Кўчмас мулк | 15:15
740
2 дақиқада ўқилади

Уй-жой ва ер бўйича якуний хулоса чиқариш муддати 3 баробарга қисқариши мумкин

Адлия вазирлиги ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, уй-жой ва ерга доир ҳуқуқни эътироф этиш бўйича 1 та объект учун якуний хулоса бериш муддатини 150 кундан 50 кунга тушириш таклиф этилмоқда. Лойиҳа 23 декабр куни Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Фото: Kun.uz

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 23 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Лойиҳага кўра, уй-жой ва ерга доир ҳуқуқни эътироф этиш жараёнини тезлаштириш мақсадида 1 та объект бўйича якуний хулоса бериш муддатини 150 кундан 50 кунга қисқартириш таклиф қилинмоқда. Яъни, амалдаги муддат 3 баробарга қисқариши мумкин.

Таклиф этилаётган тартибда жараённинг асосий босқичлари ҳам муддатлар кесимида белгиланмоқда. Жумладан:

  • ваколатли ташкилотлар хулосаси — 20 кун;
  • жамоатчилик муҳокамаси — 10 кун;
  • адлия органлари кўриб чиқиши — 20 иш куни.

Қайд этилишича, мазкур ўзгариш амалдаги қонуннинг 2028 йил 1 январгача амал қилиши инобатга олинган ҳолда таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, лойиҳада амалиётда ҳуқуқни эътироф этишга тўсқинлик қилаётган солиқ ва тўлов масалаларини енгиллаштиришга қаратилган нормалар ҳам назарда тутилган. Хусусан, солиқ қарзи БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган ҳолларда ҳуқуқни эътироф этиш, бир марталик тўловга чегирма ва тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти каби таклифлар илгари сурилган.

Лойиҳа қабул қилинса, уй-жой ва ерга оид ҳуқуқни эътироф этиш жараёни анча тезлашиб, фуқаролар учун ҳужжатлаштириш муддати сезиларли қисқаради, солиқ ва тўловга оид тўсиқларни юмшатиш ҳисобидан амалиётда “очилмай қолган” объектлар масаласини ҳал этиш имкони кенгаяди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид