Ўзбекистон | 21:01 / 01.02.2020
27492
6 дақиқада ўқилади

Бош прокуратурада катта йиғилиш: ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш масаласи кўтарилди

Қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимияти вакиллари иштирокида ўтган навбатдаги кенгайтирилган йиғилиш ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш масаласига бағишланди.

1 февраль куни Бош прокуратурада Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалиги, айниқса, суғориладиган экин ерларининг ажратилиши ва фойдаланилиши аҳволи ҳамда соҳада қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда Президент администрацияси масъул ходимлари, комиссия аъзолари, Сенат ва Қонунчилик палатаси вакиллари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, «Давергеодезкадастр» қўмитаси, соҳага алоқадор бошқа вазирлик ва идоралар раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Жойлардан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман-шаҳар ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар органлари ва солиқ идоралари бошлиқлари, соҳага алоқадор вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари қатнашишди.

Комиссия йиғилишида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда ер майдонларидан фойдаланиш тизимини ислоҳ қилишга оид 30дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун бюджетдан ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу мақсад учун 2017 йилда 463 млрд. сўм ажратилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2018 йилда 559 млрд., 2019 йилда эса 673 млрд. сўмни   ташкил этган.

Экин майдонлари самарадорлигини оширишда замонавий технологияларни қўллашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу даврда республика бўйича 170 минг гектардан ортиқ майдонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилди, натижада ҳолати ёмонлашган 303 минг гектар ернинг унумдорлиги оширилди.

Паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш, улар ўрнида юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Ўтган уч йилда ҳосилдорлиги паст бўлган 293 минг гектар ана шундай майдонларнинг 257 минг гектарида даромадбоп турли экинлар етиштирилди, 35 минг гектарида интенсив боғ ва янги токзорлар барпо этилди. Кўрилган чоралар натижасида биргина 2019 йилда 48 минг гектар яроқсиз ер майдонлари муомалага киритилди.

Қишлоқ хўжалиги экин ерларини ажратиш ва ундан фойдаланишда кузатилаётган айрим камчилик ва нуқсонлар, соҳадаги коррупция ҳолатлари, баъзи мутасаддилар содир этаётган қинғир ишлар соҳадаги ислоҳотларга соя солмоқда. Шу сабабли ер майдонларини ажратиш ва ундан фойдаланишдаги тизимли камчиликлар, тегишли идораларда мазкур соҳада коррупцияга қарши кураш бўйича амалий ишлар оқсаётгани, тизимдаги айрим раҳбарлар бу иллатдан қутула олмаётгани йиғилишда танқидий муҳокама этилди.

Маърузада, сўнгги йилларда суғориладиган ер майдонлари Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Жиззах, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида камайгани, Андижон, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ер ҳолати ёмонлашгани кўрсатиб ўтилди.

Ерга талаб кескин ортиб бораётган ҳозирги давр, захирага олинган ҳар қарич майдонни унинг ҳақиқий эгасига топширишни талаб этади.
Захирага олинган ер майдонларини ажратишнинг очиқ ва шаффоф тизими ҳанузгача йўлга қўйилмагани, бу эса турли суиистеъмолчиликларга, экин майдонларининг эгасиз қолиб, ҳатто йўқотилишига олиб келаётганлиги аниқ мисоллар билан кўрсатилди.

Масалан, Янгийўл туманида 2016 йил май ойида захирага олинган 64 балл бонитетли 1,5 гектар унумдор экин майдони ҳеч кимга ажратиб берилмаган. Оқибатда ушбу майдонни 10 нафар фуқаро эгаллаб, уй-жойлар қуриб олган. Ушбу унумдор экин майдони қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасидан асоссиз чиқарилиб, ноқонуний қурилган уй - жойларга кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Сувли боғ ва дарахтзорларга талабгорлар етарли бўлсада, Андижон, Хоразм, Наманган, Сурхондарё, Жиззах вилоятларида боғ ва дарахтзорлар захирада қолаётгани танқид остига олинди.

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов

«Комиссия йиғилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси К.Камилов, Бош вазир маслаҳатчиси А.Вахабов, Қурилиш вазири Б.Зокиров, Адлия вазири Р.Давлетовлар ер ажратишда қонунийликни таъминлашга қаратилган  вазифалар борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан «Давергеодезкадастр» қўмитаси раиси А.Абдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларининг тушунтириш ва изоҳлари эшитилди», – дейилади расмий хабарда.

Олий суд раиси Козимжон Комилов
Адлия вазири Русланбек Давлетов

Йиғилиш якуни бўйича қишлоқ хўжалиги экин ерларининг ажратилиши ва фойдаланилишида қонун бузилиши ва камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарор қабул қилинган.

Мавзуга оид