Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғоналик тадбиркорга беданачилик ривожи учун икки гектар ер керак
Фарғоналик тадбиркор Алишер Ҳакимов ўз тажрибасига таяниб, беданачиликни йўлга қўйди. Ҳозирги кунда унинг мўъжазгина хонадонида салкам икки минг бош бедана парваришланмоқда.
Бедана боқиш ва кўпайтириш ҳам даромадли соҳа эканини биласизми? Анча маҳсулдор бўлган бедананинг модасидан бир йилда 300-310тагача тухум олиш мумкин. Очиб чиққан полапонларнинг қарийб 98 фоизи яшаб кетади. Жуда тез ривожланади ва касалликларга бардошли. Гўшти ва тухумининг шифобахш хусусиятлари сабаб уларга талаб доим юқори. Товуқдан фарқли ўлароқ, бедана одатда кечқурун, сокин пайтда тухум қўяди. Тухум қўйишдан тўхтаган қари модаси вақтида сўйилмаса, ёш нарлар чўқиб ўлдириши мумкин.

Бу қушларни парваришлаш учун алоҳида билимга эга бўлиш керак. Масалан, хоналар доимо бир хил ҳароратда, яъни 22-28 даража иссиқ бўлиши лозим. Соҳанинг ўзига хос жиҳатларини андижонлик ҳамкорларидан ўрганиб қайтган Алишер ака бу тажрибалар фаолиятида қўл келаяпти. Айни пайтда беданаларни янада кўпайтириш учун инкубация ташкил қилди. Мақсад эса аҳолига шифобахш бедана тухуми ва гўштини етказиб беришдир.
Ҳозирги кунда тадбиркорлар эстон ва техас беданасини кўпайтириш, бедана тухуми ва гўштини дўконларга, шунингдек, парҳез таомлар тайёрланадиган ошхоналарга етказиб беришни режалаштирмоқда. Бироқ, фаолиятини кенгайтириш учун унга 2 гектар ер керак. Бу борада у бир неча маротаба ҳокимлик вакилларига мурожат қилган.

Ишбилармон фойда ҳақида гапирар экан, камтарлик қилгиси келмади. Алишер Ҳакимовнинг сўзларига кўра, паррандани боқишга кетган харажат бир неча ҳисса даромад билан ўзини оқлайди. Айни пайтда 2400та беданадан 180га яқини тухумга кирган, улар ҳар куни ўртача 100 дона тухум беради.

Бугун беданачиликнинг сердаромад соҳа бўлишини таъминлаётган жиҳат ички бозорда бедана парҳез гўшти ҳамда тухумининг харидоргир. Бундан Алишер ака ҳам яхшигина хабардор. У 3 йилдирки, хонадонида бедана боқиш ва кўпайтириш билан доимий шуғулланиб келмоқда. Излаган имкон топар, дейди халқимиз. Ҳафсала қилган киши ҳар қандай юмушнинг уддасидан чиқиши аниқ. Буни беданачиликни йўлга қўйиб, шу соҳа ортидан ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётган, қўшимча даромад манбаларига эга бўлган ҳамда бозорларимизнинг тўкин-сочинлигига ҳисса қўшаётган юртдошимиз мисолида яна бир бор кўрдик.
Аҳрор Зиё, Фарғона
Мавзуга оид
12:24 / 20.01.2026
Фарғонада Captiva дара йўлида ағдарилиб кетди. Ҳайдовчи ҳалок бўлди
17:23 / 17.01.2026
Фарғонада 3-, Самарқандда эса 4-синф ўқувчиси B2 сертификатини қўлга киритди
16:25 / 17.01.2026
Марғилонда тергов бошлиғи 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У айбсиз одамни қаматиб бериш учун 18 минг доллар сўраган
19:50 / 12.01.2026