Тошкентнинг Эшонгузар бозорида пойабзал сотадиган савдогар туҳмат ортидан Фарғонада 40 кун қамоқда сақланди: унинг бўйнига 100 минг доллар илишмоқчи бўлишди. Савдогарга нисбатан қўзғатилган “дело”ни судга чиқариб беришни ваъда қилган Марғилон шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи Акбар Муртазақулов бу “хизмати” учун 18 минг доллар сўраган. Аммо сўнгги лаҳзада бу ишда барчаси тескари, яъни жабрланувчи аслида жиноятчи, жиноятчига чиқарилган шахс эса жабрланувчи экани ошкор бўлган.

Марғилон шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Акбар Муртазақулов жиноий жазога тортилди. У айбсиз шахсга очилган жиноят ишини айблов хулосаси билан судга чиқариб беришни ваъда қилиб, бунинг учун 18 минг АҚШ доллари талаб қилган. “Бир пачка прокурорники, 5 судники, вилоят 3 сўраяпти”, деган у.

100 минг долларлик мазкур “ўйин” иккита жиноят ишидан иборат: бири режани тузган Шоҳнур Халиловга нисбатан, иккинчиси ушбу режани амалга ошириш учун 18 минг доллар сўраган Акбар Муртазақуловга нисбатан қўзғатилган. Шу сабабли, Марғилон шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғининг жиноятини тушуниш учун Шоҳнур Халиловнинг жиноятига ҳам тўхталиб ўтиш лозим.

Сохта далил

2024 йил 11 май. Фуқаро Шоҳнур Халилов Марғилон шаҳар ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилиб, Тошкент шаҳрида яшовчи, пойабзал савдоси билан шуғулланувчи Зайни Эшонқулов 100 минг доллар пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганини айтган.

У гапига далил сифатида ўзи ва Зайни Эшонқулов ўртасидаги суҳбат акс этган видеотасвирни тақдим этган. Унда Шоҳнур Халилов Зайни Эшонқуловдан 100 минг доллар қарзини қачон беришини сўрагани, бунга жавобан Зайни Эшонқулов 50 минг долларини эртага, қолганини 5 кундан кейин бериб юборишини айтгани акс этганди.

Аслида бу ўзини жабрланувчи қилиб кўрсатган Шоҳнур Халиловнинг 100 минг долларлик жиноий режаси эди.

Гап шундаки, Марғилондаги пойабзал ишлаб чиқарувчи корхона дилери бўлган Шоҳнур Халилов пойтахтдаги Эшонгузар бозорида оёқ кийим сотадиган Зайни Эшонқуловга 50 млн сўмлик шиппак берган. Аммо Эшонқулов ёз мавсуми давомида ушбу товарнинг барчасини сота олмаган ҳамда Халиловдан 17 млн сўм қарз бўлиб қолган. Барчаси шундан бошланган.

Бизнес шериклар ўртасида 17 млн сўм “олди-берди” бўлган ўша кунларда Шоҳнур Халилов Зайни Эшонқуловга сим қоқиб, уни Марғилонга чақирган. “Иккита корхона дилерлигини олдим. Келсангиз ушбу корхоналардан товар олиб бераман”, деган у ва Telegram орқали локация ташлаб берган.