Жаҳон | 17:30 / 13.06.2024
10038
7 дақиқада ўқилади

Оккупация қилинган ҳудудларда Россия куни ва жангчиларни қутқараётган шифокорлар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 840-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия Кривий Риҳ бўйлаб ракета зарбаси йўллади. Тўққиз киши ҳалок бўлди, 29 киши яраланди.
  • АҚШ Мосбиржа ва Миллий клиринг марказига санкциялар қўллади. Мосбиржа 13 июндан доллар ва евро билан савдо қилишни тўхтатди.
  • Столтенберг Украинага қурол етказиб бериш НАТОнинг барча мамлакатлари учун мажбуриятга айланишини маълум қилди.
  • Украина қуролли кучлари бош штаби: Украина Россиянинг Қримдаги ракета комплексига зарба берди.
  • Financial Times Россия банкида Украинадан олиб чиқилган тўрт нафар вояга етмаган етим болалар ҳақидаги анкета маълумотларини аниқлади.
  • «Система»: еттита компания урушдан кейин пайдо бўлган «Ростов патрон заводи»ни судга берди. У мудофаа вазирлиги номидан машиналар сотиб олган ва пулини тўламаган.
  • Россия қўшини Киев ва Украинанинг бошқа регионларига дронлар ҳамда ракеталар билан ҳужум уюштирди.
  • Белгород области украинлар томонидан ўққа тутилиши вақтида снарядлардан бири квартирага келиб урилган. Тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Украина қуролли кучларининг Херсон областидаги зенит қуроли

Херсон областида регионнинг бир қисмини оккупация қилган Россия қўшини Днипронинг ўнг соҳилидаги украин қўшинларини мунтазам равишда артиллериядан ўққа тутиб, уларнинг позицияларига дронлар билан ҳужум уюштирмоқда. Украина ҚК бу ҳужумларни қайтариш учун, бошқа воситалар қаторида ЗУ-23-2 зенит қурилмаларидан фойдаланмоқда. Бу қуроллар 1960 йилда СССРда ишлаб чиқилган, аммо замонавий дронларга қарши ҳам самарали бўлиб чиқди.

Украинанинг ЗУ-23-2 тизими Херсон областида. 2024 йил 11 июн
Ivan Antypenko / Reuters / Scanpix / LETA

Украинанинг оккупация қилинган областларида Россия куни

12 июн РФда давлат байрами — Россия куни нишонланди. Унга бағишланган тадбирлар Россия ҳукумати «янги регионлар» деб атовчи Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ҳам ўтказилди. Хусусан, ТАСС маълумотига кўра, Луҳанскда байрам муносабати билан «Донбассдаги илк сирингарий» пайдо бўлди — Мудофаа кўчасидаги сиреналар боғида „Великая Победа“, „Ветка мира“ ва „Красавица Москва“ каби номлардаги 300 туп кўчат ўтқазилган. РФ ҳукуматига алоқадор ҳисобланган «Халқ фронти»нинг ёшлар қаноти ўзини ўзи эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»да, шунингдек Украинанинг Херсон ва Запорижжя областларининг аннексия қилинган қисмларида триколор ленталари ва ҳаво шарлари тарқатган.

Луҳанскда Ёшлар саройи фасадида Россия кунида РФнинг 20 га 30 метр ҳажмли байроғи ўрнатилди
Александр Река / ТАСС / Profimedia
Донецкда Россия куни муносабати билан ўтказилган марорсимда ёшларга РФ паспортлари тарқатилди 
Сергей Аверин / РИА Новости / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA
Херсон областининг Россия босиб олган қисмидаги Геническ шаҳридаги байрамда РФнинг 10 га 15 метр ҳажмдаги байроғи ёйилди.
Алексей Коновалов / ТАСС / Profimedia
Мариуполда Россия куни муносабати билан марказий майдонда тадбир уюштирилди. Шаҳар РФ қўшини томонидан эгаллаб олингунига қадар бу жой Озодлик майдони деб аталган, оккупацион ҳукумат эса уни Ленин майдони деб ўзгартирган
Александр Сухов / РИА Новости / Спутник / Profimedia

Донецк областида Украинанинг FPV-дронлари операторлари

Донецк области мудофаасида бошқалар қаторида қирол Даниил номидаги 24-алоҳида механизациялашган бригада ҳам мудофаани ушлаб турибди. Бу урушда 24-бригада таркибида ҳам бўлган дронлар операторлари муҳим рол ўйнамоқда. Пилотсиз учар қурилмалар рақибнинг шахсий таркиби, бошпаналари ва ўт очиш нуқталарига зарбалар бермоқда. «Кайфиятимиз қандайми? Ёз, қуёш, иссиқ — ишлаяпмиз», — дея жангчилардан бирининг сўзлари келтирилади бригаданинг фейсбукдаги расмий саҳифасида.

Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучларининг мамлакат жанубидаги барқарорлаштириш пункти

Донецк областида генерал Марк Безручко номидаги 110-алоҳида механизациялашган бригада ҳам жанг қилмоқда. Барқарорлаштириш пунктларидаги ҳарбий шифокорлар украин аскарлари ҳаётини асраб қолишда ёрдам кўрсатмоқда.

Барқарорлаштириш пунктлари — моҳиятан барчага маълум бўлган ҳарбий-дала ҳоспиталларидир, аммо унинг функциялари чекланган. Бу ерда ишловчи врачлар барча жароҳатларни тузатиши шарт эмас — улар ўта оғир аҳволдагиларнинг ҳолатини бемор шифохонагача ёки яхшироқ жиҳозланган кейинги барқарорлаштириш пунктигача олиб боришга яроқли ҳолатга келтириши керак
Viktor Fridshon / Global Images Ukraine / Getty Images
Барқарорлаштириш пунктларида сунъий нафас олдириш аппаратлари, УЗИ, беморнинг ҳолатини кузатиш учун аппаратлар, дори-дармон, донорлик қонлари ва бошқа ишлатиладиган материаллар бўлади. Буларнинг барчасини давлат ва хайрия ташкилотлари таъминлайди
Viktor Fridshon / Global Images Ukraine / Getty Images
Барқарорлаштириш пунктларида ишловчи шифокорларнинг бир қисмини британиялик жарроҳ Дэвид Нотт («Ҳарбий шифокор» китоби муаллифи ва табиий офат ҳамда қуролли можаролар ҳудудидаги беморлар ҳамда шифокорларга ёрдам кўрсатувчи фонд асосчиси) ўқитган. Гап шундаки, барқарорлаштириш пунктларида кўп ҳолларда ҳарбий врачлар эмас, балки фақат яқиндагина фуқаролик шифохоналарида илк жарроҳлик амалиётларини бажарган мутахассислар ишлайди. Табиийки, бундай турдаги жароҳатлар билан анчадан буён ишловчи тажрибали жарроҳлар бу жойларда етишмайди. Тиббий ходимларга бўлган талабнинг бир қисми хорижлик кўнгиллилар (масалан, «Чегара билмас шифокорлар» ташкилоти) ҳисобига қондирилади.
Viktor Fridshon / Global Images Ukraine / Getty Images

Херсон областининг оккупация остидаги қисмида ғалла ўрими

Россия Украинанинг оккупация остидаги ҳудудларидаги ғаллани ўриб олмоқда, маҳсулотни олиб чиқмоқда ва халқаро бозорда сотмоқда. Бунинг учун фойдаланилаётган схема ҳақида 2022 йил кузида Financial Times нашри ҳам батафсил ёзганди. 2023 йилда, Украина ҳукумати маълумотларига кўра, россияликлар оккупация қилинган ҳудудлардан қарийб беш миллион тонна ғалла олиб чиқишган. «Важние истории» 2024 йил майида уруш бошидан буён россияликлар Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларида  ғаллани олиб чиқишда фойдаланиладиган 500 га яқин компания рўйхатга олинганини хабар қилганди. Бундай компаниялар орасида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг атрофидаги одамларга алоқадорлари ҳам бор.

Херсон областининг оккупация қилинган қисмидаги Горностаевка қишлоғида ғалла ўрими. 2024 йил 11 июн
Алексей Коновалов / ТАСС / Profimedia

Мавзуга оид