2025 йилда бюджетдан таълим ва соғлиқни сақлаш учун харажатлар 20 фоизга кўпайтирилади
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида жорий йил иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2025 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, давлат бюджети муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Қайд қилинишича, ўтган 9 ойда иқтисодиёт 6,6 фоизга, саноат 7 фоизга ошди. Йил якунигача камида 6 фоиз ўсиш кутилмоқда. Олтин-валюта захираси бу йил илк бор 40 миллиард доллардан ошди. Аҳолининг миллий валютадаги депозитлари 50 фоиз ўсди.
Ташқи инвесторлар ишончи ортгани туфайли халқаро бозорларда 4 миллиард долларлик евробонд жойлаштирилди. Натижада бу йил инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33 фоиздан ошади. Экспорт қарийб 19 фоиз ўсиши кутиляпти.
Йиғилишда иқтисодиёт ва инвестиция соҳасидаги асосий вазифалар муҳокама қилинди.
Асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолаётган ҳолатда бюджет даромадларини кўпайтиришнинг бирдан бир йўли – солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш экани қайд этилди.
Давлат раҳбари бу тадбиркорлар фаолиятига аралашиш орқали эмас, балки рақамлаштириш, сунъий интеллект ва яширин иқтисодиётни «соя»дан чиқариш ҳисобига бўлиши кераклигини таъкидлади.
Йиғилишда 2025 йилга мўлжалланган иқтисодий режалар ҳам кўриб чиқилди.
Келгуси йилда ялпи ички маҳсулот ўсишини сақлаб қолиш учун барча имконият борлиги қайд этилди. Бунинг учун режалаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, транспорт-логистика, ахборот технологиялари, агро ва молиявий хизматларни ривожлантириш талаб этилади. Имтиёзларнинг самарадорлигини кўриб чиқиш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича топшириқлар берилди.
Келгуси йилда 78 та туман бюджет харажатини ўзи қоплашга ўтказилади. Бунинг учун ер, мол-мулк ва айланма солиғи тўлиқ, даромад солиғининг 50 фоизи уларнинг ўзида қолдирилади.
Ижтимоий давлат тамойилидан келиб чиқиб, таълим ва соғлиқни сақлашга ажратилаётган маблағларни 20 фоизга кўпайтириш назарда тутилмоқда.
Йиғилишда билдирилган фикрлар асосида 2025 йилги Давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Қонунчиликка мувофиқ, бу лойиҳа ва унинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинади ҳамда якунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.
Мавзуга оид
18:36 / 15.11.2024
Бу йил қишда истеъмолчиларга 21 миллиард куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган
21:17 / 14.11.2024
ССВ ҳузурида «Харидлар маркази» ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилади
16:20 / 14.11.2024
“Иқлим ўзгариши муаммоларини айниқса Марказий Осиёда ўткир ҳис қиляпмиз” — Шавкат Мирзиёев
14:37 / 13.11.2024