Ўзбекистон | 14:35 / 21.05.2022
31610
2 дақиқада ўқилади

1 июндан жарималар, солиқ ва давлат божлари ҳам ошади. Стипендия ва контракт суммаларичи?

Базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 минг сўм этиб белгиланиши ўз навбатида фуқаролар ва тадбиркорлардан ундириладиган йиғимларга ҳам таъсирини ўтказади. 

Фото: Kun.uz

Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 июндан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 12 фоизга ошириладиган бўлди.

Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 июндан бошлаб:

• меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори - 920 минг сўм миқдорида (ҳозир 822 минг сўм);

• базавий ҳисоблаш миқдори - 300 минг сўм миқдорида (ҳозир 270 минг сўм) белгиланади.

Базавий ҳисоблаш миқдорининг ошиши унга боғланадиган жарималар, солиқлар, давлат божи ва бошқа турдаги йиғимлар миқдорининг ҳам ошишига сабаб бўлади.

Амалда 270 минг сўмдан ҳисоблаб келинган йиғимлар 1 июндан бошлаб 300 минг сўм ҳисобида карраланади.

Стипендия ва контракт тўлови ҳам ошадими?

1 июндан фақат бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари 12 фоизга оширилади. Талабаларнинг стипендиялари ошгани йўқ, бу ҳақда фармонда ҳеч нарса дейилмаган. Шунингдек, пенсия ва нафақалар ҳам ошмайди, чунки улар яқиндагина, аниқроғи 2022 йил 1 майдан 12 фоизга ошганди.  

Қоидага кўра, талабаларнинг тўлов-контрактлари ҳам ошиши мумкин, сабаби базавий контракт миқдорлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига боғлаб қўйилган. Лекин бу борада хулоса қилишга шошилиш керак эмас. Сабаби кўплаб ОТМлар ўз имконидан келиб чиқиб, контракт миқдорларини ўзи белгиламоқда, аниғини ОТМлардан аниқлаштириш керак, деб тушунтириш берган ҳуқуқшунос-блогер Хушнуд Худойбердиев.

Шунингдек, президентнинг 17 майдаги фармони билан тиббиёт ходимларининг маоши 10-15 фоизларга оширилганди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 12% оширилиши соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига ҳам тегишли бўлади.

Масалан, 3 млн сўм иш ҳақи оладиган тиббиёт ходимининг ойлиги дастлаб (17 майдаги фармонга мувофиқ) 15% га ошади дейлик, шунда 3 млн 450 минг сўм бўлади. Кейин бу сумма яна 12% ошади ва якунда жами 3 млн 864 минг сўм бўлади, дея тушунтириш беради Хушнуд Худойбердиев.

Мавзуга оид