзловчи қуйидаги мазмунда ўзгартириш киритди: «Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадонни сотишдан бюджетга тушган пул маблағлари (58,5 млн. сўм – таҳр.) белгиланган тартибда Камаловга қайтарилсин».
Олий суд вакиллари нима дейди?
Мазкур масала бўйича изоҳ олиш мақсадида Олий судда бўлиб, ташкилот матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов ва Олий суд судьяси Учқун Рўзиев билан суҳбатлашдик. Судьянинг таъкидлашича, Олий суднинг бундай тўхтамга келишига Фуқаролик кодексининг 229-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган, яъни агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни талаб қилиб олишга йўл қўйилмаслигига оид қоида сабаб бўлган ва бу ҳақида ажримда ҳам баён этилган.
«Сизнингча бу ажрим адолатли бўлганми?» деб берилган саволга у «Ҳар қандай қонуний қилинган иш адолатлидир», дея жавоб қайтарди.
Ҳолбуки, бугунги кунда ўртача қиймати 400-450 млн. сўм атрофида турадиган квартирани қарийб 11 йиллик сарсон-саргардонликлар-у кўрган азоблари учун узр сўраб, ўз эгасига қайтариш ўрнига, 58,5 млн. сўм пул қайтарилиши тўғрисида тўхтамга келинишига нима сабаб бўлди? Наҳотки, адолат қўрғони бўлиши лозим бўлган олий маҳкама ўз манфаатини фуқаронинг манфаатидан устун қўйса?!
Дарвоқе, суҳбат чоғида У.Рўзиев Олий суднинг 2018 йил 20 сентябрдаги ажрими устидан норози тараф белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
Хусусий мулк дахлсизлиги қаерда қолди?
Қонунга кўра, хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Лекин адолат учун масъул бўлган Олий суднинг ўзи фуқаронинг мулк ҳуқуқига дахл қилиб турган бўлса, буни қандай таърифлаш мумкин?!
Амалдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, бевосита ёки билвосита шахсий манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият манфаатлар тўқнашуви деб аталади. Қонунга кўра давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Олий суд ўз манфаатларини ўйлаб, Р.Камаловнинг қонуний мулки ўрнига, у 9 йил давомида ижарама-ижара юриб сарфлаган маблағидан-да кам бўлган қийматдаги пулни қайтармоқчи бўлаётгани манфаатлар тўқнашуви эмасми?
Шунга кўра, Олий суд судлов ҳайъатининг ажрими билан Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг амалдаги қонунларга мувофиқ чиқарилган 2018 йил 26 январдаги ажримига идоравий манфаатдан келиб чиқиб ўзгартириш киритилиши қайси мантиққа тўғри келади?! Адолат ҳимоячиси бўлиши керак бўлган идоранинг ўзидан жабр кўриб турган айбсиз айбдор бўлмиш Р.Камалов додини кимга айтсин?
Умид қиламизки, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Судьялар Олий кенгаши ва Бош прокуратура мазкур ҳолатга муносабат билдириб, фуқаронинг бузилаётган ҳуқуқлари тикланишига кўмаклашишади.
Мавзу юзасидан суриштирувларни давом эттирамиз.
Дилшод Абдуқодиров,
Раҳматилло Исроилов.
P.S. Мақола эълон қилингач, фуқаро Фарход Сатторов таҳририятга келиб, мақола юзасидан фикрларини баён қилди. Унинг таъкидлашича ҳамда тақдим этган ҳужжатларидан маълум бўлишича, бу ишда у ҳам ҳудди фуқаро Р.Камалов каби жабр чеккан. Унинг ҳам шахсий квартираси тергов ва суд органлари томонидан ноҳақ тортиб олинган ва бугунги кунда Олий суд ихтиёрида қолмоқда. Уни ҳам судланувчи А.Б.га ва унга нисбатан олиб борилган тергов ва суд жараёнларига мутлақо алоқаси бўлмаган. Kun.uz Ф.Сатторовнинг мурожаати бўйича ҳам ўз суриштирувларини бошлади.
Мавзуга оид
10:15 / 23.11.2024
Тошкентда уй-жойга инвестициялар даромадлилиги тушиб бормоқда
10:27 / 14.11.2024
Тошкентда энг арзон уй-жой ижараси қайси туманларда экани айтилди
12:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди
13:32 / 06.11.2024