Жаҳон | 21:50 / 09.02.2024
13274
8 дақиқада ўқилади

Бош қўмондонни алмаштирган Украина, атом бомбаси яратиш арафасидаги Эрон ва Надеждинни ўтказмаган Россия — кун дайжести

Сўнгги бир кун ичида жаҳонда содир бўлган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестда таништиришда давом этамиз. 

Ғазодаги вазият

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо секторидаги вазият яна шиддатли кўриниш олиши олдидан гуманитар ўт очишни тўхтатиш ҳақида чақириқ қилди. У Рафаҳда амалга оширилаётган ҳарбий амалиётлар секторининг бошқа жойларидаги каби кучли бўлиши мумкинлиги ва бу аҳолига катта фожиа келтириш мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Исроилнинг амалиётлари қандай қилиб 28 минг инсоннинг ўлимига сабаб бўлди, гарчи Исроил етакчилари аҳолини эмас ҲАМАСни нишонга оляпмиз, дейишмоқда. Халқаро гуманитар ҳуқуқ бегуноҳ фуқароларни ҳимоя қилишни тақозо этади. Ғазо секторида содир бўлаётган бу улкан изтиробларни кўриб, унга барҳам бериш имкониятим йўқлигидан афсусланаман», — деди БМТ Бош котиби.

Ғазо секторидаги ахборот бюроси хабарига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари бегуноҳ фуқаролар яшаш хонадонларига 66 минг тонна портловчи моддаларни ташлаб, 360 мингдан ошиқ уйларни вайрон қилган. Шунингдек, фуқароларнинг уйлари ва дўконларидан 130 миллион шекеллардан ортиқ пуллар ўғирланган.

Ғазо секторида Исроилнинг ҳарбий ҳужумлари туфайли келиб чиққан бевосита иқтисодий зиён 15 миллиард доллардан ошган.

«Биз улкан фалокатга дучор бўлдик, бу соғлиқни сақлаш сектори дохил, 15 дан ортиқ муҳим соҳаларни қамраб олди. Биз халқаро ташкилотлардан ва халқаро ҳамжамиятдан босим ўтказишларини сўраб қоламиз, шунда Исроилнинг босқинчилик амалиётлари тўхтатилади ва геноцидли урушга чек қўйилади. Биз араб ва ислом давлатларидан Рафаҳ чегара назорат-ўтказиш пунктини доимий, зудлик билан ва ҳеч кечиктирмай очишларини қаттиқ талаб қиламиз», — деб баёнот берган бюро вакиллари. 

Залужний ниҳоят ишдан кетди

Украина президенти Володимир Зеленский расман Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни лавозимидан озод этди ва унинг ўрнига Украинанинг шарқий фронтдаги гуруҳи қўмондони, генерал-полковник Олександр Сирскийни тайинлади.

«Бугундан Украина қуролли кучларига янги жамоа раҳбарлик қила бошлайди. Мен Работине ёки Авдийивкадаги, шунингдек Бош штаб ва ставкадаги жангчиларимизнинг уруш ҳақидаги қарашлари бир хилда бўлишини хоҳлайман. Турли даражадаги қўмондонлар билан ўнлаб суҳбатлар ўтказдим ва генерал-полковник Сирскийни Украина қуролли кучлари бош қўмондони этиб тайинладим», — деган Украина президенти.

Зеленский Залужнийга хизматлари учун ташаккур билдирган ва «командада қолиш»ни таклиф этган.

Залужнийнинг бўшатилиши афтидан Украина армиясидаги кардинал ўзгаришлар дебочаси бўлади. Бош штаб бошлиғи Сергий Шаптала ҳам Залужний ортидан бўшатилиши мумкин. Бош қўмондоннинг барча ўринбосарлари ҳам алмаштирилади, демоқда мухолифатдагилар.

2023 йилнинг кузида қарши ҳужумда Украина сезиларли натижаларга эришмагани фуқаролик раҳбарияти ва жамият учун совуқ душ бўлган ва айбдорлар ахтарила бошлаган. Бироқ бундай тозалаш фронтдаги пат вазият шароитида армияни кучайтириши даргумон, демоқда шарҳловчилар.

Чунки ҳарбий раҳбарият учун захира ўриндиғи унчалик катта эмас. Вазият Зеленский президентлигининг илк йилига ўхшайди. Ўшанда унинг командаси вазирлар маҳкамасидаги ўринларни зўрға тўлдирганди. Бироқ ҳозир ўртага ислоҳотлар эмас, мамлакат тикилган.

Залужнийнинг истеъфога чиқарилиши сабаби барбод бўлган қарши ҳужум масаласида АҚШ билан келишмовчилик юзага келганида, деб ёзган Politico газетаси. Таъкидланишича, Залужний ҳужумни Пентагон тавсияларини назар-писанд қилмасдан ташкил этган.

АҚШ Давлат департаменти Залужнийнинг истеъфога чиқарилишини Киевнинг суверен қарори деб атаган. АҚШ ҳар қандай бош қўмондон билан ишлашга тайёр, деган Оқ уйдагилар.

АҚШ Залужнийнинг истеъфосига қарамасдан, Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади. АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин ҳозирча янги қўмондон Сирский билан гаплашмаган. 

UNESCOʼдан Украинага ёрдам

БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — UNESCO Украинага Япония ҳомийлигида маданият ва таълимни ривожлантириш учун 14,6 миллион доллар ажратади.

«Бугун UNESCO бош директори Одри Азуле ва ташкилотнинг Япониядаги доимий вакили Такеҳиро Кано Украинани қўллаб-қувватлаш учун 14,6 миллион долларлик молиявий келишувни имзоладилар», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ушбу маблағлар «Украинада маданият, таълим ва ОАВни тиклашга» қаратилган. UNESCO шунингдек, «маданий меросга етказилган зарарни кузатиш ва баҳолашни кучайтиради», — деб хабар берди ташкилот. 

Эроннинг атом бомбаси

Эрон бир ҳафта ичида ўзининг илк ядровий қуролини ишлаб чиқариш учун етарли уранга эга. Ой давомида эса Эрон олтита атом бомбаси ишлаб чиқариши мумкин, дейилади Американинг фан ва халқаро хавфсизлик институтининг янги докладида.

Экспертлар тадқиқотида айтилишича, «Эроннинг ядровий қурол борасидаги салоҳияти ҳозир ҳар қачонгидан хавфлироқ, ғарб давлатлари билан муносабатлари эса энг паст даражада». Докладга кўра, Эрон «айни дамгача 60 фоизгача бойитилган уранининг фақат бир қисмидан фойдаланиб, бир ҳафта ичида уранни қурол учун яроқли даражада бойитиб, ядровий қурол ярата олиши мумкин».

Агар Эрон уларга ядровий объектларига киришга рухсат бермаса, АЭХА бу илгарилашни аниқлаши жуда қийин бўлади, дейилади докладда. 

30 йиллик ишни куйдирган хато

Европанинг энг нуфузли медицина университетларидан бири бўлган Швециядаги Каролин институтида ноёб ҳодиса юз берди.

Ўнлаб йиллар давомида йиғилган лейкемия намуналари техник носозлик сабабли йўқотилган. Стокҳолмда ўтказилган тадқиқотлар учун олинган бу намуналар Каролин институтида суюқ азот билан таъминланган музлаткичда сақланган.

22-23 декабр кунлари –190 даража ҳароратда ишлайдиган тизим ишдан чиққан. Эртаси куни университет суюқ азот етказиб берувчи тизимда техник муаммо пайдо бўлганидан сўнг намуналар фойдаланиб бўлмас ҳолга келганини маълум қилган.

Институтнинг жанубий кампуси декани Матти Саллберг совиткичнинг бузилиши оқибатида беморлардан яқин 30 йил мобайнида йиғилган, келгусидаги тадқиқотлар учун зарур лейкемия намуналари йўқотилганини таъкидлаган.

Швед оммавий ахборот воситалари билдиришича, ишдан чиққан намуналарнинг умумий нархи 500 миллион швед кронасига тенг бўлган.

Истанбул аҳолиси ўсмай қолди

Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбул аҳолиси сўнгги 100 йил ичида иккинчи марта камайди.

Туркия статистика институти маълумотларига кўра, 2023 йилда 10 та вилоят аҳолиси камайган бўлиб, Истанбул ушбу вилоятлар орасида биринчи ўринни эгаллаган.

2022 йилда шаҳар аҳолиси 15 млн 907 минг 951 киши бўлган бўлса, ўтган йилда бу рақам 252 минг 27 кишига камайиб, 15 млн 655 минг 924 кишига тушган. Сўнгги марта шаҳар аҳолиси 2020 йилда 56 минг 815 кишига камайган эди.

Мамлакат аҳолисининг 18,33 фоизини ташкил этган ҳолда, Истанбул квадрат километрга 3013 киши билан аҳоли зичлиги бўйича ҳамон биринчи ўринни сақлаб келмоқда. 

Россияда мустақил номзод ўтмади

Россияда Марказий сайлов комиссияси Борис Надеждиннинг президентлик сайловларида иштирок этиш учун юборган имзоларида камчиликлар аниқлаган ва унинг номзодини сайлов рўйхатига киритмади. Номзод бу қарорга Олий судга шикоят қилишини маълум қилмоқда ва бу сайловларда иштирок этишини сиёсий фаолиятидаги энг муҳим вазифа сифатида кўрмоқда. 

Хитой бозори учун нохушликлар

Хитой акция биржаларидан маблағларнинг кўчиб кетиши жараёни давом этмоқда. Япониянинг «Nikkei» нашри хабарига кўра, 2024 йил бошидан буён сармоядорлар биржадан 1,7 триллион доллар миқдорида маблағларини олиб чиққан. Бу воқеалар инвесторларнинг Хитой иқтисодиётига нисбатан умидларини йўқотаётгани ва улар ўз маблағларини АҚШ, Япония ҳамда Ҳиндистон фонд бозорлари томон йўналтираётганини кўрсатмоқда. 

Мавзуга оид