Ўтиш баллини 89,2 фоиз талабгор тўплолмади – бу йилги «перевод» мавсуми ҳақида
Охирги йилларда ОТМга ўқишга кириш имтиҳонлари билан бир қаторда хорижий, нодавлат ва давлат ОТМдан ўқишни кўчириш ҳам алоҳида мавсумга айланди.
Давлат олий таълим муассасалариаро ўқишни имтиҳонсиз кўчиришга фақат 2 ҳолатда: талаба турмуш қурганда турмуш ўртоғининг доимий яшаш жойига, талабанинг ота-онаси ёки турмуш ўртоғининг иш жойи ўзгарганда ўқишни кўчиришга рухсат берилади.
«Перевод» учун минимал балл 1 йил олдинги ўтиш баллидан анчайин паст
Лекин имтиҳон асосида исталган хорижий ва мамлакат ичидаги хусусий ОТМда ўқиётган талабалар ўқишини давлат ОТМга кўчириш мумкин. Улар бунинг учун ўтиш баллини тўпласа етарли. Ўтиш балли эса бир йил олдинги кириш имтиҳонларидаги ўтиш баллига қараганда анча пастроқ.
Масалан, 2022 йилда Тошкент тиббиёт академияси «Даволаш иши» йўналишида ўтиш балли 159,4 балл бўлган бўлса, бу йил ўқишни кўчириш учун соғлиқни сақлаш соҳаси йўналишларида белгиланган минимал ўтиш балли 129 балл этиб белгиланган.
Ёки таълим йўналишида ўтиш балли 94 балл этиб белгиланган, аксар таълим йўналишларида эса ўтиш баллари бундан анчайин баланд бўлади. Тошкент давлат педагогика университетининг «Тарих» йўналишида ўтиш балли 159,1 балл, ўзбек тили ва адабиёти йўналишида эса 125,7 балл бўлган. Таълим йўналишида ўтиш балли 94 баллдан пастроқ бўлган йўналишлар ҳам бор, лекин талабгир йўналишларда балл анчайин баланд бўлган.
Шу минимал баллга ҳам етолмаганлар
Ўтиш балли анча паст бўлгани сабаб бир йилдан кейин хусусий ёки хорижий ОТМда ўқиб туриб, ўқишини кўчириш ниятида бўладиганлар етарлича бўлади. Масалан, бу йил хорижий ва хусусий ОТМдан давлат ОТМга ўқишни кўчириш учун 54,2 минг киши ариза топширган. Уларнинг 41,1 минг нафари Билимларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилган имтиҳонда қатнашган.
Лекин тестда иштирок этганларнинг 89,2 фоизи ўқишни кўчириш учун белгиланган минимал балларни тўплай олмаган. Фақат 4,3 минг нафар талабгор ўтиш баллини тўплаб давлат ОТМда ўқиш имконига эришган. Лекин 4,3 минг сони ҳам кичкина рақам эмас. Бу – давлат шунча шахснинг олий таълимда ўқиши учун шароит қилиб бериши кераклигини англатади.
Ўқишни кўчириш имтиҳонлари ҳам худди кириш имтиҳонлари каби шаффоф имтиҳон тарзида ўтказилаётгани яхши, албатта. Лекин ҳар иккала ҳолатда ОТМга кириш ва ўқишни кўчиришдаги балларда катта фарқ бўлиши қанчалик тўғри? Баллар ўртасида сезиларли фарқ бўлиши бир йил олдин юқори балл тўплаб давлат ОТМга ўқишга кирган талабаларга нисбатан адолатсизлик бўлмайдими? Агар ҳаммаси шу тартибда давом этса, ўқишга кириб бир йилдан кейин кўчириш учун талабгор бўладиганлар сони ошиб боришига сабаб бўлмайдими?
Масалан, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги таҳлилларига кўра, айрим хусусий университетлардан мингдан ошиқ талабгор ўқишини давлат ОТМга кўчириш учун ариза берган.
Бундан ташқари, ОТМда қанча талабгор ўтиш баллини тўплаб «перевод» қилишини, қанча талабага ўқиш жойи ажратишлари кераклигини олдиндан прогноз қилиш ва уларга шароит қилиш имкони мавжудми?
ОТМга кутилмаган тарзда юк тушмаслиги ва аввалроқ талаба бўлганларга нисбатан адолатсизлик бўлмаслиги учун буларни ҳам бир ўйлаб кўриш керакдир балки.
Зилола Ғайбуллаева
Мавзуга оид
17:27 / 12.08.2024
Ўқишни кўчириш тестларида қатнашишга 44 мингга яқин талабгорга рухсат берилди
23:35 / 13.07.2024
Ўқишни кўчириш бўйича ўтиш баллари тасдиқланди
19:34 / 05.04.2024
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтига янги ректор тайинланди
15:31 / 05.04.2024