Автобуслар учун ажратилган йўлакда тўхтаб туриш 600 минг сўм жаримага сабаб бўлади
Тошкент шаҳри кўчаларидаги автобуслар учун махсус йўлакларда ҳаракатланган ва тўхтаб турган бошқа транспорт воситалари видеокамераларга олиниб, жаримага тортилади.
Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли сингари марказий кўчалар бўйлаб автобусларга мўлжалланган махсус йўлакчалар ташкил этилмоқда. Эндиликда бу йўлакларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш ва қоидабузарликларни аниқлаш мақсадида светофорларга видеокамералар ўрнатиш бошланди. Бу ҳақда ЙҲХХ ходими Ойбек Раҳмонов Kun.uz мухбирига маълум қилди.
Раҳмоновнинг таъкидлашича, автобус йўлакчаларига узлуксиз чизиғи (1,1 босиш мумкин бўлмаган чизиқ) тортилган бўлиб, бу камералар айнан шу чизиқлар бўйича ишлайди.
“Агарда камералар ишга тушса, қоидабузарликни автоматик аниқлайди. Ходимлар томонидан бу ҳолат тасдиқланади. Яъни қоидабузарлик аломати аниқланса, белгиланган тартибда жаримага солиш тўғрисидаги қарор чиқарилади. Бу маъмурият ходими томонидан амалга оширилади”, – деди масъул.
Қайд этилишича, узлуксиз чизиғини босиб ўтиб, сабабсиз равишда автобуслар учун ажратилган махсус йўлакда ҳаракатланган автомобиллар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси билан БҲМнинг иккидан бир қисми, яъни 150 минг сўм миқдорида жаримага тортилади.
Агарда автомобил ўша йўлакда тўхтаса, тўхтаганда ҳам бу ҳолат йўловчини тушириш ёки чиқариш билан боғлиқ бўлмаса, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1286-моддаси билан БҲМ миқдорининг 2 баравари – 600 минг сўм миқдорида жарима жазоси берилади.
Шу ерда ўринли бир савол туғилиши мумкин. Бу йўлакларда ҳаракатланишнинг истисно ҳолатлари ҳам бўлиб, автомобил ён кўчага бурилиши ёки йўловчини тушириши, чиқариши зарур бўлганда, махсус йўлакларда ҳаракатланиш ва тўхтаб туриш мумкин. Аммо ўрнатилаётган камералар автоматик равишда қоидабузарликни қайд этса, маъмурият ходими базага тушган маълумотлар асосида жаримани тасдиқлаб расмийлаштирса, бу қанчалик тўғри бўлади? Истисно ҳолатларда ҳам ҳайдовчилар жаримага тортилиб кетаверадими?
Бу саволимизга жавобан Раҳмонов янги камераларни ўрнатиш ишлари энди бошланганини, унинг қандай ишлаши кейинроқ маълум қилинишини айтди.
Шунингдек, Ойбек Раҳмонов жаримадан ундириладиган суммалар қаерга тушиши ва нима мақсадларга сарфланиши ҳақидаги саволимизга аниқ маълумотлар йўқлигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, айни вақтда фақат техник ишлар, яъни камераларни ўрнатиш жараёнлари кетмоқда. Унинг қачон ишга туширилиши, жарималар қачондан ёзила бошланиши эса маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 475 кмга яқин 34 та алоҳида автобус йўлакчалари ташкил этилиши хабар қилинганди.
Мавзуга оид
20:43 / 14.11.2024
Еврокомиссия Meta’ни қарийб 800 млн евро жаримага тортди
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
07:50 / 31.10.2024
Йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланган юк машинаси ҳайдовчилари жаримага тортилади
11:00 / 04.10.2024