Ўзбекистон | 12:14 / 25.08.2025
4205
2 дақиқада ўқилади

Харидорларга сифатсиз товарлар ҳақида хабар бергани учун пул тўланади

Фото: Ижтимоий тармоқлар

"Бозор назорати тўғрисида"ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Қонуннинг мақсади ноозиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш устидан бозор назоратини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Муомалага киритилган маҳсулотнинг мажбурий талабларга мувофиқ эмаслиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган иқтисодий операторлар мазкур ахборот олинган пайтдан эътиборан ўн кун ичида бу ҳақда бозор назорати органига хабар қилиши шарт.

Иқтисодий оператор ҳисобланмайдиган ва муомалага киритилган маҳсулотнинг мажбурий талабларга мувофиқ эмаслиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган шахс ушбу ахборотни бозор назорати органига юборишга ҳақли. Қонунчиликда ушбу шахсларни молиявий рағбатлантириш назарда тутилиши мумкин.

Бозор назорати органи муомалага чиқарилган маҳсулотнинг мажбурий талабларга номувофиқлиги тўғрисидаги ахборотни олгач, ахборот келиб тушганлиги ҳақида иқтисодий операторни беш кун ичида хабардор қилиши шарт.

Вазирлар Маҳкамаси:

  • муомалага чиқарилган маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида номувофиқ маҳсулотлар ҳақида хабар берган шахсларни моддий рағбатлантириш тартибини тўрт ой муддатда тасдиқлайди;
  • давлат ва нодавлат илмий ташкилотлар томонидан халқаро консултантларни жалб қилган ҳолда илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида етказилган маънавий зарар миқдорини аниқлаш бўйича услубиёт олти ой муддатда ишлаб чиқилишини таъминлайди;
  • ҳукумат қарорларини ушбу қонунга мувофиқлаштиради;
  • республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлайди.

Олий суд уч ой муддатда республика бўйича судлар томонидан сўнгги уч йилда фуқаролар фойдасига маънавий зарар учун тўлов тайинланган суд ишларининг маълумотлар базасини шакллантиради ва доимий янгилаб боради ҳамда ундан судлар томонидан маънавий зарар бўйича ишларнинг кўриб чиқилишида фойдаланиш имкониятини яратади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид