Иқтисодиёт | 17:33 / 05.09.2023
18940
8 дақиқада ўқилади

Тўлов ташкилотларига трансчегаравий пул ўтказмалари ва халқаро тўловлар бўйича хизмат кўрсатиш тақиқланди

“Oson” тўлов тизими жаримага тортилиши фонида, финтех компанияларга халқаро тўловлар ва пул ўтказмаларини амалга ошириш тақиқлангани маълум бўлди. Регулятор истеъмолчиларни бу хизматлардан фойдаланиш учун тижорат банкларига мурожаат қилишга чақирди.

Фото: iStock / Outline205

Ўзбекистондаги бир нечта тўлов тизимлари 5 сентябрдан бошлаб халқаро тўловлар ва трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича амалиётларни тўхтатмоқда.

Бу – Марказий банк томонидан тўлов ташкилотларига трансчегаравий халқаро транзит операцияларини амалга ошириш тақиқлангани билан боғлиқ.

Бу тақиқ фонида, бир неча кун олдин Россиядаги кўплаб ватандошлар Ўзбекистонга пул юборишда фойдаланадиган “Oson” сервиси регулятор томонидан жаримага тортилган эди.

5 сентябр куни Марказий банк киритилган чеклов ва жарима юзасидан баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, “Brio Group” МЧЖ (Oson) тўлов ташкилоти Ички назорат қоидаларининг 31¹-банди талаблари, яъни олувчиси ва (ёки) жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларни акс эттирмасдан ва ушбу турдаги халқаро пул ўтказмаларини аниқлаш бўйича асосли ва имкони мавжуд бўлган зарурий чораларни кўрмаган.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, резидент юридик шахсларга чет элда ҳисобварақлар очиш ва ундаги валюта маблағларини тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорлари доирасида амалга оширилиши мумкин.

Бироқ, амалиётда “Brio Group” МЧЖ (Oson) тўлов ташкилоти хорижий банкда ҳисобварақ очиб, мазкур банк ҳисобварағи орқали юқоридаги қонун талабларига зид равишда амалиётлар ўтказган”, – дея қайд этган Марказий банк.

Таъкидланишича, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан, тўлов ташкилоти – банк ҳисобланмайдиган, тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсдир. Шунингдек, тўлов ташкилотлари Марказий банк лицензияси асосида республика ҳудудида тўлов хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга.

“Шу билан бирга, тўлов хизматлари – тўлов етказиб берувчининг (тўлов ташкилоти) тўлов хизматларидан фойдаланувчига (мижозга) кўрсатадиган хизмати бўлиб, бунда тўлов ташкилотлари бевосита товарларни (хизматларни) сотиб олувчи ёки сотувчи сифатида иштирок этмайди ва тўловларини чет элдаги бенефициарларга етказиб бериш ҳамда улардан қабул қилиш хизмати улар учун ташқи савдо операцияси ҳисобланмайди.

Шу муносабат билан, регулятор тўлов ташкилотлари ўз мижозларининг тўловларини чет элдаги бенефициарга етказиб бериш амалиётларини ташқи савдо операцияси сифатида таснифлаб, қабул қилинган маблағларни бошқа валюталарга айирбошлашлари, шунингдек, трансчегаравий ва давлатлараро транзит ташкилоти сифатидаги операцияларда иштирок этишлари қонунчиликка мувофиқ эмас”, – дейилади баёнотда.

МБ Ўзбекистон Республикасида халқаро тўлов хизматлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари, шунингдек, халқаро онлайн хизматларга тўловлар бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмагани, тўловларни тижорат банкларининг платформалари орқали амалга ошириш мумкинлигини таъкидлаган.

Марказий банк “Brio Group” МЧЖ (Осон) тўлов ташкилотини жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг талабларини бузганликда айблаб, август ойи охирида жаримага тортган эди.

Компания 5 сентябр куни Kun.uz'га тақдим этган изоҳида, жарима бўйича Марказий банкка барча сўровларини қайтариб олишини ва жаримани тўлашини маълум қилди. Тўлов тизими, шунингдек, регуляторнинг сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирди, чунки бу қарор “транзакциялар хавфсизлигини таъминлайди”.

“Фойдаланувчилар тўловларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича бизнинг регулятор билан фикримиз якдил”, – деди OSON асосчиси ва раҳбари Фарҳод Маҳмудов.

“Бу воқеа компанияга қаттиқ таъсир қилди. Энди бош директор сифатидаги асосий вазифам – юз нафардан ортиқ ходимларимни сақлаб қолиш. OSON бутун финтех банклар билан биргаликда илованинг функционаллигини тиклаш жараёнини бошлаб юборди, охир-оқибат миллионлаб фойдаланувчилар жабр кўрмаслиги учун кўп иш қилиниши керак.

Компаниянинг етти йиллик фаолияти давомида биз регуляторга нисбатан доимо ҳисобдор ва шаффоф бўлиб келганмиз. Катта финтех ҳеч қачон пул транзакциялари учун таҳдид бўлмаган, аммо бу технологияни ривожлантириш учун кенг кўламли бошқарув ва стратегик иродани талаб қилади. Банклар билан ишлаш тизими саноат учун катта синов, техник ва ҳужжатлаштирилган мураккаб жараён. Биз бу борада ўзаро ҳамкорликка умид қиламиз ва охир-оқибат бу ўзгаришларнинг барчаси бозор ривожланишини тўхтатиб қўймаслигига ишонамиз”, – деди Маҳмудов.

Тўлов ташкилотларига халқаро транзакцияларни амалга ошириш тақиқланиши эндиликда улар томонидан халқаро пул ўтказмалари, онлайн ўйинлар ва хориж компанияларига турли мақсадлардаги тўловлар каби хизматлар кўрсатилмаслигини, бу хизматларни фақат банклар кўрсата бошлашини англатади.

5 сентябр куни, бу борада регулятор баёноти эълон қилинишидан олдин, Ўзбекистондаги қатор тижорат банклари ўзларининг расмий сайтларида бир хил баёнотни эълон қилиш билан, МБнинг тўлов тизимларига нисбатан қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Баёнотга кўра, бу қарор Ўзбекистон молия тизими, хусусан банклар ва финтех бозорини халқаро савдо ва молия тизимидаги хатарлар, хусусан санкциялар билан боғлиқ хавфлардан ҳимоя қилишга қаратилган.

Банклар янги киритилган тақиққа асос сифатида қуйидагиларни санаб ўтган:

1. Ўзбекистон тўлов ташкилотлари халқаро финтех бозорларида (Россия, Қозоғистон, бошқа МДҲ давлатлари, Европа ва ҳ.к.) молиявий хизматларни кўрсатиш учун ўша давлат ёки иқтисодий ҳудуднинг молиявий регулятори томонидан берилган лицензияга эга бўлишлари керак. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари” тўғрисидаги қонунида ҳам эътиборга олинган бўлиб, бу қонунга асосан тўлов ташкилотлари тўлов хизматларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Марказий банкнинг тегишли лицензиясига асосан етказиб беради. Тўлов ташкилотлари чет эл давлат бенефициарлари томонидан бажарилган хизмат ёки товарлар учун тўлов хизматларини етказиб бериш фаолиятини амалга ошириш учун бенефициар рўйхатдан ўтган давлатнинг тегишли идораларидан лицензия олган бўлиши керак.

2. Ўзбекистон банклари ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олишда Марказий банк томонидан қўйилган талабларни бажаришлари шарт бўлиб, булар асосан кадрлар, инфраструктура, ички меъёрий ҳужжатлар, капитал етарлилигига оид талаблардан иборат ва тўлов ташкилотларида одатда бу каби талабларни бажариш имконияти мавжуд эмас. Хусусан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бўйича чет давлат бенефициарларини тўлиқ идентификациядан ўтказа олмаслик тўлов ташкилотлари ва умуман банк-молия тизими учун хатарларни келтириб чиқаради.

3. Халқаро миқёсдаги йирик молиявий ташкилотлар томонидан шакллантирилган санкциявий рўйхатлар ва улардаги ўзгаришларни доимий мониторинг қилиб бориш, санкция қўлланган юридик ва жисмоний шахсларнинг молиявий операцияларини чеклашга оид талабларни бажариш кенг миқёсдаги молиявий, технологик ва кадрлар билан боғлиқ ресурсларни талаб қилади ва тўлов ташкилотлари томонидан ушбу талабларни бажара олмаслик умумий Ўзбекистон банк-молия тизимига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради.

Мавзуга оид