Мянмадаги исён: Аунг Сан Суу Кига айблов эълон қилинди, Хитой БМТда ҳарбий хунта ёнини олиб чиқди
Ҳафта бошида Мянмада ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар чоршанба куни давлат маслаҳатчиси (амалда давлат раҳбари) Аунг Сан Суу Кига экспорт-импорт қоидаларини бузгани борасида айблов эълон қилишди.
Душанба куни унинг уйида ўтказилган тинтув давомида қўриқчилар томонидан фойдаланилган еттита рация топилган, ҳарбийлар бу воситалар мамлакатга ноқонуний равишда олиб кирилганини иддао қилишмоқда.
Президент Вин Мин эса ўтган йилги сайловолди кампанияси даврида коронавирус тарқалишига қарши қоидаларни бузгани учун айбланмоқда.
Судья уларни икки ҳафта мобайнида уй қамоғида сақлаш бўйича санкция берган.
Кузатувчилар даъволар кулгили бўлишига қарамай, суд қарорлари Аунг Сан Суу Ки ва Вин Мин маҳаллий қонунчиликка кўра парламент мандатларидан маҳрум бўлишига олиб келишига эътибор қаратишган.
Ҳарбийлар томонидан қўлга олинган бошқа юзлаб кишилар, шу жумладан, Аунг Сан Суу Кининг юридик маслаҳатчиси У Нян Вин, «Демократия учун миллий лига» партияси марказий қўмитаси аъзолари ва парламентнинг бошқа депутатлари тақдири ҳозирча маълум эмас.
Уларнинг барчаси уй қамоғида сақланаётгани тахмин қилинмоқда.
БМТ Хавфсизлик кенгаши сешанба куни Мянмадаги вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказди, аммо ХХР вето ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ҳарбийларнинг ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олинишини қоралаш бўйича резолюцияни блоклади.
Хитойдаги давлат нашрлари қўшни давлатдаги давлат тўнтаришини «ҳукуматдаги ўзгаришлар» сифатида талқин қилмоқда.
Мянмада нималар бўлмоқда?
Қуролли кучлар бош қўмондони, генерал Мин Аунг Ҳлаинг давлатдаги ҳокимиятни тўлиқ ўзига олгач, сешанба куни ўзи шакллантирган ҳукуматнинг илк йиғилишини ўтказди ва унда давлат тўнтаришидан қочиб қутулиб бўлмаганини айтиб ўтган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси устидан назорат қилувчи, Конституцияга зид қандайдир «олий кенгаш» тузилгани эълон қилинган.
Мамлакат пойтахти Нейпидо, собиқ пойтахт Янгонда ва бошқа йирик аҳоли яшаш пунктларида аскарлар навбатчилик қилишмоқда, мамлакатда бир йилга фавқулодда ҳолат жорий қилинган, тунда комендантлик соати амал қилади.
Қизил тасма ҳаракати
Келаётган хабарларга кўра, ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларга қарши очиқ ҳаракатлар кузатилмаган, аммо сешанба куни кечқурун Янгон кўчаларидаги автомобиллар қаттиқ сигналлар чалишган, уйларда идиш-товоқлар уриб, шовқин кўтарилган.
Шаҳар аҳолиси ўз кийимларига қизил ленталарни боғлаб олишмоқда - бу сукут сақлаб қаршилик кўрсатиш рамзидир.
Айниқса шифокорлар ва ҳамширалар фаоллик кўрсатишмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб 70та тиббий муассаса ходимлари иш ташлаш эълон қилишган ва фақат зарур ҳолларда шошилинч ёрдам кўрсатишмоқда.
Фаоллар гуруҳи халқни бўйсунмаслик ҳаракатига чақиришмоқда ва фейсбукда мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил этишган.
Халқаро майдондаги реакция
G7 гуруҳи аъзолари қўшма баёнот билан чиқишди: «Биз ҳарбийларни [Мянма] зудлик билан фавқулодда ҳолатни бекор қилишга, ҳокимиятни демократик йўл билан сайланган ҳукуматга қайтаришга, ноқонуний қўлга олинганларнинг барчасини қўйиб юборишга ҳамда инсон ҳуқуқлари ва қонунлар устуворлигини ҳурмат қилишга чақирамиз».
Қўшма Штатлар Мянмадаги воқеаларни расман давлат тўнтариши сифатида тан олиб, бу ноқонуний ҳукуматни қўллаб-қувватлашнинг ҳар қандай шаклини истисно қилади. Вашингтондагиларнинг маълум қилишича, мамлакатнинг янги раҳбарлари ҳозирча алоқа ўрнатишдан қочмоқда.
Бўлиб ўтган ҳодисаларни ЕИ, Британия, Австралия ва БМТ бош котибининг Мянма бўйича махсус вакили Кристин Шрейнер қоралаб чиққан.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Хитойнинг позицияси мянмалик генералларга симпатия билдириш билан эмас, демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси важи билан қўшни давлат ишига халқаро аралашув бўлишига қаршилиги билан ифодаланади.
Американинг «Дипломат» нашри муҳаррири, Жанубий-Шарқий Осиё бўйича мутахассис Себастьян Стренджо BBC учун берган интервьюсида Пекин Мянманинг аввалги ҳукумати билан яхши алоқаларда бўлгани, мянмалик ҳарбийлар эса тарихан миллатчилиги туфайли Хитойга қарши кайфиятда бўлиб келганига эътибор қаратган.
Шу билан бирга, Пекин Мянма ва Ғарб муносабатлари яна совуқлашишидан фойда кўришга умид қилаётган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
«Хитой ўз одати бўйича генералларни жимгина туриб қўллаб-қувватлайди, аммо уларнинг ҳаракатларини очиқ-ошкора маъқуллаб чиқмайди», дейди Сингапурдаги Миллий университетнинг Мянма бўйича мутахассиси Эллиотт Прассе-Фримен.
Ўтмишда ҳам Хитой ва Россия Мьянма ҳукуматини БМТда роҳингялар масаласи бўйича айблов вақтида ҳимоя қилганди.
Қисқача тарих
Мянма - Жанубий-Шарқий Осиёда жойлашган, аҳолиси 54 миллиондан ошиқ бўлган, лекин иқтисоди тараққий этмаган давлатлардан биридир.
1962 йилдан 2011 йилгача бу ерда ҳарбийлар ҳукмронлик қилишган ва мамлакат халқаро санкциялар остида яшаган. Зўравонликка қарши ҳаракатлар етакчиси Аунг Сан Суу Ки жами 15 йилни уй қамоғида ўтказган ҳамда дунёда демократия ва инсон ҳуқуқлари курашчиси сифатида танилиб, тинчлик йўналишида Нобел мукофотини олган.
2011 йилда халқаро ҳамжамият босими остида генераллар ён бериб, демократияга босқичма-босқич ўтиш жараёни ҳақида эълон қилишган, шу билан бирга парламентдаги ўринларнинг тўртдан бир қисмини ва кучишлатар тузилмалар устидан назоратни сақлаб қолишган.
Шундан кейинги сайловларда Аунг Сан Суу Ки бошчилигидаги «Демократия учун миллий лига» партияси ғалаба қозонади. Ҳарбийлар конституцияга қариндошлари хориж фуқаролигига эга бўлганлар учун президент бўлишни тақиқлаш ҳақида пункт қўшишгани туфайли у расман президент лавозимини эгаллай олмайди (Аунг Сан Суу Ки Буюк Британия фуқаросига турмушга чиққан ва ундан икки ўғил кўрган).
Ўтган йил ноябрида навбатдаги парламент сайловлари ўтказилади ва унда Аунг Сан Суу Кининг тарафдорлари 80 фоиздан ортиқ овоз олишади. Душанба куни янги парламентнинг илк йиғилиши бошланиши керак эди, аммо армия депутатларга иш бошлашга имкон бермади ва ҳарбийлар ҳокимиятни ўз қўлларига олишди.
Мавзуга оид
08:18 / 26.12.2022
Мьянма ҳудудида мушкул аҳволга тушиб қолган 15 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
14:39 / 12.10.2022
Мьянмада собиқ бош вазир Су Чжига яна 3 йил қамоқ жазоси берилди
09:01 / 26.12.2021
Мьянмада ҳарбийлар ҳужумидан кейин 35 кишининг ёниб кетган жасади аниқланди
15:48 / 22.12.2021