Жаҳон | 20:39 / 08.02.2024
13565
10 дақиқада ўқилади

Барбод бўлган келишув, Бағдоддаги портлаш ва Украинага ёрдамни блоклаган АҚШ Сенати — кун дайжести

Сўнгги бир кун ичида жаҳонда содир бўлган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестда таништиришда давом этамиз.

ҒАЗОДАГИ ВАЗИЯТ

Ғазодаги Исроил агрессияси қурбонлари сони 27 минг 708 нафарга етган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ярадорлар сони 67 минг кишидан ошган.

БМТ Болалар фонди — UNICEF маълумотларига кўра, Исроил Ғазо секторига авиазарбаларни бера бошлаганидан буён 17 минг бола етим қолган. 7 октябрдан буён Ғазода ўлдирилган 27 минг фаластинликлардан 40 фоизи ёш болалардир.

«Ҳалокатли гуманитар вазият давом этаётган оммавий қирғинлар, танлаб ўтирмасдан бомбардимон қилиш, жойдаги қотилликлар туфайли тобора оғирлашмоқда», — деган ҲАМАС етакчиси Усома Ҳамдан.

Усома Ҳамдан Исроил очган уруш халқаро ҳамжамиятнинг ожизлиги ва икки томонлама стандарт бўйича иш кўринишини кўрсатиб қўйган. Унга кўра, Ғазо секторида агрессиясини тўхтатиш ва Фаластин халқининг ҳуқуқларини тан олиш — минтақадаги барқарорликнинг ягона шарти.

Исроил ҲАМАС томонидан гаровга олинганларнинг 31 нафари ҳалок бўлганини тасдиқлади. Гаровда яна 80 нафар исроиллик қолгани тахмин қилинмоқда, деган ЦАҲАЛ спикери Даниэл Ҳагари.

The New York Times нашри Исроил разведкасига таяниб, гаровга олинган 32 нафар исроилликнинг ўлими ҳақида ёзган эди. Уларнинг 30 нафари 7 октябрда бошланган ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги уруш пайтида, 2 нафари эса 2014 йилда, аввалги можаро пайтида ҳалок бўлган ва шундан бери уларнинг жасади Ғазо секторида сақланмоқда. 

БАРБОД БЎЛГАН КЕЛИШУВ

ҲАМАС Исроил билан 135 кунлик ярашув режасини таклиф қилган эди. Аммо бу сулҳ келишуви амалга ошмайдиганга ўхшаяпти.

Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича 45 кунлик уч босқичли режа тайёрланган. Назарда тутилишича, бу вақт ичида гаровда ушлаб турилганларнинг барчаси озод қилинади, Исроил ўз қўшинларини сектордан олиб чиқади, ҳалок бўлганларнинг жасадлари алмашилади.

Шундан сўнг Ғазо секторини қайта тиклаш бошланади ва ниҳоят, урушни тугатиш бўйича келишувга эришилади.

Исроил ҲАМАС томонидан таклиф этилган ўт очишни тўхтатиш режасига «ҳеч қачон рози бўлмайди», — деб хабар бермоқда NBC Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига яқин манбаларига асосланиб.

Бу орада Исроил армияси Миср ва Ғазо сектори чегарасидаги Рафаҳ шаҳридаги жангларга тайёргарлик кўриш топшириғини олган. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу таъкидлаган.

«Исроил ҲАМАС иштирокидаги битим бўйича ўз зиммасига ҳеч қандай мажбурият олгани йўқ, қандайдир келишувларга ҳали эрта», — деган Нетаняҳу.

Нетаняҳунинг айтишича, ҲАМАС томонидан игари сурилган, ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш талабларини қабул қилиш Исроилда янги хунрезлик келтириб чиқаради. Шу сабабли у Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилишга буйруқ берган.

«ҲАМАС шартларини қабул қилиш Исроилни фожиа томон етаклайди. Биз ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилиб, асирдаги фуқароларимизни қайтариб, узил-кесил ғалаба қозонмоқчимиз. Тўлиқ ғалаба ва ҲАМАСнинг йўқ қилинишидан ортга йўл йўқ», — деган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу.

Исроил ҳукуматига мухолифатда бўлган кучлар етакчиси Яир Лапиднинг айтишича, уруш ғилдирагини айлантираётган Нетаняҳу ҳукумати Исроил иқтисодиётини барбод қилган. Бунинг оқибатида жуда кўплаб товарларнинг нархлари кескин кўтарилган. 

АҚШНИНГ ЯҚИН ШАРҚДАГИ ЗАРБАЛАРСИ

Америкага тегишли пилотсиз парвоз қурилмаси Ироқ пойтахти Бағдодда автомобилни нишонга олган. Ҳужум натижасида «Катоиб Ҳизбуллоҳ» қўмондонларидан бири Абу Бакр ас-Саъдий ўлдирилган.

Ас-Саъдий билан машинада бирга кетаётган Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳ жангарилари ҳам ҳалок бўлишган, деб хабар беради Al Arabiya телеканали.

«Катоиб Ҳизбуллоҳ» кучлари раҳбарларини йўқ қилиш бўйича операция Американинг MQ9 пилотсиз парвоз қурилмаси ёрдамида амалга оширилган. Дрон Айн ал-Асад ҳарбий базасидан учирилгани хабар қилинмоқда.

Ҳужумга жавобан Ироқликлар Бағдоднинг яшил ҳудудида жойлашган АҚШ элчихонасига ҳужум қилиш учун тўпланишган. Ироқ хавфсизлик кучлари Америка элчихонасига элтувчи йўлларни ёпган. АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси юқори тайёргарлик режимига ўтказилган.

АҚШ ва Британия кучлари кеча тунда Яманга ҳам зарба беришган. Мамлакат шимолидаги Саъда вилоятининг Ал-Катинат туманидаги ҳусийчиларнинг объектларига авиазарбалар ёғдирилган. Шунингдек, Ҳудайда портида ҳам портлаш рўй берган. 

МЕДВЕДЕВНИНГ ТАҲДИДЛАРИ

Россиянинг собиқ президенти, айни дамда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари бўлиб ишлаётган Дмитрий Медведев НАТО билан оддий урушда имконият йўқлиги шу сабабли «ядровий қиёмат» рўй бериши мумкинлигини таъкидлаган.

Россия НАТО билан оддий жанг воситалари билан кенг кўламли урушга туриб бера олмайди, шунинг учун ядровий қуролдан фойдаланишга мажбур бўлади, деган Медведев.

У гарчи расмий Москва кўп марта «НАТО ва Европа Иттифоқи давлатларига қарши уруш қилиш режаси йўқлиги»ни таъкидлаган бўлса-да, ғарб давлатлари сиёсатчилари ва армияларининг қўмондонлари сўнгги вақтларда Россияга қарши урушга чақиришаётганига эътибор қаратган. Медведев буни «хавфли ғўлдираш» деб атаган ва модомики шундай уруш рўй берса, у Россия Украина учун танлаган сценарий бўйича бормаслигини айтган.

Медведевнинг таъкидлашича, НАТО — умумий аҳолиси 1 млрд киши, ҳарбий бюджети 1,5 трлн доллар бўлган улкан ҳарбий блок.

«Ҳарбий салоҳиятларимиз таққослаб бўлмас даражада бўлгани учун, бизда шунчаки танлов қолмайди. Жавоб ассиметрик бўлади. Мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун махсус каллакли баллистик ва қанотли ракеталардан фойдаланамиз. Бу ўша кўп гапирилган Қиёматнинг ўзгинаси бўлади. Ҳаммаси тугайди», — деган Медведев. 

УКРАИНА ЯНГИЛИКЛАРИ

Украинада ҳарбий сафарбарликни қатъийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Радада биринчи ўқишдаёқ қабул қилинган.

Мухолифатдагилар қонунни қўллашмаган — Петро Поршенконинг «Европа бирдамлиги» ва Юлия Тимошенконинг «Ота Ватан» партиясининг бирор аъзоси овоз бермаган.

Украинанинг собиқ президенти Петро Порошенко Зеленскийнинг ҳукуматни янгилаш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтиб, тозалашни «ўзидан бошлаши» ва президент ўз командасида тозалаш ўтказиши кераклигини писанда қилган.

Порошенкога кўра, вазирлар маҳкамасида ҳам қайта тайинловлар зарурияти бор, уни технократик ҳукуматга айлантириб, миллий бирлик ҳукумати шакллантирилиши лозим. 

УКРАИНАГА ЁРДАМ ТЎХТАТИЛДИ

Украинага ёрдам пули ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси яна АҚШ Сенатидан ўтмади. Украинага ва жанубий чегараларга ёрдам пули ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси сенаторларнинг зарур 60 та овозини тўплай олмаган. Сенатдаги республикачилар қонун лойиҳасини кўриб чиқишни блоклаган.

Бир неча ойдан буён ишлаб чиқилаётган, АҚШ миграцияси сиёсати ва Украина, Исроил ва Тайванга ҳарбий ёрдам ажратиш бир-бирига боғланган қонун лойиҳаси аввалдан маъқулланмаслиги маълум эди. Доналд Трамп атрофида бирлашган республикачилар Конгресснинг ҳар икки палатасида чегара назоратини қатъийлаштириш бўйича маъқулланган келишувларга қарши чиқишмоқда.

Украинага 60 млрд долларлик, шунингдек, Исроил ва Тайванга ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳамда миграция сиёсати қатъийлаштирилишининг бирлаштирилишини кузда консерватив республикачилар талаб қилиб туриб олишган эди. Улар ҳар иккиси миллий хавфсизни таъминлаш билан боғлиқ, деб тушунтиришган эди. Тўрт ойлик мунозаралардан сўнг ҳар икки партиядан сенаторлари томонидан маъқулланган қонун лойиҳаси тақдим этилган эди.

Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон қонун лойиҳасини муваффақиятсиз деб атаган ва унинг палата томонидан кўриб чиқилиши шунчаки вақтни йўқотиш бўлади, деган. 

САУДИЯНИНГ КЕЛАЖАККА ИНВЕСТИЦИЯСИ

Саудия Арабистони яримўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи давлатга айланиши мумкин.

Бунинг учун ALAT компаниясига асос солинган. Унга 100 млрд доллар маблағ ажратилади ва бу пулга заводлар қурилади ҳамда технологиялар ва асбоб-ускуналар харид қилинади. Бу «Чиплар ҳақидаги қонун»га кўра АҚШ соҳага инвестиция қилган маблағдан икки баробар кўпдир. Хитой ва Европа биргаликда ажратган маблағлардан эса анча кўп.

ALAT компанияси директорлар кенгашини валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон бошқаради. Компания 20 февралдан ўз ишини бошлайди. ALAT компаниясининг бош мақсади — Саудия Арабистонида жаҳон таснифидаги электрон саноат маркази яратишдан иборат. 

ИЛҲОМ АЛИЕВНИНГ МУҚАРРАР ҒАЛАБАСИ

Озарбойжонда муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловларида жорий президент Илҳом Алиев катта устунлик билан ғалаба қозонган.

Гарчи ҳали Марказий сайлов комиссияси расмий натижаларни эълон қилмаган бўлса-да, экзит-полларга кўра Алиев 92 фоиздан зиёд овоз тўплаган.

Озарбойжонликлар кеча тунда Илҳом Алиевнинг қайта президент этиб сайланганини кенг байрам қилиб нишонлашди. Боку кўчаларида мамлакат байроғини ҳилпираётган машиналар, майдонларда рақс тушаётган аҳолини кўришингиз мумкин.

Илҳом Алиевни сайлов муваффақиятли ўтказилгани билан Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенко билан биргаликда, шунингдек, Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Си Жинпинг табриклашган.

Мавзуга оид