Ғазода мактабсиз қолган болалар, яна Курскка ёриб кирган Украина ва Европадаги тошқинлар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Фаластиндаги вазият
Бутун дунёда мактаб ўқувчилари янги ўқув йилини бошлаб юборган бир пайтда Ғазодаги фаластинлик болалар 11 ойдан буён давом этаётган Исроил зулми туфайли таълим олиш ҳуқуқидан мосуво бўлиб туришибди.
Таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш ва авлодлар саводсиз бўлиб қолмаслиги учун уйи Исроил бомбасидан вайрон бўлган фаластинлик ўқитувчи аёл Аъло Абу Мустафо Хон Юнусдаги болалар боғчаси вайронларида чодирда мактаб очди.
Унда бир нечта дарслик ва ручка бўлишига қарамасдан, чодирдаги мактаб 1-синфдан 6-синфгача бўлган болаларга араб ва инглиз тиллари, математикадан базавий таълим беришни йўлга қўйган. Парталар йўқлиги туфайли болалар ерга кўксини бериб ёзишмоқда.
Ғазодаги адолатсиз ва шафқатсиз уруш фаластинлик болаларни таълим олиш ҳуқуқидан айирди: мактаблар, бошпаналар ва университетлар вайрон қилинди.
Ғазодаги ОАВлар матбуот марказининг хабарига кўра, камида 800 минг бола таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум, чунки таълим муассасаларининг 85 фоизи Исроилнинг босқини ва мўлжалли зарбалари туфайли ишламаяпти.
Исроилликлар нафақат жафокаш Ғазода, оккупация остида ушлаб турилган Ғарбий соҳилда ҳам мактабларга ҳужум қилмоқда.
Фаластин ерларига ноқонуний ўрнашиб олган яҳудийлар Эриҳо шаҳри яқинидаги Маъаржат туманидаги бадавийларнинг Араб-ул Кабна бошланғич мактабининг ўқитувчилари ва ўқувчиларига таёқлар билан ҳужум уюштирган.
Россия-Украина уруши
Россиянинг Курск области Глушково йўналишининг жанубида жанглар давом этмоқда. NASA сунъий йўлдошлари Глушково райони Весёлое қишлоғида ёнғинларни қайд этган.
Forbes таъкидлашича, бундан олдин Украина қуролли кучлари 6 август куни Украина қўшинларининг Курск областидаги ҳужумини кичикроқ миқёсда такрорлаган ҳолда «кутилмаган Украина операциясини» ўтказишга ҳаракат қилган.
Украин пабликларига кўра, Украина қуролли кучлари «Багратион» операциясини амалга оширган. «Янги жойдан, километрларга кириб борилди. Мингдан ортиқ россиялик ҳарбий хизматчилар ўраб олиниш хавфи остида», — дейилади хабарда.
Ҳарбий таҳлилчи Ян Матвеев, ўз навбатида, Украина қуролли кучларининг Весёлое қишлоғига бостириб киргани ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, у ердан Россия ҳарбийларининг понтон ўтиш жойлари жойлашган Глушковогача автомобил орқали 7,5 км масофа бор.
Эълон қилинган геолокацион кадрлар Весёлое жанубида украин қўшинлари ҳаракатланаётганини кўрсатади, деб таъкидлади Америка урушни ўрганиш институти экспертлари ўз ҳисоботида.
Россиялик ҳарбий блогерлар Украина армиясининг Курск областидаги янги ҳужуми ҳақида ҳам хабар беришди. Улардан баъзилари Украина қуролли кучлари Весёлоени эгаллаб олгани ҳақида хабар берган бўлса, бошқалари қишлоқ четида жанглар кетаётганини ёзган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса бу ердаги аҳоли пунктлари йўналиши бўйича ёриб ўтишга бўлган «бешта уриниши» қайтарилганини» даъво қилди.
НАТОнинг иқрори
НАТО ҳарбий қўмитасининг раҳбари Роб Бауэр Россия ҳудуди ичкарисида ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган узоқ масофани нишонга олувчи қуроллар билан ҳужум қилишни «ҳарбий нуқтайи назардан ўзини оқлайди», деб атаган.
Бауэрнинг таъкидлашича, халқаро ҳуқуққа кўра ҳар қандай мамлакатда ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқи бор ва бу мамлакатнинг чегаралари билан чекланмайди. «Бунинг ҳарбий маъниси душманни кучсизлантириш ва логистика йўналишлари, фронтга ўқ-дорилар ва ёнилғи етказиб беришни йўқ қилишдир», — деган у НАТО ҳарбий қўмитасининг Прагада ўтган йиғилишида.
Лекин бу масаланинг бошқа — сиёсий томони ҳам бор, деган у: Киевга қурол-яроғ етказиб берган мамлакатлар ундан қандай фойдаланилаётгани учун масъулдир. Шу сабабли Украинанинг ҳамкорлари чеклов ўрнатишга тўлиқ ҳақли, деган Бауэр.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Вашингтонда учрашишганидан сўнг Украинага узоқ масофаларни нишонга ололадиган қуроллардан фойдаланишга ошкор рухсат беришмаган эди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эса алянс давлатлари Россия ҳудуди ичкарисига ғарб қуроллари билан зарба беришга рухсат берса, алянс можаро томонларидан бирига айланмаслиги, Украина бундай зарбаларни беришга қонунан ҳақли эканини таъкидлаган.
Қатардан Украинага ёрдам
Кремлнинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчиларидан бири, шу йили Россия ва Украина ўртасидаги маслаҳатлашувларда воситачи ролини ўйнаган Қатар Киевга қурол-яроғ етказиб берувчилар сафига қўшилишга қарор қилди.
Қатар Германия ҳукумати билан битим доирасида Украина қуролли кучларига 24 та PzH 2000 гаубицаларини етказади, деб ёзмоқда Bild нашри вазиятдан хабардор манбаларига асосланиб.
Агентлик ҳамсуҳбатининг сўзларига кўра, Қатар армияси Украина қуролли кучларига ўз ихтиёрида бўлган немис гаубицаларининг ярмини беради, эвазига Германиядан янги машиналар олади. Гап ғилдиракли RCH 155 гаубицалари ҳақида бормоқда ва Қатар 100 млн евролик эски қуролли техникаларни сотгани эвазига уларни қабул қилиб олади.
Гаубицалар Украинага етказилишидан аввал Германияда таъмирланади. Уларни комплекс модернизация қилишда дастурий таъминоти янгиланади ва Украина эҳтиёжлари учун мослаштирилади. Жараённи ГФРнинг икки йирик мудофаа концерни KMW ва Rheinmetall назорат қилади.
Россия ҳокимияти бир неча бор Қатарни Яқин Шарқдаги «стратегик» ва «асосий» ҳамкори деб атаган. 2016 йилда Қатар суверен фонди «Роснефт»нинг 20 фоиз акцияларини 10 млрд долларга харид қилиб, де-факто нефт нархи тушиши ва Қрим аннексиясидан чарчай бошлаган Россия иқтисодиёти ва бюджетини кризисдан қутқариб қолган эди.
Россия армияси кенгаймоқда
Россия президенти Владимир Путин Россия қуролли кучлари штатини яна 180 мингта кишига оширишга оид қарорни имзолади: энди ҳарбийлар сони 2 миллион 389 мингга етказилади.
Ҳужжат жорий йилнинг 1 декабридан кучга киради. Унда қайд этилишича, уларнинг 1,5 миллион нафари ҳарбий хизматчилар ҳисобланади. Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан бери Путин қуролли кучлар куч тузилмаларидаги штатларни 2022 йил августда ва 2023 йил декабрда оширган эди. Биринчи марта ҳарбий хизматчилар сони 137 минг кишига, иккинчисида эса 170 минг кишига оширилган.
Уруш бошланишидан олдин Россия Федерацияси Қуролли Кучлари таркибидаги ҳарбий хизматчилар сони 1 миллион 13 минг 628 кишини ташкил этган.
Кремл ва Россия Мудофаа вазирлигига яқин уч манбанинг сўзларига кўра, Россия шу орқали Украинага қарши урушдаги йўқотишларни қоплаш ниятида.
Ўз навбатида Путин июн ойида ўтказилган Петербург халқаро иқтисодий форумида Россияда янги сафарбарликни бошлаш кўзда тутилмаганини маълум қилганди.
Унинг тан олишича, жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган мавжуд контингент мақсадларга тезда эришиш учун етарли эмас, аммо ҳозир Россия армияси қўмондонлиги бошқача тактикага амал қилмоқда.
Европадаги тошқинлар
Марказий ва Шарқий Европадаги кучли ёмғир, шамол ва сув тошқинлари оқибатида минглаб уйларни сув босгани, камида 18 киши ҳалок бўлгани маълум қилинмоқда. Германия эса тошқинга тайёрланмоқда.
Дам олиш кунлари кўҳна қитъа узра кучли ёмғирларни келтириб чиқарган «Борис» тўфони сузиб ўтган.
Энг катта зарарни Германия, Австрия, Полша, Руминия, Словакия ва Венгрия кўрган. Бу мамлакатларда кўплаб шаҳарлар ва қишлоқларни сув босган, ўн минглаб одамлар электр чироғисиз қолган.
Полша ва Чехияда иккита тўғон ёрилиб кетган. Австрия пойтахти Вена атрофидаги ҳудудлар офатдан зарар кўрган ҳудудлар деб эълон қилинган.
Полша бош вазири Доналд Туск мамлакат жанубида фавқулодда офат режимини эълон қилган. Зарар кўрганларга 2 млрд злотий (240 млн евро) ёрдам ажратилган.
Германия канцлери Олаф Шолц зарар кўрган қўшни давлатларга ёрдам беришни ваъда қилган. Германиянинг ўзида тошқинлар ҳали у қадар кучли кўринишга эга эмас. Фақат Саксонияда вазият хавотирли: Дрездендан Элба дарёси сатҳи меъёридан 1,5 метрга кўтарилган, у сутка ичида 6 метргача кўтарилиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Бойлар давраси: дунё миллиардерлари Трамп инаугурациясида йиғилди
Жаҳон | 22:19 / 21.01.2025
Қўли кесилган 2 ойлик чақалоқ: унинг яқинлари шифокорлардан норози
Жамият | 14:20 / 21.01.2025
100 долларлик банкнотанинг эскисидан воз кечиляптими?
Иқтисодиёт | 11:05 / 21.01.2025
АПЛдаги илк ўзбек. Ҳусановнинг трансфери ҳақида асосий гаплар
Спорт | 09:16 / 21.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
БМТ бош котиби 2025 йилдаги асосий таҳдидларни санади
Жаҳон | 21:11 / 22.01.2025
-
Чехияда россияликларга фуқаролик беришни тақиқловчи қонун маъқулланди
Жаҳон | 23:41 / 22.01.2025
-
АҚШ жанубида қор бўронлари сабаб биринчи марта фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Жаҳон | 23:19 / 22.01.2025
-
"Ҳусанов тезроқ инглиз тилини ўрганишига умид қиламан. Унинг жисмоний кўрсаткичлари ажойиб" – Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида
Спорт | 23:12 / 22.01.2025
Мавзуга оид
14:26 / 22.01.2025
Яҳудий кўчкиндиларга бекор бўлган санкция, судга берилган Трамп ва Туркиядаги фожиали ёнғин — кун дайжести
13:15 / 21.01.2025
Ғазога қайтган маҳбуслар, катта ваъдалар билан лавозимга киришган Трамп ва Озарбойжонда хотирланган «Қонли январ» — кун дайжести
14:12 / 20.01.2025
Ғазога қайтган тинчлик, Исроилнинг урушдаги йўқотишлари ва Трамп бераётган ваъдалар — кун дайжести
13:36 / 18.01.2025