Ўзбекистон | 19:56 / 31.08.2022
48592
6 дақиқада ўқилади

Президент 2026 йилгача қилинадиган 5 та асосий вазифани санади

Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон қандай бўлиши ҳақида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари сўзининг аввалида бутун халқни улуғ айём – Мустақиллик куни билан табриклади.

«Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб берган, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлган Мустақиллик куни биз учун, келгуси авлодларимиз учун доимо энг улуғ, энг азиз байрам бўлиб қолади», деди президент.

Давлат раҳбари бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси жадал амалга ошираётганини таъкидлади.

«Янги Ўзбекистон:

– ҳар бир фуқаронинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида давлат хизматларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар берадиган;

– одамлар ўз муаммолари ҳақида очиқ гапириши ва уларнинг ечими учун биргаликда ҳаракат қилишларига барча шароитлар мавжуд бўлган; 

– ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган;

– тадбиркорликнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилган давлатдир. 

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон деганда, ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият ҳам тушунилади», деди президент.

Президент ушбу юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида 5 та асосий вазифани белгилаб берди. 

Биринчи йўналиш – таълим

“Мен доим айтганман ва яна қайтараман, биз учун биринчи ўринда таълим, таълим ва яна таълим туради. Фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратишни изчил давом эттирамиз”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёевга кўра, мактаб битирувчилар замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган ва дунёқараши кенг шахслар бўлиши лозим.

“Бунинг учун, мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилади. Ушбу тизим аввал илғор хорижий мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказилиб, кейингина ҳаётга тадбиқ этилади”, – деди давлат раҳбари.

Иккинчи йўналиш – суд

“Суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди”, – таъкидлади Мирзиёев.

“Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади”, – деди президент.

Учинчи йўналиш – тадбиркорлик

“Хусусий мулк ва тадбиркорликка халақит бераётган барча тўсиқлар бартараф этилади. Давлат бошқаруви ислоҳ қилиниб, иқтисодиётда давлат иштироки кескин камайтирилади.

Биз аҳоли ва тадбиркорларга солиқ юкини енгиллаштириш, солиқ тизимини соддалаштириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттирамиз. Бунда ҳеч кимга алоҳида имтиёзлар берилмайди, соғлом рақобат муҳити учун барча зарур шароитлар яратилади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тўртинчи йўналиш – тиббиёт

“Тўртинчидан, соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига янада сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирамиз.

Барча ҳудудларда шошилинч тиббий ёрдам қамровини ошириб, уни одамларга янада яқинлаштирамиз.

Мақсадимиз – халқимиз соғлом ҳаёт кечириши ва ўртача умр кўриш даражасини узайтиришга эришиш”, – деди давлат раҳбари.

Бешинчи йўналиш – ичимлик суви

“Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи доимо диққатимиз марказида бўлади.

Соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми кескин кўпайтирилади. Шу билан бирга, муаммоли ҳудудларга тоза ичимлик сувини етказиш ва сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастурларни амалга оширамиз”, - деди Шавкат Мирзиёев.

«Албатта, бундай кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда олдимизда турли қийинчилик ва муаммолар пайдо бўлиши табиий ҳол. Лекин ўз тарихида қанча-қанча синов ва машаққатларни бошидан кечирган мард ва матонатли халқимиз ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга қодир. Мен бунга қатъий ишонаман.

Асосий муаллифи ва ижодкори халқимиз бўлган – янгиланаётган Конституциямиз бу йўлда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Асосий қонунимизни шошилмасдан, чуқур ўйлаб, халқимиз билан маслаҳат қилиб, фақат умумхалқ референдуми асосида қабул қиламиз.

Ишончим комил, Янги Конституциямиз чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, ислоҳотларимизни фаол қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда доимо фидоийлик кўрсатиб келаётган меҳнаткаш, олижаноб ва бағрикенг халқимизга чин дилдан таъзим қиламан.

Сиз, азиз юртдошларимни Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга бахт-у саодат, файзу барака тилайман.

Эзгу орзу-ниятларимиз амалга ошсин!

Яратганнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин!

Юртимиз тинч, халқимиз омон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!», деди давлат раҳбари.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид