Ўқув йили якунида Тошкентдаги мактаблардан бирида интизомсиз ўқувчини калтаклаган ўқитувчига жиноий иш очилди, лекин якунда у айбсиз деб топилди. Тармоқларда кимдир ўқитувчини қоралади, кимдир эса ўқувчи ва унинг ота-онасини.

Kun.uz шу мактаб директори ва жамоатчилик фаоллари иштирокида бу каби ҳолатларга олиб келаётган сабабларни муҳокама қилди.

Суҳбатда Мирзо Улуғбек туманидаги 275-мактаб директори Мавлуда Насриддинова, педагоглар Шокир Турсун ва Ҳамид Содиқ ҳамда ҳуқуқшунос Абдураҳмон Ташанов иштирок этишди.

Ўқитувчининг қўлида ричаг йўқ”

Шокир Турсун педагогик нуқтайи назардан ўқитувчининг ҳаракатини оқлаб бўлмаслигини, лекин рўй берган ҳолат тизимли муаммонинг оқибати эканини таъкидлади.

— Педагог сифатида вазиятга муносабатим – ўқитувчи хато қилди. Буни оқлаб бўлмайди. Иккинчи томон ҳам хато қилди. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам жазо олиши керак эди.

Ҳозирги кунда ўқитувчини қўлида айрим “ричагча”лар бор. У нима қилиши мумкин? Ички ишлар ходимини чақириш мумкин. Ўқувчи тинимсиз равишда топшириқларни бажармаганда, ёмон баҳо қийиши мумкин. Лекин бу иккаласини қилгандаям таёқ ўзининг бошида синади. Биринчи навбатда “РайОНО” чиқади туманнинг обрўси, тармоққа чиқмаслиги учун. Ўқитувчи қайтариб олишга мажбур бўлади аризани. Агар қайтиб олмасдан принципда турадиган бўлса, унга босим бошланади. Иш бўлган жойда ҳар қанақасига камчилик топиш мумкин. 2 баҳо қўядиган бўлса: бу иккилар ҳозирги амалдаги янги баҳолаш тизими бўйича ҳеч қаёққа ўтмайди. Яъни бу ричаг ҳам қўлдан кетди ва энди таёқ қолди. Сабр косаси тўлган пайтда таёқ ишлатяпти.

Жамиятимиз шуни тушуниш керак, тизим ўқитувчини шунга олиб бориб қўйди. Тизим ўқитувчининг қўлига интизомсиз болаларга қарши ҳеч қандай ричаг бермаяпти ёки тизимнинг ўзи ричаг вазифасини ўтамаяпти. Ривожланган давлатларда тизимнинг ўз ричаги бор, ўқитувчи бунақа вазиятларда фақат боланинг интизомсизлиги ҳақида хабар беради, қолганига аралашмайди, қолганини тизим бажаради. Ота-онани чақириш, ички ишларга олиб бориш – ҳаммасини тизим бажаради.

Болага ота-онасининг ҳам сўзи ўтмаяпти”

Мактаб раҳбари Мавлуда Насриддинова муаммонинг илдизларидан бири сифатида оилавий муҳит ва ажримлар кўпайганини қайд этди.