Жаҳон | 21:37 / 26.12.2015
8406
2 дақиқада ўқилади

Москва метросида Ўзбекистон мармаридан фойдаланилди

Россия пойтахти Москва шаҳрида “Бауманская” станциясини реконструкция қилиш ишларида ғозғон мармаридан вестибюль олд қисми, девор ва полининг қопламалари, безак элементлари, чироқларда фойдаланилди. Бу ҳақда РИА "Новости" хабар берди.

Мазкур метро станциясининг перрон зали ва ер усти вестибюли архитектура ёдгорлиги ҳисобланиб, бу жойдан кунига 100 минг йўловчи ўтади.

Ғозғон мармари нафақат Ўзбекистон, балки хорижда ҳам машҳур бўлиб, ундан Алишер Навоий номидаги Катта опера ва балет театри, Тошкент метрополитенининг бир қатор станцияларида қўлланилган. Шунингдек, Москванинг “Кузнецкий мост” метро станцияси вестибюли, “Комсомольская” станциясининг балкон галереяси, Санкт-Петербургдаги “Проспект ветеранов” станцияси деворлари ҳамда “Адмиралтейская” станцияси аркасида ҳам ушбу мармар ишлатилган.

Ушбу турдаги мармар Навоий вилояти Нурота туманидаги Ғозкон конидан қазиб олинади. Мазкур кон 1934 йилда очилган бўлиб, ўтган асрнинг 70-йилларидан буён фойдаланиб келинмоқда. Бу ердан сариқ, оқ, пушти, кулранг-сариқ, тўқ сариқ, қизил ва бошқа ранглардаги ноёб мармар қазиб олинади. Рангларнинг хилма-хиллиги 45тани ташкил этиб, коннинг умумий захираси 9 миллион куб, дея баҳоланган. Йиллик қазиб олиш ҳажми эса 18 минг куб метрдан иборат.