Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонлик шахматчи Жаҳонгир Воҳидов Англиядаги турнирда яккапешқадам бўлиб олди
Англияда шахмат бўйича анъанавий шахмат фестивали давом этмоқда. Ўз тарихида 91-маротаба ташкил этилаётган Hastings International Chess Congress турнирида ўзбекистонлик ёш гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов ҳам муваффақиятли иштирок этяпти. У ушбу мусобақада бешинчи рақам остида таснифланган.
4 январь куни ўтказилган 8-тур партияси олдидан Жаҳонгир Воҳидов 5,5 очко билан турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турганди. Дастлабки икки ўринни банд этган венгриялик Ференц Беркеш ва польшалик Александер Миста ҳисобида ҳам 5,5тадан очко бор эди. Ҳар икки гроссмейстер ҳам рейтингда Жаҳонгирдан юқорида қайд этилган.
Фестивалнинг асосий турнири Tradewise Hastings Masters бўлиб, айнан шу мусобақада Жаҳонгир Воҳидов иштирок этяпти. 4 январь куни самарқандлик шахматчи 8-турда оқ доналарда 4-поғонадан жой олиб турган венгриялик Фодор Тамаш билан ҳисоб-китоб қилди ва рақибини мағлуб этди. Бу ҳақда «Оламспорт» хабар берган.
Мусобақа пешқадамлари – венгриялик Ференц Беркеш ва польшалик Александер Миста эса ўзаро учрашувда дурангга имзо чекишган. Бу эса Жаҳонгир Воҳидовнинг 6,5 очко билан турнир жадвалида якка пешқадам бўлиб олиши учун хизмат қилди. Бугун у сўнгги турда қора доналарда турнирнинг иккинчи рақамли иштирокчиси Игор Хенкинга қарши баҳс олиб боради. Германиялик бу гроссмейстер 6 очко билан учинчи поғонадан жой олган.