Ўзбекистон | 13:15 / 06.06.2024
2728
3 дақиқада ўқилади
Реклама

ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети халқаро рейтингда 547-поғонани эгаллади

ТИҚХММИ миллий тадқиқот университети Ўзбекистон олийгоҳлари орасида илк бор QS World University Rankings дунё рейтингида ТОП 1000 талик университетлар қаторида эътироф этилди.

ТИҚХММИ миллий тадқиқот университети – яқин истиқболда дунё рейтингларига киришга даъвогар сифатида ўзини глобал аренада "Ихтисослашган олий таълим, фан ва инновациялар маркази" сифатида кўраётган таълим муассасаларидан бири саналади.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига биноан республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида ТОП 1 000 таликда ва 2та ОТМ биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига кириш белгиланган эди. Жорий йилда ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети халқаро рейтингда 547-поғонани эгаллади.

5 июн куни шу муносабат билан университетда ўтказилган тадбирда университет жамоаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари ва бошқа меҳмонлар иштирок этишди. Университет ректори Баҳодир Мирзаев таълим муассасаси фаолиятида ўқув ва илмий салоҳиятини янада ривожлантириш ҳақида сўз юритди.

“Халқаро миқёсда нуфузини ошириш ва мамлакатнинг барқарор ривожланиши бўйича мавжуд муаммоларга илмий ечимларини топиш ва тадқиқотлар ўтказиш орқали таълим, тадқиқот ҳамда салоҳиятни ривожлантириш мақсадларига алоҳида аҳамият қаратишда жамоанинг ҳамжиҳатлик ва юқори салоҳият билан дадил қадамлари ўз натижаси ва самарасини беряпти. Жумладан, QS World University Rankings Шарқий Европа Марказий Осиё минтақаси бўйича 2019 йилда 350 ўринда, 2020-йилда 300, 2021-йилда 211 ўринларда бўлганмиз.

Шунингдек, 2022 йилда Осиё ва Тинч океан минтақасида 337 ўринда, 2023 йилда эса 88 поғона юқорилаб, 249 ўринни, Марказий Осиё университетлари орасида 9 ўринда, Миллий тадқиқот университети, Ўзбекистон университетлари орасида 1 ўринда эътироф этилганди.

QS Subjects дунё рейтингида ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети фан соҳалари (Муҳандислик ва технологиялар; Табиий фанлар; Экология ва атроф - муҳит муҳофазаси) бўйича ТОП 500 талик университетлар қаторидан жой олиб, Лондонда ҚС халқаро рейтинг агентлиги томонидан 2024 йилда барқарор ривожланиш соҳасида дунёдаги энг яхши университетлар рейтинги “QS World University Rankings: Sustainability 2024”нинг янги рўйхати эълон қилинди. “ТИҚХММИ” миллий тадқиқот университети (701-710) илк бор энг кучли университетлар қаторида қайд этилди”, деди олийгоҳ ректори.

Тадбирда эълон қилинишича, Ўзбекистон олийгоҳлари орасида илк бор QS World University Rankings дунё рейтингида университет ТОП 1000 талик университетлар қаторида 547 - ўринда эътироф этилган.

Ректор жумладан, шунга мос равишда Университетнинг яқин ва узоқ муддатларга мўлжалланган стратегик ривожланиш дастури бўйича эришиладиган режа ва вазифаларни ҳам қайд этиб ўтди.

 Университет матбуот хизмати

Мавзуга оид