Иқтисодиёт | 19:34 / 15.11.2025
7287
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» тўлаган солиқлар 16 фоизга, «UzAuto Motors»ники қарийб 43 фоизга қисқарди

2025 йилнинг дастлабки 9 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан «UzAuto Motors» 1 трлн сўм, «Ўзбекнефтгаз» 520 млрд сўм, «Навоийазот» 166 млрд сўм камроқ солиқ тўлади. 2024 йилда Топ-20 солиқ тўловчилар таркибига кирган «Фарғона НҚЗ» (2024 йилнинг 9 ойида 368 млрд сўм солиқ тўлаган), «Тошкентвино Комбинати» (288 млрд сўм), «Uz-Kor Gas Chemical» (240 млрд сўм) ва «Artel» (188 млрд сўм) бу йилги рўйхатдан чиқиб кетди. Ушбу компаниялар 199,4 млрд сўмдан камроқ солиқ тўлаган.

Фото: Kun.uz 

Солиқ қўмитаси 2025 йил январ-сентябр ойларида ишлаб чиқариш соҳасида энг кўп солиқ тўлаган Топ-20 корхона рўйхатини эълон қилди.

Қайд этилишича, 2025 йилнинг 9 ойида 59 732 та компания томонидан 67,9 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўланган. Шундан, 14,1 трлн сўми 20 та солиқ тўловчи ҳисобига тўғри келади. Уларнинг товар айланмаси 168 трлн сўм, фойдаланган солиқ имтиёзлари миқдори эса 2 трлн сўмдан ошган.

Солиқ тушумлари миқдори бўйича «Ўзбекнефтгаз» етакчилик қилди. Ҳисобот даврида компания томонидан 2,66 трлн сўмдан кўпроқ солиқ тўланган. Кейинги ўринларни «UzBAT» (2,17 трлн сўм) ва «UzAuto Motors» (1,36 трлн сўм) эгаллаган. Шунингдек, кучли бешликдан «Талимаржон ИЭС» (1,29 трлн сўм) ва «Tashkent Tabacco» (776,1 трлн сўм) МЧЖ ўрин олган.

Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, ишлаб чиқариш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар сони 64 минг 773 тадан 59 минг 732 тага ёки 7,8 фоизга қисқарган. Шундай бўлсада, тўланган солиқ миқдори 33 трлн 50,8 млрд сўмдан 67 трлн 973,3 млрд сўмга ёки 2 баробарга ошган.

2024 йилнинг январ-сентябр ойларида ҳам энг кўп солиқ тушумлари «Ўзбекнефтгаз» (3,18 трлн сўм), «UzAuto Motors» (2,38 трлн сўм) ва «UzBAT» (2,12 трлн сўм) томонидан амалга оширилганди.

Йирик корхоналарда солиқ тушумларининг ўзгариши

2024 ва 2025 йилнинг мос даври таққосланганда, қатор йирик корхоналарда солиқ тушумлари сезиларли даражада камайганини кўриш мумкин. Хусусан, йилнинг дастлабки 9 ойлигида «Ўзбектнефгаз»да бу кўрсаткич 16,3 фоизга, «UzAuto Motors»да 42,6 фоизга, «Навоийазот»да 24,3 фоизга қисқарди. Ўз навбатида, «Талимаржон ИЭС»нинг солиқ тушумлари қарийб 6 баробарга, «Coca-Cola Uzbekistan»ники 61,4 фоизга, «International Beverages Tashkent»ники 52,6 фоизга кўпайган.

Ўтган йил Топ-20 солиқ тўловчилар таркибига кирган «Фарғона НҚЗ» (2024 йилнинг 9 ойида 368 млрд сўм солиқ тўлаган), «Тошкентвино Комбинати» (288 млрд сўм), «Uz-Kor Gas Chemical» (240 млрд сўм) ва «Artel» (188 млрд сўм) бу йилги рўйхатдан ўрин олмаган. Ушбу ташкилотлар ҳисобот даврида 199,4 млрд сўмдан камроқ солиқ тўлаган.

Мавзуга оид