Ўзбекистон | 21:40 / 25.01.2018
7992
4 дақиқада ўқилади

Касб-ҳунар таълими соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди

Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди. KUN.UZ мухбири 25 январь куни Президент матбуот хизмати томонидан ташкиллаштирилган брифингда тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Президентнинг "Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида касб-ҳунар таълими соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимидаги муҳим вазифалар қайд этилган. 

Унга иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техника ва технологик тенденцияларини ҳисобга олиб, эҳтиёж юқори бўлган ва турдош мутахассисликлар бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилган ҳолда ишлаш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган ва камида иккита хорижий тилни биладиган малакали кадрларни тайёрлаш кўзда тутилган. 

Шунингдек янги фармонда кадрларга бўлган реал эҳтиёжни, иш берувчи корхоналарнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари учун зарур мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича касб-ҳунар коллежлари фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси қўйилган.

Ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб, ватанпарварлик ва миллий мустақиллик ғояларига содиқлик руҳида тарбиялашга, шунингдек ўқувчиларда бой илмий, маданий ва маънавий меросимизга, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган маънавий ва ахлоқий сифатларни ривожлантиришга йўналтирилган педагогик жараённи янги педагогик шакллар ва усуллар асосида ташкил этиш - соҳа кадрларининг устувор вазифаларнинг биридир. 

Бундан ташқари, фармонда етакчи маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун касб-ҳунар таълими соҳасига юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш ҳам кўзда тутилган.

Касб-ҳунар таълими миллий стандартлари талабларини халқаро таълим стандартлари таснифлаш ичига, халқаро малака талабларига мувофиқлаштириш, миллий малака талабларини босқичма-босқич халқаро аналогларга мослаштириш ва эътироф этилишига қаратилган ишларни ташкил этиш назарда тутилган. 

Шунингдек касбга ўргатиш билан бир қаторда таркибий жиҳатдан умумий таълим олишни биргаликда олиб борадиган, шунингдек нодавлат таълим секторини узлуксиз давлат таълим тизими билан самарали интеграциялаш, табақалаштирилган таълим жараёнини ташкил этиш бўйича орттирилган амалий тажрибани тизимлаштириш ва келгусида амалиётга жорий этиш ҳам муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.

Мамлакат иқтисодиётини янада ислоҳ қилиш, уни барқарор ўстириш ҳамда модернизациялаш жараёнларида самарали иштирок этишга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш мақсадида ўқув жараёнига инновацион ғоялар, технологиялар ва ишламаларни фаол қўллаб, касб-ҳунар таълими ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш кадрлар тайёрлашдаги муҳим вазифалардан биридир.

Бундан ташқари, фармонда юқори самарали ўқув лабаратория ускуналари, компьютер техникаси ва инновацион технологияларга асосланган парклар билан жиҳозланган касб-ҳунар коллежларининг замонавий моддий-техника базасини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш, ундан самарали фойдаланишга асосланган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам назарда тутилган. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид