Стипендияни бекор қилиб контракт нархларини арзонлаштириш керакми?
Воқеалар ривожи
Олий таълим муассасаларида тўлов-контракт нархлари оширилгани маълум бўлгач, контракт суммасини озайтириш эвазига стипендиядан воз кечиш мавзуси атрофида жуда кўп ва хўб муҳокамалар бўлди, ҳозир ҳам давом этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев олий таълим муассасаларида ўқиш учун контракт тўлови миқдорини пасайтириш бўйича таклифлар билан чиқиш қилди. Бунда депутатлар Ўзбекистонда табақалаштирилган тўлов-контракт жорий этишни таклиф қилишди, яъни баланд балл билан кирганлар камроқ, паст балл билан кирганлар кўпроқ контракт тўлайди.
Шундан сўнг, Олий таълим вазирлиги контракт нархлари ошганига изоҳ берди. Вазирликнинг айтишича, ҳозирда Ўзбекистонда бир талабани ўқитишнинг ўртача харажати 10,5 миллион сўм, шундан 45—80 фоиз (5,6 миллион — 7,5 миллион сўм)и талабанинг ўзига стипендия сифатида қайтариб берилади.
Мазкур баёнот берилгандан сўнг, ижтимоий тармоқларда жуда кўпчилик стипендияни бекор қилиб, контракт нархини пасайтиришни сўраб фикрлар қолдира бошлади. Хусусан, «Тролл.уз» лойиҳаси муаллифи Умид Ғофуров ҳам худди шу таклиф билан чиқди ва ўз фикрини етарлича асослашга ҳам ҳаракат қилди.
Кейин воқеалар ривожи янада қизиқарли тус олди. Вазирлик яна бир бор ушбу чақириқларга жавоб қайтарди. Бу сафар Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов «Газета.уз» нашрига берган интервьюсида стипендия аслида талабанинг ижтимоий муҳофазаси эканлиги, талабаларнинг 70 фоизи стипендияларнинг бекор қилинишига қарши чиқиши, ушбу масала бўйича якдил бир қарор қабул қилиш қийинлиги ҳақида фикр билдирди.
Бироқ вазир ушбу рақамларни айнан қаердан олганига аниқлик киритмаган. Яъни 70% рақами қаердан келди, бирор тадқиқот ёки сўровнома ўтказилганми? Ўтказилган бўлса, қачон ва унда қанча талаба қатнашган? Улар фақат контрактда ўқийдиган талабалармиди ёхуд давлат грантида ўқийдиганлар ҳам овоз берганми, улар 100% қарши чиқиши аниқ. Ҳозирча бу саволларга жавоб йўқ.
Сўровнома ўтказилди
Воқеалар ривожини кузата туриб, менда шу мавзу бўйича сўровнома ўтказиш фикри пайдо бўлди ҳамда Телеграм каналим орқали қуйидаги сўровномани ўтказдим.
Сўровномада жами 13 минг 288 нафар киши овоз берди. Шундан 9401 нафари, яъни 70,7% иштирокчи стипендияларни бекор қилиб, контракт нархини арзонлаштиришга рози эканлигини баён қилган.
2524 нафар, яъни 19% овоз берувчилар бу фикрга қарши эканлигини маълум қилди. Хулоса қилишга шошмаслик керак, деганлар 1363 нафар, яъни 10,3% ни ташкил этди.
Натижалар нима учундир вазир айтган рақамнинг ғирт тескарисини тасдиқламоқда.
Демак, кўпчилик стипендияни бекор қилиш эвазига контракт нархларини кескин тушириш тарафдори. Бу факт!
Менинг фикрим
Шахсан ўзим бу мавзу доирасида хулоса қилишга шошмаслик тарафдориман. Яъни стипендияларни бутунлай бекор қилиш масаласини шошмашошарлик билан амалга оширилишига қаршиман. Барчаси жиддий илмий ва ижтимоий изланишларни талаб этади. Шунчаки таваккалига «70% қарши» ёки «70% маъқуллаяпти» дейиш билан иш битмайди. Таълимдаги кординал ўзгаришлар тор доиранинг хоҳиш-иродаси ёхуд ижтимоий тармоқда фаол бўлган озчиликнинг шов-шуви билан амалга ошмаслиги керак, деган фикрдаман.
Энг яхшиси буни ихтиёрий танлов сифатида қолдириш керак, мажбурий эмас. Бу ҳақда қуйида батафсил.
Аммо, лекин, бироқ...
Ҳозирги ҳолатни ҳам шундайлигича қолдириб бўлмайди. Ҳали сентябрь ойи бошлансин, контракт тўлай олмаётган талабалар оиласида шунақанги кўплаб муаммолар пайдо бўладики, асти қўяверасиз. Ким ўзини ўққа-чўққа урган, ким банклар эшигида мўлтираган, ким оёғи куйган товуқдай қарз сўраб у эшикдан, бу эшикка югурган, ким уйидаги энг охирги бисотини, тилла тақинчоқларини ёки ягона соғин сигирини чиқариб сотган, ким фарзандим ўксимасин деб Россияга йўл олган, ким чиқмаган жондан умид, дея Президент порталига ўнлаб аризалар юборган... Эҳҳе, гапирса гап кўп. Хўш, буларнинг олдини олиш учун бизда қандай ечимлар бор? Ҳеч қандай!
Олиш деярли имконсиз бўлган таълим кредитлари ва саноқли талабаларга насиб этадиган Ёшлар иттифоқининг кўмагини айтмай қўя қолинг. Бу урвоқ ҳам бўлмайди.
Таклифлар
Шуларни ҳисобга олиб, айрим таклифларни илгари сурмоқчиман:
1-таклиф: мажбурий эмас, ихтиёрий танлов.
Стипендия олмаслик ҳисобига контракт нархини камайтиришни ихтиёрий танлов сифатида жорий қилиш керак. Яъни кўпчилик таклиф қилгандай стипендияни ҳамма учун бутунлай бекор қилмасдан, талабалар ва уларнинг ота-оналарига танлов имкониятини қолдириш лозим. Масалан, мен контрактни бемалол тўлай оламан, шу сабабли стипендияни бекор қилишга эҳтиёжим йўқ. Лекин қўшним контракт тўлови учун бирданига бир неча миллион топа олмаяпти, улар учун стипендиядан воз кечиш анча фойдали.
Агар вазир айтганидай, 70% талабалар стипендияни бекор қилишга қарши бўлса, демак уларнинг катта қисми бу таклифни қабул қилишмайди. Фақат озчилик талабаларгина ушбу имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилади, бунинг нимаси ёмон? Уларга нима учун имконият бермаслигимиз керак? Ва ўзи шу имкониятни жорий қилишимиз ҳамоно, асл вазиятни билиб оламиз, амалда қанча инсон қарши, қанчаси рози эканлигини.
Келинг, бундай тизимда талабалар қанча миқдорда контракт тўлашини ҳисоблаб кўрамиз.
Ҳозир энг арзон контракт бакалавр учун 8 млн. 293 минг 500 сўм, энг қиммат контракт эса 11 млн 58 минг сўм.
Стипендиялар эса қуйидагича: «5»лик – 621 минг 746 сўм, «4»лик – 466 минг 309 сўм, «3»лик – 310 минг 872 сўм.
Агар талаба стипендия олишдан воз кечиб, фақат қолдиқни тўлаш вариантини танласа, унда 1 йиллик контракт суммаси стипендия миқдорига қараб, 832 минг сўмдан 7 млн 327 минг сўмгача бўлади.
Ота-оналар учун қай даражада молиявий енгиллик бўлаётганини кўряпсизми? Кимга ушбу вариант маъқул келса, уларга бундан фойдаланиш имкониятини бериш бугунги давр талаби эканлигини тан олишимиз керак. Айниқса, бундан давлат бюджети ёки ОТМлар молиявий зарар кўрмаслигини ҳисобга олсак, ўйлаб кўришга арзийди.
2-таклиф: бўлиб тўлашни жорий қилиш
Жуда кўп ҳолларда талабаларнинг контракт пулларини ота-оналар ўз ойлик иш ҳақларидан ўтказишларини яхши биламиз. Бунда давлат томонидан солиқ имтиёзи ҳам берилган. Яъни 26 ёшга тўлмаган фарзандининг контракти учун иш ҳақидан пул тўланганда ўша ўтказилган қисми учун даромад солиғи олинмайди.
Аммо биздаги контракт тўлаш тартиби шундайки, семестрнинг бошида жами сумманинг камида ярмини бирданига тўлашингиз шарт. Бу иш ҳақидан тўлайдиган ота-оналар учун қийинчилик туғдиради. Сабаби ҳамма корхона ва ташкилотлар ҳам ходимларига аванс тариқасида ойлигини олдиндан беришга рози бўлмайди. Ойига ўртача 1 млн сўм иш ҳақи оладиган ходим фарзандининг 9 млн сўмлик контрактини бирданига тўлай олмаслиги, лекин ҳар ойда бўлиб-бўлиб иш ҳақидан бемалол ўтказиши мумкин.
Шу сабабли фарзандининг ёки ўзининг контрактига айнан иш ҳақидан ўтказмоқчи бўлганларга бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш керак. Бунда ОТМ, ташкилот ва ходим ўртасида 3 томонлама шартнома тузиш кифоя.
Бунда ҳамма талабалар учун бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилсин демоқчи эмасман, бу кейинчалик кўп муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, ОТМларнинг молиявий аҳволига путур етказиши ҳам ҳеч гап эмас. Лекин олдиндан кафолатланган тўлов сифатида иш ҳақлари учун имтиёз берилса, ёмон бўлмасди.
3-таклиф: таълим кредити учун ресурсларни кенгайтириш
Таълим кредити амалда барча учун очиқ ва шаффоф бўлганда эди, «Президент порталига мурожаатдан сўнг, банклардан таълим кредити олишда амалий ёрдам берилди» деган мазмундаги хабарлар ОАВда бот-бот чиқмаган бўлар эди. Бу қанчалар қийин жараён эканлигини, банкга таълим кредити сўраб борган одам яхши билади.
Аммо муаммо фақат банклардами? Телеграмдаги «Банк ва мижоз» каналида айни шу мавзу юзасидан қуйидаги мулоҳазалар билдириб ўтилган:
«Тижорат банклари томонидан бериладиган таълим кредитлари бўйича:
- чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига — ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит);
- талабаларнинг қолган тоифаларига — Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари белгиланади.
Таълим кредитлари, ОТМларда ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.
Бироқ, бугунги кунда ушбу кредитлар банкларнинг ўз ресурслари ҳисобидан берилаётганлиги ҳамда банкларда арзон ва узоқ муддатли ресурсларнинг мавжуд эмаслиги оқибатида, талабалар ушбу кредитларни юқори фоизларда, қисқа муддатларга олишга мажбур бўлишмоқда.
Агар талабаларнинг таълим олишлари учун ҳам тижорат банкларига арзон ресурслар ажратилса, бошқа давлат дастурларига ажратилганидек, бир қанча муаммоларга ечим ҳам топилар эди».
Мен ҳам ушбу фикрларни қўллаб-қувватлайман. Таълим кредитлари учун имконият доирасида давлат томонидан яхшигина ресурслар ажратилиши керак, ахир гап аҳолининг таълим олишига шароит яратиш ҳақида кетмоқдаку.
Бундан ташқари жорий йилда сиртқи ва кечки таълим ҳам йўлга қўйилди ва абитуриентларнинг катта қисми айнан ушбу таълим шаклларига ҳужжат топширди. Ваҳоланки, сиртқи ва кечки таълим фақат тўлов-контракт асосида амалга оширилади, демак улар учун ҳам таълим кредити жорий қилиш масаласини ўйлаб кўриш керак. Чунки ҳозирги қонунчилик бўйича таълим кредити фақат ОТМларнинг кундузги бўлимларига қабул қилинган талабаларга берилади холос.
Аслида контракт янада қиммат бўлиши керак
Мақолам сўнггида кўпчиликка ёқмаса ҳам, холислик нуқтаи назаридан бир гапни айтиб кетмасам бўлмайди. Аслида сифатли олий таълим учун ҳозирги контракт нархлари бир мунча арзон. Янада қимматроқ бўлиши керак аслида. Тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Бизда ўртача контракт пули 9 млн 436 минг сўм. Шу суммани 12 ойга эмас, ана боринг 9 ойлик соф таълим даврига бўлган тақдиримизда ҳам ҳар ойга 1 млн 48 минг сўмдан тўғри келмоқда. Агар биз бундан ўртача стипендия миқдорини (436 минг) айириб ташласак, ойига 612 минг сўмдан тўғри келмоқда. Бу сифатли олий таълим олиш учун бугунги кунда нормал тўлов эмас. Агар конкрет стипендиялар миқдори бўйича олсак, бир ойда 92 минг сўмдан 814 минг сўмгача контракт тўлашаётганининг гувоҳи бўламиз.
Солиштириб кўриш учун яна битта рақам айтаман. Масалан, юртимиздаги етакчи ўқув марказлари 3 та фандан тайёрлаш учун тахминан 10 млн сўм атрофида ҳақ олишади. Ўқиш муддати – 10 ой. Демак, ҳар ойга 3 та фандан ўқиш учун 1 млн сўмдан тўлашингизга тўғри келади.
Нима учун абитуриентларни ўқитадиган ўқув марказларида ойлик тўлов 1 млн сўм бўладию, лекин олий таълим ва диплом берадиган университетларда энг максимум қиммат контракт суммаси ҳам бунча бўлмаслиги керак? Бу қанчалик мантиққа тўғри келади?
Бу тўловлар ҳаттоки битта талаба учун сарфланадиган харажатларни ҳам қопламайди. Бундай шароитда ОТМ моддий техник базасининг мустаҳкамланиши, ўқитувчиларнинг ойлигини етарли даражада ошириш, таълим сифатини кўтариш ҳақида қандай қилиб ўйлаш мумкин? Яна ўша бюджетга қарамлик орқасиданми? Қачонгача ОТМлар бюджетга қарам бўлиб яшайди? Улар ўзини-ўзи қоплаши, таълим бериш орқали ўзи фойда қилиши, ўз маблағларини ўзи эркин ишлата олиши керак. Шунда талабга яраша таклиф вужудга келади, таълим сифати ҳам ўз-ўзидан ошиб бораверади.
Шунга кўра, хулоса қилиш мумкинки, контракт суммаси аслида янада баландроқ бўлиши керак. Лекин бунинг учун ўз навбатида халқнинг ўртача даромади ҳам юқори бўлиши талаб этилади. Хуллас, буёғи дилемма, охири йўқ баҳс...
Хушнудбек Худойбердиев
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
20:17 / 05.11.2024