Ўзбекистон | 20:30 / 07.01.2017
107092
7 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Прокуратура органларининг эшиги аҳоли учун очиқ бўлганида эди...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 январда Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашди. Унда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, прокуратура органлари масъул ходимлари ва фахрийлари иштирок этди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди. 

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 19 декабрдаги қонунига мувофиқ, 8 январь Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгиланди. Бу прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилади. 

"Сизларни 8 январь – Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман", – деди Президентимиз. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлардан бири прокуратура органларидир. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Суд-ҳуқуқ тизими тубдан ислоҳ қилинди. 

"Эришилган ютуқлар ўзимизники, унга маҳлиё бўлиб ўтириш бизга ярашмайди. Бугун сизлар билан олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида гаплашиб олмоғимиз лозим, - деди давлатимиз раҳбари. - Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликка чидай олмайди. Жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлмоғи керак. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, уларнинг самарадорлигини юксалтиришда қонуний асосларни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишлар мамлакатимизнинг ҳар томонлама тараққий этишига хизмат қилаётир. Давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича қилинган ишлар дунё ҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. 

Прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади", - деди Президентимиз. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги оширилган. 

Бу соҳа ходимларининг зиммасига ҳуқуқий ҳужжатларнинг аниқ ва тўла ижро этилишини назорат қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдек вазифалар масъулиятини янада оширди. 

Президентимиз тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишида прокуратура органларининг роли ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни алоҳида таъкидлади. "Тадбиркор бой бўлса, давлат бой бўлади. Бунинг учун ишбилармонларга кенг шароит яратиб беришимиз лозим. Прокурор тадбиркорга кўмакчи бўлиши, у билан ҳамкорликда ишлаши даркор. 

Мустабид тузум даврида одамлар прокуратура органлари ходимларини фақат қораловчи, жазоловчи тизим вакиллари сифатида биларди. Биз ушбу соҳа фаолиятини халқаро талаблар даражасида қайта ташкил қилишда ижобий натижаларга эришмоқдамиз", - деди Президентимиз. Прокуратура органлари кундалик ҳаётимизда қонун устуворлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши зарур.

Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бўйича прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тузиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга мувофиқ, Комиссиянинг зиммасига қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, прокуратура органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ўрганиш ва умумлаштириш, прокуратура органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва уларнинг ишлаш усулларини янада такомиллаштириш юзасидан уларнинг зиммасига юклатилган вазифалар самарали бажарилаётгани устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш вазифалари қўйилди. 

"2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади. Бундан ташқари, вилоятларда прокурорларнинг ишига қараб ойлик рейтинги тузиб борилади. Уларнинг фаолиятига рейтинг натижалари асосида баҳо берилади. 

Ўтган йили ташкил қилинган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига фуқаролардан 311 минг мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар орасида прокуратура соҳасига тегишлилари ҳам талайгина. Бу жуда ачинарли ҳолдир", -деди Президентимиз. 

"Барчамиз ўзимизга бир савол берайлик: одамларда нима учун муаммолар бунчалик кўпайиб кетди, уларнинг дардини ким эшитади? Мурожаатларнинг аксарияти адолатсизликдан, уларни ҳеч ким эшитмаганидан бўлмоқда. Агар прокуратура органларининг эшиги аҳоли учун очиқ бўлганида, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига бу қадар кўп мурожаат тушмас эди. 

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мазкур соҳа ходимлари ҳам ғоят масъулиятли вазифаларни бажармоғи лозим бўлади. Бирорта мурожаат эътибордан четда қолмаслиги керак", - деди давлатимиз раҳбари. 

Учрашувда Республика Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев, Хоразм вилояти прокурори вазифасини бажарувчи Садриддин Турдиев, Хонқа тумани прокурори Ғайрат Абдуллаев, Ғузор тумани прокуратураси катта нозири Замира Аширова, Тошкент шаҳар прокурори Ботир Қудратхўжаев, Бош прокуратура тизимидаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Эгамов ва бошқалар 8 январь – Прокуратура органлари ходимлари кунини нишонлаш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилингани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган танқидий фикрлардан тегишли хулоса чиқариб, инсон манфаатларини тўла таъминлаш учун барча чора-тадбирлар кўрилишини таъкидлади. 

Tas-IX

Мавзуга оид